1989

ГУЛЧЕҲРА НУР

БОШИНГИЗГА ЧИҚИБ ОЛГАНДАЙ,
ЎЛТИРГАНДАЙ АБАДУЛ ТАХТДА,
ОСТОНАНГИЗ ҚАДАР ҲАММАЁҚ
ПАХТА, ПАХТА, МУСТАБИД ПАХТА…

ФАЛАК

Сизни сарбонликка ўч этмиш фалак,
Мени ҳайронликка дуч этмиш фалак.
Сиз – сафо бандаси.
Фароғатларни
Маъюс кўзларимга пуч этмиш фалак.
Фармонлар сизники. Минбар сизники.
Менга уқубатни тож этмиш фалак.
Пахта қули менман. Мансаб қули – сиз.
Кўнгил зуволангиз берч этмиш фалак.
Тилимни топтайсиз… Қалбим ўртаниб,
Фарёд айламакни бурч этмиш фалак.
Сиз арши аълода ожиз-нотавон,
Менга руҳдошларни зич этмиш фалак.
Риёлардан тўйган халқим руҳини,
Кўринг, инқилобий куч этмиш фалак!
24. 01. 1989.

СУФ

Толпинарман учмоқ истаб, беқанот ҳар онга суф!
Уй фақат тингловчи бўлса, нолайи афғонга суф!
Не ўзи поклик, ҳаромлик? Қайдадир сарҳадлари?
Рост либосин танга илган серфириб ёлғонга суф!
Ер касал. Денгиз адо. Дарёлари нимжонлашар,
Малҳами бўлмоққа ожиз ҳар йўриқ, фармонга суф!
Бошидан ёғса заҳарлар, тўлса оғу ошига,
Шунда ҳам мум тишласа, ул нотавон-нолонга суф!
Халқини очликда кўрса, қандайин ухлар, ажаб?!
Ўзни доно деб ҳисоблар раҳбари нодонга суф!
Онажон ҳам ўз тилимдир, бағри қон ҳам ўз тилим,
Ўз тилига соқчи эрмас шоири давронга суф!
Эл учун бирлик – нажот, бирлик – таянч, Гулчеҳра, бил,
Бирлигингдан юз ўгирсанг, сендайин инсонга суф!
24. 01. 1989.
х х х
х

«Орол ўлаётир!» – биз чекдик нидо,
Нидо чекишлардан сира толмадик.

Аччиқ оҳимиздан уйғонди дунё,
Фақат раҳбарларни уйғотолмадик.

Босиб келаётир чексиз ерларни,
Орол атрофида яйрайди ўлим.
У томон йўлатмай мухожирларни,
Беркитмоқ бўламиз муаммо йўлин.

Бизни босган ғафлат саройи баланд.
Намойиш қиламиз ҳамон кўрликни.
Қуруқ қарорларга имзо чекиш билан
Тўлдирмоқ бўламиз Орол шўрликни.

Кўзни очмоқ душвор, танқид қилиш жўн,
Гарчи гиналарни кўрмасам-да эп,
Ўйлайман, бугунги шеърхонликдан сўнг
Яна битта қарор туғилмасми, деб…

Қайтармоқ истасак босган изига
Орол бошидаги бор балоларни,
Кўрсатиб қўяйлик дунё кўзига
Қуруқ қарорларга мубталоларни…
1989.
х х х
х

Ким айтарки, “Қўй халқим
Ишлашларга туғилган.
Пахта экиб, далада
Қишлашларга туғилган…”
Йўқ-йўқ, туғиб дуркунлар,
Одил Ёқуб, Эркинлар,
Қадоқ бўлган кўнглини
Хушлашларга туғилган.
Бир-бирига эл бўлиб,
Дадахондан сел бўлиб,
Афғон тинглаб, кўзини
Ёшлашларга туғилган.
Қиз исмига «хон» қўшиб,
Ўғил кўрса, «жон» қўшиб,
Анъанаси, урфини
Ушлашларга туғилган.

Кимки чиқса бошига,
Оғу солса ошига,
Абдураҳим Пўлатдек
Муштлашларга туғилган…
1989.
НИДО

Майли, дардкашларин унутса Ватан,
Майли, шоирлигим олмасалар тан,
Ҳайратли, ҳасратли бу олам, зотан,
Юрт тили бўлса бас онам берган тил.

