Ён дафтардан қайдлар

Гулчеҳра НУР

1.

Аллоҳ бандасига энг олий ажри мукофотни ҳам, энг кучли жазони ҳам фарзанд орқали берса керак. Яратганим, ишқилиб, фарзандларим иймон-диёнат, халоллик, сабр-қаноат, меҳр-шафқат, тинимсиз меҳнат йўлларини тутгувчилар бўлишсин. Иншоаллоҳ!..

2.

“Муҳаббат” – мен севган ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг энг сўнгги асари. Одамларга улкан муҳаббатини ташлаб кетди бу улкан ёзувчимиз…

3.

Замона зайлига юрган истеъдод – бугунники. Юрмагани эса – келажакники…
4.

“Турмуш” сўзи “Тур, мушт” /тур, мана сенга мушт/ иборасидан олинган бўлса керак.

5.

Ниманидир илғай олиш учун одам доимо бирқадар беором бўлиши керакка ўхшайди.

6.

“Улуғ халқ” дейдилар. Улуғ халқ йўқ. Улуғ қалблар бор, холос. Улуғ
қалблар эса, катта-кичик ҳар бир миллатда топилади. Миллатнинг
кушандалари эса, ўз қатл пичоқларини биринчи галда ўша улуғ қалбларга санчишга интилишади. Ҳамма ерда… Ҳамма вақт…

7.

Сукунатинг – менга оғир жазойинг…

8.

Менинг ноҳақликдан бўлак душманим, муҳаббатдан бўлак қувончим, Аллоҳдан бўлак дўстим йўқ, эй азиз дўст!

9.

Муҳаммад Солиҳнинг сайлов кампанияси… Мен унинг ишончли вакилларидан бириман…
Туман, шаҳар, вилоят партия раҳбарларининг зимдан бузғунчиликларига шоҳид бўлиб, ўйлаяпман: нега шундай партия аъзосиман-а?! Даҳшат-ку!..

10.

Фитна – қатлдан ҳам ашаддийроқ…

11.

Менинг халқим… Камроқ кулиб, кўпроқ йиғлаганлар… Мен эса, одамларнинг кўпроқ табассумли бўлиб, иложи борича йиғламасликларини истайман… Нима қилсам экан-а?!.

12.

Ёлғон – катта ички душман. Очкўзлик, харомхўрлик, субутсизлик – катта ички душман… Кошкийди, дилни шу иллатлардан тозалаш – ҳар кимнинг биринчи галдаги одамийлик вазифаси бўлса… Айниқса, балиқ бошидан сасимаса…

13. УЛКАН КЕМТИКЛИК

У ўзини ўта етук ҳисоблайди. Тўғри, унда ҳамма нарса бисёр – пулга сотиб олиш мумкин бўлган ҳамма нарса: амал, данғиллама уй-жой, қўш-қўш машина… Фақат фаҳмдангина Аллоҳ сиққан… Одамларни тушуниш, уларга меҳр бериш фаҳмидан…
Одамлар уни одам ҳисоблашмайди. Буни ўзи билармикин-а?!.

14. ТАНИШ ВОСИТАСИ

Қўли, истеъдоди ета олмайдиган нимарсаларга ИБЛИС дегани макри орқали етаркан. Тавба!.. Бемалол таниб олса бўларкан-ку ҳаётдаги ИБЛИС ва ИБЛИСЧАларни…


15. ҲАДСИЗ САВОЛЛАР

Ажабо, халқимиз тақдири масаласини нега халқнинг ўзи ҳал қила олмайди? Конституциянинг деярли ҳамма моддаси нега фақат ҳукуматга хизмат қилади? Халқнинг мискин овози нега хорижий радиолардагина унча-мунча эшитилади-ю, ўзбек оммавий ахборот воситалари эса ҳукумат мақтови билан овора? Нега халқ ўзига ёқмаган раҳбарларни олиб ташлай олмайди? Нега дардманд овозини чиқаришга қўрқади? Биз ўзи кимлармиз? Қандай жамиятда яшаяпмиз?..

16. АНДИШАСИЗЛИК

Қашшоқлик, нопокликни бошдан кечираётганимизнинг ўзи камлик қиляпти чоғи. Радиони буранг… Телевизорни қўйинг… Газеталарни очинг… Мақташ-мақтанишлар, пашшадан фил ясашлар, йўқни бор қилиб кўрсатишлар тонгимизга нонуштадай, пешинимизга тушликдай, оқшомимизга кечки овқатдай кириб келяпти. Бостириб… Андиша қилмай… Ҳижолат тортмай…

17. ТАМАЛ ТОШИ

“… Келажаги буюк давлат”, – дейдилар. Агар чиндан-да шундай бўлса, ўша буюкликнинг тамал тоши бугун кўзларга ташланиши жоиз эмасми?! Тамал тоши қашшоқлик, юлғичлик, порахўрлик, худосизлик бўлган мамлакатнинг эртаси қандай бўларкин-а?!

