Қатралар

ГУЛЧЕҲРА Н У Р

АЁЛ

Эрта билан беш-олтита учлик ёздим. Улардан бири шундай эди:

Дейишади: “Бўлгани ғам, бўлгани жафо…
Дунё қаттол. Дунё совуқ. Дунё бевафо…”
… Кўрсат, аёл, шу дунёнинг муҳаббатлигин…

Ўзимга танаффус эълон қилиб, айвон деразасига бордим. Тирсакларимни дераза раҳига қўйиб, ташқарига тикилдим. Паға-паға булутлари астагина сирғалаётган осмон мовийдан-мовий. Баҳорий дарахтлар кўмкўкдан-кўмкўк…. Беқиёс гўзаллик… Энтикдим…
“Су-у-у-т!..” – деган овоз эшитилди. Таниш овоз… Учинчи қаватдан пастга қарадим: бир пайтлар биз сутига мижоз бўлган Зебо… Бўстонлиқдан… Тўрт боласи борлигини, эри колхозчи эканини айтганди…
Ана, у бақувват таёқдан ясалган қўлбола обкашини икки букилиб, елкасидан оляпти… Обкаш ўртасига юмшоқ мато ўралган… Елка қийилмасин учун… Обкашнинг икки учидаги икки илмоққа хайҳотдай икки қопчиқ осилган… Ичи тўла сут-қатиқли идишлар… Мен ердан узолмасам керак-ов…
Қорайиб, унниқиб кетган Зебо /исми унга гўё киноя билан қўйилгандай/ обкашини юклари устига қўйди, қопчиқлар ичидан сут тўла икки елим идишни олди-да, йўлагимизга кириб кетди.
“Биринчи қаватдаги ижарада турган туркларга бўлса керак…” – ўйладим ўзимча…
Зебо қайтиб чиқди. Қўлидаги бўш идишларни обкаш қўйилган қопчиқлардан бирига солиб, оғир юкни яна икки букилиб, елкага олди. Оғирлигидан йиқилай-йиқилай деб, йўлга тушди…
Ҳозиргина ёзганларимни эсладим: “Кўрсат, аёл, шу дунёнинг муҳаббатлигин…”
Ҳижолатда қолдим… Шўрлик аёл… Мен айтмасам-да, бевафо дунёга кўрсатиб турибди у муҳаббатлигини… Икки букилиб… Майишиб… Адойи тамом бўлиб… Зеболигини йўқотиб…
27. 05. 1999.

БАДГУМОН

У “Оқ уй” олдида доктор Хайдер очлик эълон қилганини эшитиб деди:

Ким ҳам қуритарди ўз тинкасини,
Ютиб ўлтиргандир таблеткасини…

Газетада “Пахта тоннаси ошадими? Биз қаршимиз” деган мақола

босилиб чиқди. У муаллифларга ишора қилиб айтди:

Худбинлик ин қурган булар барида,
Қаҳрамон бўлмоқчи эл назарида…

Кечки пайт у мириқиб телевизор кўраётган эди, қўнғироқ бўлиб, устозининг вафоти хабарини айтишди. Телефон гўшагини қўйгач, ғудрланди:

Қўймабман қўнғироқ симини узиб…
Мени ҳам йиқмоқчи, оромни бузиб…

… Ҳукумат алмашди. У телевизорга чиқиб деди:

Насибамиз бус-бутун келди,
Мана энди юртга кун келди…

… Кўп ўтмай шу кимсанинг кўксига қаҳрамонлик нишонини тақиб қўйишди…
1988 – 2002

“УНДАЙ БЎЛСА, ГАЗНИ БОСИНГ”

Йўлда кетяпмиз. Кўзим йўл четида машина итариб кетаётган аёлга тушди. Эркак рулда…
– Машинангизни тўхтатсангиз, – дейман рул тутган акамга. – Анови бечораларнинг, – мен ташқарига ишора қиламан, – бензини тугаб қолибди шекилли. Озгина берайлик.
Акам машинани секинлатиб, чекка йўлакка ўтдилар, лекин тўхтатмадилар.
– Агар ҳозир уларга “Биз бера қолайлик бензинни”, – десам, мени ё кулфатдан фойдаланиб қолмоқчи бўлган савдогарга, ё эси пастга йўйишади, – дедилар акам.
– Ундай бўлса, боса қолинг газингизни… – мен ўз соддалигимдан лол эдим…
1998 й.

