1988

Гулчеҳра Нур

ЧАЛАЖОН ЁТАРКАН ҲУРЛИГИМ,
БЎҒЗИМНИ БЎҒАРКАН ХЎРЛИГИМ,
УЙҒОНИБ, УЙҒОТДИ «БИРЛИГ»ИМ,
ДЎСТЛАРИМ, ҲАЙҚИРГИМ КЕЛМОҚДА…

АРМОН

Топилса-ю армонларнинг ногоҳ имкони,
Кошки юртим бўла қолса тоғлар макони.
Бургутлари боши узра айласа парвоз,
Йигитлари бургутмисол бўлишса шоввоз.
Қизларининг ақли расо, ғурури расо,
Чоллари ҳам эллик ёшдан тутмаса асо.
Биз яшасак, нуқул ерга букавермай қад,
Қуриб баланд тоғлар ила ўктам мулоқат.

Топилса-ю армонимга ногоҳ имконлар,
Кошки юртим ўрай қолса мовий уммонлар.
Тўлқинлари хас-чўпларни ташласа суриб,
Оромижон ҳаволарни турса уфуриб.
Дарёлари қуримаса ярим йўлида,
Қирғоқлари сўйлаб турса она тилида.
Биз яшасак, нуқул ерга букавермай қад,
Қуриб мовий уммон ила маъсуд мулоқат.

Топилса-ю армонимга ногоҳ имконлар,
Кошки юртим бўлса эди адр-ўрмонлар.
Майли, майли, подачининг бўлсам келини,
Момолардан ўргансайдим шеърим тилини.
Сигир соғсам, кувлар пишсам, ивитсам қатиқ,
Қуртлар қилиб, болаларга айласам тортиқ…
Улар – менинг оғриқларим, қийналган жоним,
Пахтасидан эгик-букри, рангпар, нимжоним…
… Биз яшасак, нуқул ерга букавермай қад,
Қуриб яшил ўрмон ила ширин мулоқат…

Кошки эди…
21. 12. 1988.

ХАЛҚИМГА

Мен учун азоб бу, мен учун тамуқ,
Халқим, онажоним, кўзларинг юмуқ,
Менинг сендан бўлак кўз тикарим йўқ,
Кўзларинг очмасанг, юмилгай кўзим.

Пешлар улуғлигин не харлар бизга,
Тутқазиб офатлар, хатарлар бизга,
Назокат сақлашни айтарлар бизга,
Кўзларинг очмасанг, юмилгай кўзим.

Айтгил, уйингмикин осойиш қучоқ?
Ҳар куни уч бора ёнарми ўчоқ?
… «Манқурт эмасманми?» – деган бир сўроқ
Кўзларинг очмаса, юмилгай кўзим.

Бардошим қолмади, кўравериб ёш,
Нуқул кўравериб қобил, сербардош,
Наҳот бошинг эмас, чидамларинг тош?!
Кўзларинг очмасанг, юмилгай кўзим.

«Тобора баттарин…» – дердилар онам,
Эртак эмас чоғи юҳо, жаҳаннам…
Майли, мени қурбон қилиб бўлса ҳам,
Кўзларинг очмасанг, юмилгай кўзим…
26.12.1988 – 12.03.1995.

ТОК ДЕЙДИКИ…

Ниҳол эдим, ўсгил, деб,
Қўл-бўйнимдан чўздилар.
Ўсган эдим, бас қил, деб,
Хомток қилиб уздилар…
26. 09. 1988.

БОҒИМ

Боғимга келмайин ҳали баҳорлар,
Дейишди: «Гуллари очилди пушти…»
Дейишди: «Қуёши тунда ҳам порлар…»
Ёлғонлар бўғзимдан бўғишга тушди, –
Менга сўз беринг.

Боғим деворлари боряпти нураб,
Ўтган ҳам, кетган ҳам босмоқда оёқ.
Қор ёғса, қорларин қўймаслар кураб,
Куз келса, хазондан ҳазин ҳаммаёқ, –
Менга сўз беринг.