Майли, ғийбатчилар фоли кўпайсин,
Хасис-нокасларнинг моли кўпайсин,
Қатлим истарга ҳам толе кўпайсин,
Юрт тили бўлса бас онам берган тил.

Ағёрим унвони қўш бўла қолсин,
Дўстларим ағёрга эш бўла қолсин,
Майли, дастурхоним бўш бўла қолсин,
Юрт тили бўлса бас онам берган тил.

Шоир сукунати хато бўларкан,
Тилин ким йўқотса, гадо бўларкан.
На фақат гадо у, адо бўларкан.
Юрт тили бўлса бас онам берган тил.

Майли, мени қопса бирон-бир кўппак,
Майли, ағёрларим чалишса чапак,
Юрак хитоб қилар, қонталаш юрак:
«Юртим тили бўлсин онам берган тил!»
1989.
х х х
х

Юртим,
сенинг каллакланган тутларинг сероб
далалар бўйида,
йўллар бўйида,
дала ховлиларда,
шаҳар ховлида…

Юрагим қон йиғлар, уларни кўриб…
Бедор туғён каби янги навдалар
атрофга энтикиб чўзса бўйнини,
каллаклаб туришар ҳар йил баҳорда.
Мен улар тагида ўлтирган кўйи
азасин тутаман акажонимнинг –
шу тупроқни куйлаб,
унга сиғмаган,
шу тупроқни севиб,
«хоин» аталган
акажонимнинг…
Ҳақиқатга ишонарди у,
лекин унга ишонмадилар.
Одамларни бошига кўтарарди у,
лекин уни ерга урдилар.
Топтадилар
севгиси,
ишончи,
ғурурини.
Топтадилар
ёшлиги,
эс-хуши,
катта бир халқ вакили эканини.
Эътиқод эгаси эътиқодсиз бўлиб,
севги ёшида севгисиз бўлиб,
нафрат бўлиб қайтди уйига.
«Ишонмайман» деган сўзни кўп такрорларди акам.
Мактабни тугатган синглисига берилган олтин медалга қувонмади.
Синглисининг қувончларига қувонмади.
Умрининг ярмини яшаб-яшамай, оламдан ўтди.
Чидолмади – отам кетди ортидан.
Чидолмади – онам кетди ортидан.
Улар ҳам «ишонмайман» сўзини такрорлаб кетишди.
Мен эса…
Ишонмасдан яшай олмасман.
Каллакланган тутлар тагида
акам,
отам,
онам
азаларини тутаётиб, ишонгим келади.
«Аяжон, биз бор-ку…» – деб турган ўғлимга,
қизимга ишонаман.
«Ҳаётнинг таянч нуқтаси – поклик», –
деб турган уларнинг адажонисига ишонаман.

Сиз ҳам мени ишонтиринг, ОДАМЛАР!
Токи мен ёйиб солган сочларимни турмаклаб қўяй.
Токи одми аза кўйлагимни лола гуллисига алмаштирай.
ИШОНТИРИНГ, ОДАМЛАР!
1989.

ГИРЯ

Шу урушсиз кунларда ҳарбийдан
фарзандининг ўлиги келган оналар
фарёди

Қашшоқман, демасдим, сен ганжим эдинг,
Қуруқ нон чайнасам, юпанчим эдинг,
Орқамда қолгувчи лапарчим эдинг,
Кетсам бўлмасмиди мен сендан олдин,
Орқамда қолгил, деб, орқангда қолдим.

Зор бўлиб, зорингда йиғловдим, болам,
Топгач, кенг оламга сиғмовдим, болам,
Мен сени ўлимга туғмовдим, болам,
Оҳ, энди заққумлар ичиб турибман,
Михланган тобутинг қучиб турибман.

Билдим разолатнинг зимданлигини,
Кўрдим диёнатнинг гумдонлигини,
Англадим фириблар кимданлигини,
Ишонганинг жаллод чиқса, нетайин?
Энди бошим олиб, қайга кетайин?!

Дўст, дединг… Дўст сени бегона билди,
Боринг еб, ўзингни девона билди,
Фарғона оҳини Фарғона билди,
Қўқоннинг қонлари каммиди, болам?!
Умринг бир ёнишлик шаммиди, болам?!