“БОЙВУЧЧА”

Икки аёл марказий кўчаларнинг бирида кетишарди. “Ман-ман” деган амалдорга тегишли шоҳона дўконга бурилишди улар. Харидор йўқ ҳисоби.

Моллар эса кўзни қамаштиради…
Аёллардан бири нарҳ қоғозига миллионлар ёзилган люстрага ишора қилди:
– Мана шу менинг залимга мосга ўхшайди. Сиз нима дейсиз, ўртоқжон?
“Ўртоқжон” бўлса, люстрага тикилганича жим эди.
– Майли, ўйлаб кўрармиз, – деди люстрага “ишқи тушган” аёл дугонасининг қўлтиғидан тутаркан. Кейин у мебелларни кўздан кечира бошлади. Қимматбаҳо чинниларга ўтди. Ўн икки кишилик чой сервизининг олдида туриб қолди.
Мана шуниси жуда ёқяпти.
Дўкон сотувчиси аёлларга яқинлашди. Кўздаги ўтни кўриб, кўнгилдагисини ҳам ловуллатишга тушди:
– Охиргиси… Олинг. Пулингиз ўзингиз билан кетади. Хурсанд бўласиз.
– Олмасам бўлмайди. Ўзиям жуда чиройли экан. Майли, хўжайиним билан албатта келаман, – аёл шундай деди-да, мамнун ҳолда дугонасини қўлтиқлаб, дўкондан чиқди.
– Пулинг йўқ-ку… Ростдан олмоқчимисан, Нилу? – кўзларини катта-катта очиб сўради дугона.
– Вой, олишга йўл бўлсин… Ўзимни би-и-и-р хурсанд қилай, дедим-да. Бир бойвучча бўлгим келди-да, – хандон ташлаб кулди аёл.
– Беш дақиқали бойвуччами?! – жилмайди дугона…
1996 й.

ЎЧ

Эшик қўнғироғи жиринглайди. Икки болакай баб-бараварига қичқиришади:
– Ур – ра! Адам келдила.
Ишдан уларнинг гоҳ адалари, гоҳ аялари биринчи келишади. Ота аввалроқ келса, эшикдан кириши билан биринчи айтадиган сўзи шу бўлади:
Аянг уйдамила?
Она барвақтроқ келса, унинг ҳам биринчи сўрови шундай бўлади:
Аданг келдилами?
Бугун аёл олдинроқ қайтганди. Кела солиб, болаларига тайинлайди:
– Адангга: “Аям ҳали келмадила”, – денгла… – Ўзи эса, ечина солиб, ошхонага ўтади. Ошга уннаб кетади…
Эшик қўнғироғи жиринглайди. Яна болаларнинг шодон қийқириқлари… Яна ўша эски савол:
– Аянг келдилами?
– Йўқ, ҳали кемадила…
– Э… – дейди адалари. Унинг овозидаги маъюсликдан ошхонадаги аёл ҳузур қилиб жилмаяди, лекин турган жойидан қимирламайди.

Ота ичкарига сўзсизгина кириб, уй кийимларини кияди. Болаларига
нималардир дейди, нималарнидир сўрайди, сўнг емакхонага ўтади. Диванга
чўкиб, жимгина газета варақлай бошлайди. Аёл оҳистагина эшик тирқишидан мўралайди: эрининг юзи тунд, боши газетага эгилган… Аёл яна мамнун жилмайиб қўяди. Ошхонага ўтиб, гуруч юва бошлайди. Крандан шилдираб туша бошлаган сув эрни зийрак торттиради. Ошхонага чиқади. Юзи ёришиб кетади:
– Кебсиз-ку…
– Бир ўчимни олий, дедим-да, – хандон ташлайди аёл.
– Қанақа ўч?
– Мени ўн йил кеч топганингиз учун…
Эр хотинини беозоргина бағрига босади. Овозсизгина ўпади…
1980 й.