Шарбатлари эди оромбахш, ширин,
Шохин синдирдилар, хосилин териб.
Унинг афсонавий малоҳатларин
Тунаб-топтамоқда жилмайган фириб, –
Менга сўз беринг.

Боғим булбули ҳам тониб аслидан,
Тўти азмойишин айлайди мақом.
У жўшиб куйлаган гуллар васлидан
Ҳайрон кўзларимга сачраётир қон, –
Менга сўз беринг.

Оромда эмас, йўқ, аламда бу боғ,
Дилрабо эмас, йўқ, манглайи ғижим.
Ахир битта эди оламда бу боғ,
Бўлак меҳробим йўқ. Туролмасман жим, –
Менга сўз беринг.
08. 03. 1988.

ХИЁНАТ КЎРГАНДА…

Кўзгу, мудом дугона кўзгу,
Тўйдим, сенга боқишдан тўйдим.
Сен – бетуғён, лоқайд, бетуйғу,
Дўстлигингга ишонмай қўйдим.

Ишонмасман, асрий қуёш ҳам
Эмас қувноқ, ошуфта бағир.
У – дунёнинг кўксидаги ғам,
У – ғамларнинг гулхани ахир.

Ишонмасман, булут ҳам энди
Баракамас, ерга эмас қут.
У – осмонга ўгай, келгинди,
У – кўксимдан кўтарилган дуд.

Хўш, ўзим-чи?.. Куярдим ҳаргиз
Ҳар кўрганим дилхунга олдин…
Ишонч боғим кўринар баргсиз…
… Мен ҳам энди… мен бўлмай қолдим…
14. 01. 1988.

х х х
х

Бу кунимга ҳайратлар урф,
Турфа-турфа ниқоблар кўриб…

Бу кунимнинг умиди ушоқ,
«Лазги» йиғлар, йиғлайди «Ушшоқ»…

Бу кунимда изтироб-кадар,
Зиё сарсон, зиё дарбадар…

Бу кунимнинг йўллари тийғоқ,
Бу кунимнинг кўзлари йиғлоқ…
30. 03. 1988.

х х х
х

Ватан уқубатдан ўксиркан бот-бот,
Қулоғимдан кетмас суҳбатдош доди:
«Биз – ношуд… Биз – пачоқ… Биз – худбин авлод…
Тугаб бўлган ахир жўмардлар зоти».

Зимдан солмоқдаман эътибор-разм
Меҳрим-муҳаббатим қўш зурёдига.
Майли, жанозамда қурсинлар базм,
Она бўлолмасам жўмард зотига…
29. 09. 1988.

ЧИНГИЗ АЙТМАТОВГА МАКТУБ

Салом сизга, руҳий инқилоб,
Салом сизга, буюк аллома!
Муҳибалар гарчи беҳисоб,
Журъат этдим битмоққа нома.

Ўтинаман: фахрдан денг сиз,
Кўзларимдан томар бўлса ёш.
Қувонч эрур, бахт эрур тенгсиз
Буюкларга бўлмоқ замондош.

«Кунда» бўйлаб чаппар тўкилди
Дилни эзган минг оғриқларим.
Тегрангиздан тутатгим келди
Мўйинқумнинг исириқларин.

Ҳар юракка солиб мен изни,
Сўрай, дедим қаридан, ёшдан:
«Сиз «Кунда»ни ўқидингизми,
Андак тиниб киндан, талошдан?»

Олатовнинг чиқиб бошига,
Тўрт тарафга солгим келди жар:
«Огоҳ бўлинг ҳасад тошига,
Чингизимиз асранг, одамлар!

Ҳақиқатнинг азми мукаммал
Бўлмоғи-чун, эй замондошим,
Билармисиз, ошуфта аввал
Қўйсин экан кундага бошин».

Кўнглим шундай бир мурод тилар:
«Омон бўлсин қақнуслар жони.
Жасурликка бошлагай улар
Қўрқоқларга қолган дунёни».