18. ҲАМОН ШУНДАЙ

СССР даврида бизни фақат хорижий капиталистик мамлакатларнинг ҳаётига танқидий кўз билан қарашга ўргатишганди. Бориб кўриш орқали эмас, балки ўзларининг уқтиришлари бўйича… Ўз ҳаётимизга назар сола олмасдик. Ҳаддимиз сиғмасди. Таъқиқ зонаси эди у…
Ҳамон шундай…

19. ҲАММА БАЛОНИНГ БОШИ

Яшаш – қалбни зиё билан зийнатлаш, ҳалол меҳнат қилиш… Яшаш – яхшилик кўрсатиш ва яхшилик кўриш… Зеро, минг-минг йиллик ақида, тамойил шундай. Лекин ёмонлик тобора урчиб бормоқда. Нега? Иллат қандай зоҳир бўляпти?
Афсуски, бизнинг ўзбек жамиятида бу каби мантиқий саволларга жавоб излашга йўл қўйилмайди. Ҳамма бало шунда…

20.

Қўл тегиши билан ифор сочувчи
Райхон бўлсам эди шу халқим учун…

21. УРУҒЛАР

Одам нималардан яралган?
Менинг назаримда, унинг қон-қонида муҳаббат-у нафратнинг, ростлигу ёлғоннинг, чидам-у бетоқатлиликнинг, поклигу иймонсизликнинг, хулласи, борки инсоний фазилат ва қусурларнинг уруғларидан бор. Имкони топилиши, иқлими етилиши билан ҳаммаси ҳам гуллаб-яшнаши мумкин.
Эҳтиёт бўлайлик. Ўзимизда нималарни ўстираётганимизни тез-тез сарҳисоб қилиб турайлик. Ёмонликнинг уна бошлаган нишларини дарҳол юлиб ташлайлик. Зеро, гўзал ҳаёт айни шу тарзда яшовчилар билан гўзал. Мунофиқлар билан эмас… Ишончларга тупурувчилар билан эмас… Кимки бугунги ишончга тупурса, эртанги адолат унинг ўзига тупураркан. Ишонмаяпсизми?.. Андак сабр қилинг. Кўрасиз ҳали…

22.

У ўз назарида буюк… Чиндан ҳам шундайга ўхшайди. Макрда, ёлғонда, ўзига бино қўйишда, бечораларни қон қақшатишда буюкка ўхшайди у… Қабиҳликнинг буюги…

23.

Ҳар қандай тубанликнинг боши – ХУДОСИЗЛИК. Худосизнинг қалбини ҳар қандай чиркинликлар бемалол ва осонликча забт этаверади… Атрофимизга қарасак, бунга мисоллар ошиб-тошиб ётибди.

Худосизлик бизни қон қақшатяпти-ку, ХУДОЖОН!

24.

Яхши асар ҳамма вақт янги бўлганидай, ҳукуматнинг яхши фаолияти ҳам ҳамма вақт халқнинг димоғига ифор, кўксига виқор, сўзига оҳор тўлдиради.
Халқимиз эса, ИФОРни, ВИҚОРни, ОҲОРни жуда-жуда соғиниб қолган кўриняпти… Маҳкамаларнинг эшикларида… Мардикор бозорларида… Хориж йўлларида… Ахлат қутилари олдида…

25.

Талантнинг талантсиздан, ҳақнинг ноҳақдан, дононинг жоҳилдан бўлак душмани йўқ. Бўлмас ҳам…

Қайда ҳаёт бенур, албатта –
Билингизки, РАЗОЛАТ тахтда…

26.

Ҳалол бўлмаслик, менинг назаримда, одамнинг ўзига ўзи кишан уришидай бир гап. Негаки, ҳаром бу кун бўлмаса, бошқа бир кун албатта “тешиб чиқади”.
Ҳозирги ўзбек ҳаромхўрлари эса, қўл-оёқларида кишан бўла туриб ҳам, телевизорга чиқиб олиб: “Мен жудаям ҳалолман”, – дейишади. Улар гўё икки оёғини бир этикка тиқиб олиб: “Мен соппа-соғман”, – деяётган тентакка ўхшашади. Тентакни эса, бир қарашдаёқ билиб оласиз…

27.

Уни мақтадилар… Тўғрироғи, гумашталари ёрдамида мақтатаверди ўзини. Ўйладики, мақтовлар унинг обрўсига обрў, шуҳратига шуҳрат қўшади…
Уни мақтаганлари сари одамларнинг синчиков нигоҳлари унга кўпроқ қадалди. Ҳар бир айтар сўзини тарозига соладиган, ҳар бир босар қадамини кузатадиган, ҳар бир ҳатти-ҳаракатини баҳолайдиган бўлиб қолишди… Оқибатда одамларнинг ундан ихлоси қолди. Бутунлай…
У эса, ҳамон ўзини мақтатади…

28. БИР ТАНИШИМНИНГ АЙТГАНЛАРИ

“Оқ кучлар” мухолифатни муттасил қоралаб келяпти, “қора кучлар” атаб…
Кўряпман: “оқ кучлар” халқни талаб, бойигандан бойияпти. Гердайгандан гердайяпти. Қонунларни ҳам ўзига мослаб бўлди, сайловларни ҳам… Халқни бир тийинга олмайди. Улар халқни ўзига хизматкор ҳисоблайди…
Кўряпман: “оқ кучлар” халқни кафангадо қилди. Фақат бугина эмас. Бўғзидаги айтар сўзини ҳам, кўксидаги эркка иштиёқи-ю кўзларидаги умид учқунларини ҳам тортиб олиб бўлди. “Қора кучлар” эса “оқ кучлар”нинг бундай жирканч қилмишларини ошкора айтиб, авом кўзларини очишяпти, холос.
Э, бор-э, ўша “қора кучлар” қаторига қўшилганим бўлсин!

Det här inlägget postades i Ён дафтардан қайдлар. Bokmärk permalänken.