СТОЛ УСТИДА ҚОЛГАН НОМА

Ўғри ўз услуби билан эшикни очиб, ичкарига кирди. Ташқаридан кўргани – кўркам дарпардага яна бир бор қараб қўйди. Сервантдаги чиройли идишлар ичидан қимматбаҳосини топмади. Чойнакларни, гулдонларни ағдариб кўрди. Қутичадаги тақинчоқларни диван устига ағдарди: ҳаммаси энсақотар лаш-лушлар бўлиб чиқди. Магнитофонга
қаради – алмисоқдан қолганлигини кўриб, юзини бурди…
Ётоқхонага ўтди. Шкафдаги оппоқ ғилоф, чойшабларни бирма-бир ағдарди. Сандиқ устидаги текис тахланган кўрпачалар тахини шоша-пиша бузиб, нимдош, лекин тоза гилам устига ташлади. Сандиқ ичини титди. Трюмо ғаладонини тортди…
Сўнгги хонага ўтди. Шифтга етган жовонлардаги китобларни ағдар–тўнтар қилди… Ёзув столини титкилади.. Устига тўр тўқилган, ичида бир дона атргули бўлган шиша гулдонга энсаси қотиб қаради. “… Ҳурмат билан мактаб ўқувчиларидан” деган ёзувли зарҳал қаламдондан ручка олди. Стол устида турган оқ қоғозга қўлқопли қўли билан шоша-пиша шу сўзларни ёзди-да, икки қўли бўш ҳолда уйдан чиқиб кетди: “Оббо, усти ялтироқ, ичи қалтироқлар-э!..”
1986 й.

ТЎҒРИ БЕЛГИ

Йўлда кетяпман… Хаёлимда яна нарҳ-навонинг ошгани… Сезиб қоламан: оғзим очиқ… Ичимда ўзимга ўзим танбеҳ бераман: “Кап-катта одам кўчада оғзини очиб юрса-я… Уят-э…” Дарров лабларимни жуфтлайман. Кейин хаёл йўлга, одамларга кўчади. Хаёл минг хил кўчаларга кириб чиқади… Йўлда кета туриб, яна сезиб қоламан: оғзим тағин очиқ… Яна юмаман… Бироздан кейин оғзимнинг очиқлигини яна сезиб қоламан…

Қаердадир ўқигандим: оғзини очиб юрувчи одамнинг ё бурни касал, ё ичи
тўла гап… Айтмаса бўлмайди…
Худога шукур, бурним соппа-соғ… Ичим эса… нечоғли тўғри-я ўша ёзганлари… Ахир ичим тўла хасрат-ку… Айтмасам ўламан… Ақалли оила аъзоларимга… Ақалли дўстларимга… Ақалли ҳавога… Ақалли қоғозга… 30. 1Х. 2004.

ЭЗГИНЛИК

Аёлни тинглай туриб, эзилиб кетдим. Бошига ташвиш тушибди. Не-не маҳкамаларга бош урибди. Лекин мушкули осон бўлмабди…
– “Моҳият” деган газетага учраб кўринг-чи, – дедим аёлга. Негаки, айни ушбу газетада халол одамлар ишлаётганини билардим. Газета манзилини аёлга ҳижжалаб тушунтира бошладим…У мени тинглаяпти-ю, хаёли бошқа ёқда… Ниманидир айта олмаётгандай… Охири дилидаги тилига кўчди:
– Ўша “Моҳият”га ҳам пора бериш керакми?
Мен гапиролмай қолдим… Муштипар аёл… Не-не маҳкамаларга учраб, келган хулосаси шундай бўлибди шекилли…
Мен баттар эзилиб кетдим…
25. Х1. 2002.

ИСТАК

Йигит шофёрликка ўқияпти. Эндигина рул ушлай бошлади…
“Мен машина хайдаб, кўчага чиққанимда, қани энди машина тугул, хатто бирон одам зоти учрамаса…” – деб қолди у…
… Баъзи давлат арбобларининг хатти-ҳаракатлари айни ўша шофёрликка ўқиётган йигитни эслатяпти менга. Бундайларнинг майли бўйича, сиёсат кўчасидан фақат уларнинг ўзлари юришса… Бошқалар йўламаса… Қариб-чуриб, куч-қувватдан қолганларидан кейин эса, ўғил-
қизлари ўринларини эгаллашса…
Ажабо!.. Оёқлари ХХ1 асрда-ю, истаклари эса ХУ11 – ХУ111 асрларда-я… Тавба…
2000 й.


СЕҲРЛИ СЎЗ

Сеҳрли сўз Мартабани мақтади. Мартаба ҳам ҳузур қилганидан Сеҳрли сўзга тўн кийгизди… Қимматбаҳосидан… Кўпчилик олдида…
Сеҳрли сўз эриб кетди. Мартабани қучоқлаб, тўн тутган қўлларидан

ўпди. “Отам дерман” дея, бахтиёрликдан кўз ёшлари тўкди…
Сеҳрли сўзнинг сеҳри ҳам, сўзлиги ҳам қолмади шундан кейин. Кўз ёшлари билан бирга тўкилиб кетганди улар ҳам …
2001 й.