Юрагимдан келади бир сас:
«Бундай фотиҳ бўлмовди сира.
Ўртанмасанг бўлар энди, бас,
Алпомишни кўрган Гулчеҳра».
19. 01. 1988.

х х х
х

Қадим Самарқандга айлайман сафар,
Аждодлар ёдини соғиниб қолсам.
Бинолар… Пештоқлар… Битиклари зар…
Кошкийди бирма-бир ўқиб чиқолсам.

Истаб бағри бутлик, излаб ҳақиқат,
Афсус ила боқиб бесар заминга,

Аждодларим битмиш не мазмунда хат?
Зарур не васият қолдирмиш менга?

Боболар сўзига бўлсам-да толиб,
Ҳайҳот, тишим ўтмас шоҳ битикларга.
… Самолётга қуруқ вужудни солиб,
Сўнг учиб кетарман бўм-бўш кўкларга…
04. 03. 1988.
х х х
х

37-йилларда отилганларга

– Сиз қаёққа?
– «От», «қув»лар
Тегиб кетди бу жонга.
Кета қолай оққувлар
Парвоз этар томонга.

– Сиз қаёққа?
– Дардлини
Ташлашаркан чоҳларга.
Кетар бўлдим мардликнинг
Қадри бўлган ёқларга…

– Сиз қаёққа?
– Холислар
Излаб кетдим, мунглигим.
Яқин эмас, олислар
Билар экан кимлигинг.

– Бунча олис орамиз?
Айтинг, айтинг, қаёққа?
– Бизлар кетиб борамиз
Қалбингизга қайтмоққа…
1988
х х х
х

Қуёш кўк тоқидан оёқ узаркан,
Тинмаганин кўрдим заҳмат палланинг.

Қизи бўлгим келмас кўзи қизарган,
Лекин саси чиқмас мушфиқ даланинг.

Кутиб, кутавериб, оқ тонгни кутиб,
Тўлиб борар экан руҳим латларга,
УЛУҒ БЕДОРЛИКнинг қўлидан тутиб,
Қиз тутингим келар жасоратларга…
10. 03. 1988.

НОМУВОФИҚЛИК

Қошингизда бўлдим бир муҳлат:
Мулозимат, эҳтиром қуюқ…
Бўлолмадим лекин ҳамсуҳбат,
Кўзингизда Орол ёши йўқ.

Ногоҳ келган омаддан мастсиз.
Қайта қуриш – ҳар сўзда урф.
Билдим лекин: йиғлай олмассиз
Пахта терган гўдакни кўриб.

Сўзлашсак-да бир тилда, зотан,
Бошқа-бошқа эканмиз буткул.
Кўксингизда тутмагай мотам
Ўзбекистон йўқотган булбул.

Ҳатто тун ҳам бера олгай нур,
Эшик очсам, уни чорласам.
Тутинг маъзур, тутингиз маъзур,
Сизни бўлак йўқлаб бормасам…
08. 04. 1988.

МАҲБУБАНИНГ ШЕЬРИ

Мажнунтол паноҳин уй деб билайлик,
Навдалар эшилган сочдай чиройлик.
Кел.

Дил розин эшитса агарда улар,
Бегона кўзларга дарпарда улар…
Кел.

Онам, йигитларда вафо йўқ, дерлар,
Анқо уруғини куйлармиш шеърлар…
Кел.

Отам мени излаб чиққандир йўлга,
Айланиб боряпман шабнамли гулга…
Кел.

Кошки пешонангдан ўпсалар отам,
Елкангга зарбоф тўн ёпсалар отам…
Кел.

Юрак-юрагимдан бўлиб хурсанд мен,
Ёнингда бошимни эгиб турсам мен…
Кел.

Оҳ, отам кўринди… Авзойи бузуқ…
Менинг сендан бўлак ғамгузорим йўқ…
Кел.
Кел!
14. 10. 1988.