Кўзларинг очмоққа бўлсайдим қодир,
Дердим: «Ёлғонларга ўт қўйгил, ёндир!
Сенинг асл юртинг туркий Турондир!»
Ёт эллар ўғлони бўлган болам-а,
Тобути олисдан келган болам-а!

Нетарди, шу тобут меники бўлса,
Кафандаги вужуд меники бўлса,

Белин қийиқ билан боғлаб, олдинда
«Онам»лаган йигит меники бўлса…
… Мен энди жонимсиз қандоқ яшарман?!
Жону жаҳонимсиз қандоқ яшарман?!
23. 10. 1989.

ПАХТАКОР АЁЛ

Биттаси мунг, биттаси умид,
Кўксингизда икки хил қутб…
Сиз яшайсиз ўртаниб-ёниб,
Сиз яшайсиз муъжиза кутиб.

Сайл, ҳордиқ, тўкин дастурхон
Ҳаётингиз айлаган талоқ.
Топганингиз дунёга келиб, –
Инжиқ ўғил, хаста қизалоқ…

Ҳадемай қиш, ҳадемай совуқ…
Олмоқ керак иссиқроқ кийим…
Суюнасиз пахтанинг нарҳи
Ошганига арзимас тийин.

«Фарзандларим ризқин терай», – деб
Қўл чўзасиз чаноққа илдам.
Билмайсиз ҳам ногиронлигин
Зурёдингиз заҳри қотилдан.

Сиз биласиз пахта деганнинг
Заҳматлари мўл экинлигин.
Билмайсиз ҳам, кун бўйи ишлаб,
Меҳнатингиз сув текинлигин.

Бошингизга чиқиб олгандай,
Ўлтиргандай абадул тахтда,
Остонангиз қадар ҳаммаёқ
Пахта, пахта, мустабид пахта…

Индамайсиз… Ишлайверасиз,
Тишингизга босганча тишни.
Билмайсиз ҳам: «Экмайман пахта.
Мени адо қилди» дейишни.

… Токчангизда нимдош радио,
Эртадан-кеч беради хабар:
«Пахтакорнинг қўллари олтин,
Пахта – ғурур… Пахта – муътабар…»

Отланасиз ҳар тонг далага,
Қуёш ҳали таратмай шуъла.
Ортингиздан кузатиб қолар
«Сен бахтлисан» деган ашула…

Кирза этик судралар яна,
Шамшод қадлар яна букилар…
… Менинг эса, бу савдолардан
Ўкраб-ўкраб йиғлагим келар…
05. 12. 1989.

х х х
х
«ТЎМАРИС»чи аёллардан бирига

Кўриб ҳар қадамда кўкси кесакни,
Беҳад қувонаман борлигингизга.
Кўпгина шоирдан дариғ юракни
Оллоҳим армуғон айлабди сизга.

Оловми, бўронми, – отиласиз тик,
Сизни чўчитолмас дўқлар, ҳибслар…
Ёнингизда турсак, сиз – шаҳди етук,
Кичрайиб қолгандай бўламиз бизлар.

Турмоғин истайсиз андуҳ-азасиз
Аёлнинг рухсори кўнгил тоқида.
Кўз ёшингиз томиб, шеърлар ёзасиз
Кўз ёшлари шўрттанг она ҳақида…

Даҳшатга ботасиз, ғамга ботасиз,
Оддий урф бўлса юртни ўмариш…
Кўрмоқ насиб этса яна битта қиз,
Исмин қўймоқчисиз албат Тўмарис…

Ватан кундузлари бекундуз бўлса,
Унга бурсам, дейсиз, йўлларин тонгнинг.
… Агар сиздайлардан эллик-юз бўлса,
Дарди қолмас эди Ўзбекистоннинг…
03. 11. 1989.

КУЙЛАСИН

Дадахон ҲАСАНга

Айтинг, чиндан булбулмикин бизга ардоқ булбуллар,
Эмасмикин овози бор, андуҳи йўқ думбуллар?!
Истармисиз муъжизадан сел бўлишин кўнгиллар,
Унда бедод-бехушликдан зада жонлар куйласин,
Юрак-бағри тилим-тилим Дадахонлар куйласин.

Десангизки, нечун ҳадеб бўрон-селда нурайин?
Десангизки, бошлардаги ғам қорларин курайин,
Десангизки, она халқим виждонини кўрайин, –
Кўра қолинг: изғириндан зада жонлар куйласин,
Навбаҳорга интиқ бўлган Дадахонлар куйласин.