ҚЎРҚУВ САЛТАНАТИ

Чумоли уларни битта-битта еювчи очофат қушдан, қуш полапонини ўмарувчи илондан, илон уни иккига бўлиб ташлаши мумкин бўлган кетмонли деҳқондан қўрқади…
Деҳқон ерининг кичик амалдор томонидан тортиб олинишидан, кичик амалдор катта амалдорнинг назаридан тушиб қолишдан, катта амалдор “ўз аризасига мувофиқ” лавозимидан кетиб қолиш хавфидан қўрқади…
Атрофда қўрқув салтанати…
Нега Худодан қўрқишмасикин-а?
2002 й.

“ЎЙИН”

Деразанинг бир табақаси очиқ. Стол устида гўшт майдалагичдан ҳозиргина ўтказилган қийма… Очиқ деразадан кирган пашша гўштга ёпишади. Еганича ейди. Энди бемалол келган ерига чиқиб кетса бўлади.
Пашша ўзини деразанинг ёпиқ табақасига уради. Визиллайди… Ўзига эътиборни қаратмоқчими? “Мен ташқаридаги озодликни севаман”, –
демоқчими?.. Лекин очиқ деразага эмас, балки ойналисига уряпти ўзини… Аслида ташқарига чиқмоқчи эмасдай… Ичкари маъқулдай… Негаки, бунда
ширин егулик бор…
Ажабо, ҳеч ким назарга илмайдиган пашшада ҳам шунчалик “ўйин” борми, а?
1989 й.


ШУНИ ИСТАГАНДИНГИЗМИ?

Ҳуда-беҳуда бақириб, зуғм қилиб, сўкиб, сиз ўйлайсизки,
мулозимларингизга кучингизни, кимлигингизни кўрсатмоқдасиз… Ўйлайсизки, шундай қилсангиз, “гаҳ” десангиз, қўлингизга қўнадиган бўлишади…
Янглишасиз… Атрофдагилар сиздан йироқлашиб бўлганлар. Зимдан сизни кўрарга кўзлари қолмаган… Ич-ичдан ўлим тилаяптилар сизга…
Айтинг, шуни истагандингизми, амалдор афандим?!
2001 й.


АНТИҚА ОДАМ

У ҳамма нарсадан жирканади. Ҳамма нарсада микроб бор, деб ўйлайди. Қовун-тарвузни совунлаб ювганидан кейингина каржлайди. Узумнинг устига шақиллаб қайнаб турган сувни оқизгачгина, ейишга тушади.
У фақат пулдан жирканмайди… Борки микроблар уяси бўлган пулдан… Уни ҳузур қилиб санайди. Шу пул санаган қўллари билан бемалол нон ушатаверади…
У – шунақа антиқа…
2001 й.

АРСЛОН

Арслон одамларга ириллади.
– Золимсан, – дедилар. Шундайларга ташланди. Тилка-пора қилди.
– Қонхўрсан, ваҳшийсан, – дедилар. У эса қонхўрлигини давом эттирди. Охири эпини қилиб, уни қафасга солдилар.
Қонхўр, ваҳший арслон эндиликда ҳаммага тамоша, холос.
03. Х11. 2001.

КЎЧАЛАР

Бу кўчалар бизники эмас. Ундаги эшиклар олдида камсуқум райхонлар ифор сочмаяпти. Уларни гўё серҳашам, кибор,тиконли атргуллар йўлатмаётгандай…
Бу кўчалар бизники эмас. Улар тўла дабдаба… Ғиштин бинолар шоҳона… Дарвозалар шоҳона… Улар ортида эса, андаккина шарпага ҳам ириллайдиган кўппаклар…
Бу кўчалар бизники эмас. Кетдик… Эшикларида райхонлар ифор сочган, итлари йўқ, бағри очиқ, камтар кўчаларга кетдик…
03. Х11. 2001.