ШЕЪР ЎҚИГАНДАН КЕЙИН…

Исъён қилса индамас само,
Безбет булут йўқолса бирдан,
Бўлмай қолса шафақ камнамо,
Кийинишса оқшомлар нурдан,
«Мен оғудан ҳоли…» – деса ер,
Тозалигин топиб олса сув,
Тўлиб оқса Аму билан Сир,
Орол узра кезмаса қайғу,
Оналари бахт нонин еган
Гўдак иси тўлса ҳаётга,
«Яшаш оғир ўлимдан», – деган
Искандарлар тушмаса ёдга,
Эгатларнинг аритиб шўрин,
Бўлса СЎЗЛАР юракларга зеб,
Сўрамоққа қолмаса ўрин
«Нима учун шеър ёзасиз?» – деб…
06. 03. 1988.

ТАШРИФ

Ёзнинг лоҳас кунларидан сўнг
Менга яна лутф айлади СЎЗ.
Кўриб ўйчан кўзларимда мунг,
Келган эди, тугаб танаффус.

Таъна қилди: «Ҳамон бенажот,
Ҳамон оғу ютарми дала?!»
Таъна қилди: «Кўролмай имдод,
Тўшагида ётарми бола?!»

Таъна қилди: «Турарми тилинг
Идоралар ташқарисида?!
Мен наҳотки кўрсам қўй йилин
Юртдошларинг ёш-қарисида?!»

Мулзам бўлдим… Тупроғим гарчанд
Серандиша шарқонасига,
Элтай энди меҳнат дафтарчам
Ҳайқириқлар корхонасига.

Қўлга олмай зўравон хатни,
Йўл бермайин сур ройишларга,
Ишташлашга чорлай ғафлатни,
Чорлай СЎЗни намойишларга.

Чопай, ўпиб таскин исини,
Қорбўроннинг илҳомларида.
Совуққотсам, олай исиниб
Бедорликнинг гулханларида…
18. 09. 1988.

ХОРАЗМ ЁЗИ

Бунда иқлим афсунгар нечоғ,
Булутсиз кўк – мовиймас, лойранг.
Кўнглингизни қилар хира, доғ
Япроқларга дув ёпишган чанг.

Мажол етмас кўтармоққа бош,
Олов ёғар биллониҳоя.

Гарчи қуёш – сиз учун юртдош,
Гандираклаб, излайсиз соя…

Руҳиянгиз чироғи сиёҳ,
Бир чимдим завқ – топилмас дори.
… Урилади димоққа ногоҳ
Бирам ширин қовун ифори…
21. 09. 1988.
х х х
х

Ойнам очиқ Чирчиқ томонга,
Димоғимда оғир, бўғиқ ҳид.
Илтифотлар тутмоқчи менга
Тозалигин бой берган муҳит.

Беҳи акси солланиб сузгай,
Ариқ юзи – гул тушган сурп…
… Юраккинам ачишди туздай,
Шира ёққан олмани кўриб…

Қўшним тунка қоқади тақ-тақ…
Ҳаёт саси сиғмас кўламга…
… Ҳув, пастликда турар муаллақ
Тутзор узра сариқ кўланка…

Нури – бигиз, нури – шокила,
Меҳр-у ғазаб кўк яллиғида…
… Мен турибман илтифот ила
Бешафқатлик ўрталиғида…
27. 09. 1988.
х х х
х

Умидим узилган бир чоғда
Чақмоқлар чақилди қароқда.
Бор экан уйғоқлик саслари,
Мен, дўстлар, ҳайқиргим келмоқда.

Ўксикдан қийналган жон эдим,
Ўз дарди ўзига тан эдим,
Танидим, табибим танидим,
Дўстларим, ҳайқиргим келмоқда.

Куйганди, тилларим куйганди,
Не таъқиқ, не таъқиб туйганди,
Уйғонди, ғурурлар уйғонди,
Дўстларим, ҳайқиргим келмоқда.

Чалажон ётаркан ҳурлигим,
Бўғзимни бўғаркан ҳўрлигим,
Уйғониб, уйғотди «Бирлиг»им,
Дўстларим, ҳайқиргим келмоқда…
23. 12. 1988.

Det här inlägget postades i "Йиғларман" - 1988. Bokmärk permalänken.