Мотамзада Ватан нима? Уни қандоқ суйгайлар?
Қодирийси, Чўлпонига нималар деб куйгайлар?
Ўз ичидан ағёр чиқса, ўзни қайга қўйгайлар?
Билмасангиз, мотамлардан зада жонлар куйласин,
Оҳи бисёр, куйи бедор Дадахонлар куйласин.

Сўзларида жароҳати, кўзларида жоласи,
Куйлагани қўшиқ эмас, тупроғимиз ноласи.
Мана шундоқ бўлур асли ўзбекнинг бўз боласи.
Бемуҳаббат, лоқайдликдан зада жонлар куйласин,
Йиғлаётган тори ила Дадахонлар куйласин.

Куйлар экан, гулларини сочсин баҳор бошидан,
Андалиблар шогирд тушсин, кета олмай қошидан,
Бундай зотлар туғилгайдир юрт хунлари, ёшидан,
Аритмоққа ёшни, ундан зада жонлар куйласин,
Куйлайверсин, куйлайверсин, Дадахонлар куйласин!
07. 12. 1989.

х х х
х

Тошкент осмонида булутлар лак-лак,
Фасллар ҳаддига йўқдай тарози.
Айни саратонда момогулдирак,
Айни саратонда ёмғир шарроси…

Бу қандай синоат? Бу қандай жунун?
Бу – қобил иқлимнинг не инқилоби?
Дедилар: «Табиат Оролнинг хунин
Талаб айлагани, дийдайи оби».

О, инсон, замондош, сенми ижодкор?
Заҳми тафаккуринг фатҳидан лолман.
Сен ғорат этмаган қай маъволар бор?
Қўлларинг етмаган қай асрор қолган?

Сохта такаллуфлар бўлгандай арзон,
Сохта меҳварида эмасми дунё?!
Не борки, луқмадан то барги хазон,
Суқмай қолган бўлса бошини кимё?

Дарахтлар қатағон… Дарё қатағон…
Заҳри заққумлардан тупроғимиз шол…
Юртим боши узра бу не каттакон
Орқа-олдин билмас ёсуман завол?!

Шаҳар қурум ютар…
Соғиниб баъзан,
Бесарҳад қирлардан сўргим келар ҳол.
Сурув-сурув қўйми, қўзими, десам,
Кичрайиб турибман ўзим ҳам, алҳол…

Нима қолди ўзи ҳеч емаган лат,
Уринчоқ қавмимдан топмаган завол?
Бузғунчи қўллари етмаган – фақат
Боларилар экан – меҳнаткаш, ҳалол.

Ажабо! Не боис?
… Ҳамроҳим айтар,
Ҳайратларга солиб суҳбатдошини:

«Кимнинг келтиргани бўлмаса нектар,
Соқчи асалари олар бошини…»

Эй, биз, одам қавми, соҳиби ақл!
Қурувчи, дейми, ё бузувчи эй зот!
Кўзларимиз очсин
иттифоқ-аҳил –
Ариларга тегиш покиза ҳаёт.

Ватан – юрагимнинг танҳо замини,
Тўлгил нектарларга – гулшираларга.
Диллар оғриб сенга, ардоқлаб сени,
Биз ўхшаб яшайлик ҳамшираларга.

Топган қўшиғимсан, юртим-муътабар!
Мен сенга камолот тиларман фақат.
Ногоҳ заволингга қўл урсам агар,
Соқчи арилардай бўлгил бешафқат!
1989.
х х х
х

Тунда оппоқ кийинмиш замин,
Кўзга дарҳол ташланар қарға.
Қарға рангли изтиробни мен
Юрагимдан қилай бадарға.

Ҳар номарддан бўлмай бетоқат,
Яшай энди кузги сувга хос.
Имонлига талпинай фақат,
Шу тупроққа қўйганча ихлос.

Қорлар босиб, икки букилган
Шох қаддини кўтарай ердан.
Бу – бир бахт-ку, маълул, ўкинган
Қувнаб нигоҳ ташласа бирдан.

Йўл устида питирлаб ётган
Полапонга узатай қўлим…
Шундай яшай, шундай яшайин,
То қабрга тиққунча ўлим…
15. 12. 1989.

Det här inlägget postades i "Йиғларман" - 1989. Bokmärk permalänken.