“У ОДАМ БЎЛОЛМАДИ”

У бола эди. Тенгдоши бошқа бир тенгдошини уриб, бурнини қонатди.
Бекордан-бекорга… У чидаб туролмади. Кичкинагина, ожизгина бўлса-да, зўравонга ташланди… Унинг ҳам бурнини қонатди…
Кечга томон воқеа тафсилотидан хабар топган онаси болани эркалаб: “Ўзимнинг ҳақгўйимдан ўргилай… Худога шукур… Одам бўларкансан…” – деди…
У мактабга борди. Дафтарлари “беш”ларга тўлиб кетди. Ўқитувчилари мақтаб, бошқаларга намуна қилиб кўрсатадиган бўлишди: “Ичингизда мана шу ўртоғингиз одам бўлади…”
… У университетни имтиёзли битириб, ишга жойлашди. Жонини жабборга бериб ишлади. Тиним нималигини билмади. “Билмайман” деган сўзни билмади. Лаганбардорлик нима, пора нима? – билмади… Пора олаётганларини сезиб қолса, чидаб туролмади…
– Ковушини тўғрилаб қўйиш керак, – дейишди ишхонасидагилар орқаваротдан… Ва у… сираям кутмаганида, чўнтагидаги “пора” билан “қўлга тушиб”, ҳанг-манг бўлиб қолди…
– Одам эмас экансиз-ку, – дейишди ҳамкасблари.
Одам эмаслар ичида одам бўла олмаган эди у – КАТТА ҲАРФЛИ ОДАМ…
20. Х1. 2002.

КУЮК ҲАҚИҚАТ

Кутубхонада бир олим билан гаплашиб қолдим. Гап айланиб-айланиб, ҳозирги сиёсатга кўчди. Олим деди:
– Ат-Термезий, дейишяпти… Замаҳшарий, дейишяпти… Булар яхши… Лекин ўликларни тирилтириб, тирикларни ўлдиришяпти… Келажаги буюк эмас, келажаги куюк давлат… Мустақиллик эмас, уста қуллик…
Ғалати бўлиб кетдим… Куюк ҳақиқат ичимни куйдирганди…
2002 й.


ЎХШАШЛИК

Мен, ўзбек телевидениесини кўрмайман, десам, ёлғон бўлар. “Ахборот”ни, ҳокимларнинг ишдан олинишига бағишланган “навбатдан ташқари кенгаш”ларни, Олий Мажлис сессияларини кўраман. Шулар бошланиши билан уйимдагилар: “Боғчангиз бўляпти, кўринг…” – дейишади…
Залга фақат “фидойилар” йиғилган бўлади. Ҳаммасининг қўлида қоғоз-қалам… Кимдир тинимсиз гапиради… Залдагилар бош кўтармай ёзишади… Диққат-эътибор билан… Бирон сўзни ҳам қолдирмасликка ҳаракат қилаётгандай…
Ана шундай кезлар рус сиёсатшуноси, собиқ партия арбоби Александр Яковлевнинг “Хотира гирдоби” /”Омут памяти”/ китобидаги бир гап ёдимга
тушаверади. Унинг ёзишича, Брежнев то партиянинг бош котиби бўлгунига қадар, у ишлатган қайд дафтарчалари, столусти тақвимлари сақланиб қолган экан. Хрушчевнинг ҳар бир чиқишидан кейин Брежнев у ер-бу ерга: “Бағоят гўзал”, “Қандай ажойиб фикрлар” деб ёзиб қўяркан.
Кейин маълум бўладики, аслида Брежнев Хрушчевни хуш кўрмаган.

Лекин махсус хизмат ходимлари унинг ёзиб қўяётган “қайдлар”ини
“катта”га етказишларини у доимо назарда тутар экан.
“Ўзбек катталари”нинг атрофидагилар ҳам худди Брежневга ўхшашмасмикин-а?!
2002 й.

ҲАҚИҚАТ

Таниқли рус файласуфи Николай Бердяев “Рус ёзувчиларини гўзаллик эмас, балки кўпроқ ҳақиқат қизиқтиради”, – деб ёзганди.
Ўзбек ёзувчиларини-чи?!. Ҳарҳолда ҳақиқат бўлмаса керак. Негаки, кейинги ўн йиллар ичида ҲАҚИҚАТ кўзларга айниқса мотамсаро, айниқса ғариб, айниқса ташландиқ кўриняпти…
Ўзбек ёзувчиларини кўпроқ амал, унвон, мукофотлар қизиқтиради шекилли…
2004 й.


“ТАЛАНТЛИЛАР”

Ўзбек ёзувчиларининг 1991 йилда бўлиб ўтган сўнгги, Х съездида ижодкорлар иккига бўлинишди…
Съезд довруқли, ҳаяжонли, тарихда кўрилмаган кўтаринки бир руҳда ўтаётганди. У Ўзбекистон Компартиясини “қонундан ташқари” деб эълон қилиши керак эди. Бу ҳақда наманганлик публицист, шоир Абдулла Жалил “Ўзбек халқига мурожаат” ўқиган, зал уни гулдурос олқишлар билан қабул қилганди…
Албатта, съезд об-ҳавосининг бундай тус олиши кимларгадир ёқмаган. Улар партия яккаҳокимлигини сақлаб қолишни исташган. Натижада улар бир гуруҳ “лаббайчи” ёзувчилар ёрдамида катта кучга айланиб улгурган ёзувчиларни иккига бўлишди…
Фикрлар бўлинди… Қизғинлик бўлинди… Йиғин йўналиши бошқа ёққа бурилди. Охирида эса, боши берк кўчага кириб қолди. Съезднинг фаолиятини яна бир ойлардан кейин давом эттиришга қарор қилинди. Шу орада ўзларини “талантлилар” деб эълон қилганларнинг “Адиблар уюшмаси” тузилди…
Шундай қилиб “талантлилар” аслида компартияни сақлаб қолдилар…
Компартия эса тез орада ХДП /Халқ демократик партияси/ номини олди…
Эҳ, сиз, “талантлилар”, “талантлилар”!..
1991 й.

ЭВРИЛИШ

Мен билган шоир-ёзувчиларнинг жуда кўплари ўзгариб туришади…
Ҳокимият тепасидаги ўзгаришларга қараб…
10. Х11. 2001.

НАВБАТИ БИЛАН…

Яқин-яқингача учта хорижий радио ўзбекча эшиттиришлар берар эди: “Америка овози”, “Озодлик”, “Би-Би-Си”.
Тингловчиларнинг эътирофича, “Америка овози” анчайин дадил ҳисобланарди. Шунданми, у айниқса кейинги йилларда доимо бўғиларди. Одамлар эшитолмасди. Эшитилмагач, тингловчиларини йўқотди радио. Оқибатда фаолиятини тўхтатди.
“Америка овози” бўғилаётган кезлар бошқа радиостанцияларни бемалол эшитса бўларди. Энди эса, бўғилиш навбати “Озодлик”ка келиб
етди. Уччала тўлқиндаги овоз ғириллагани ғириллаган… Оқшомгиси ҳам, тонггиси ҳам… Энди унинг ҳам тингловчилари йўқолса, ўзи эса беркилишга маҳкум бўлса керак…
Кейин эса навбат – “Би-Би-Си”га…
01. Х1. 2004.

ЎҒРИЛИК

“Дом”ларда ўғри кўпайди. Қаватларга кираверишдаги эшик қулфини ўғирлашарди. Йўлакларга ўрнатилган электр ҳисоблагичларни ўмаришарди. Ҳатто эшик ёнига қоқилган, кўчадан келганда, эшик очиш олдидан қўлдаги халтани осгувчи илгичларгача… Эшик ортига – ерга ташланган оёқ артиладиган палосчаларгача…
Бирин-кетин содир бўлаётган бу воқеалардан хабардор келинчак эшик ортига қўйган янгигина ахлат челакчасини дарров ичкарига олди:
– Буниям ўғирлашмасин тағин…
Келин сўзларини эшитиб, қайнона изтироб чекди:
– Қандай кунларга қолдик, а?..
13. 1Х. 2004.


АГАР БАРМОҚЛАР КЕСИЛСА…

Қаюмжон боғ ховлисига кетаётганди, автобус ўриндиғида ўтирган
ёнидаги одам ундан сўради:

Олимларнинг дачалари қаерда? Биласизми?
Қаюмжон бошини қимирлатиб, “биламан” ишорасини қилди-да, савол берувчига юзланди:
Кимники керак эди?
Сўраган одам айтди…
Ие, йўлимиз бир экан-ку, – деди Қаюмжон. Шу билан суҳбат ўз-
ўзидан бошланиб кетди.
Манзил сўраган одамнинг айтишича, у излаб бораётган олимнинг дала ховлисига ўғри тушибди. Нима қўлига илинса, кўтариб кетибди…
Қаюмжон учун бу гап янгилик эмас эди. У ҳатто дала ховлиларнинг атрофига тортилган тўр сим “деворлар”гача, уйларнинг эшик-деразаларигача ўғирланаётганини айтди.
– Илгари ўғриларнинг бармоғини кесиб, тўғри қилишган экан-да, – деди меҳмон.
Шу пайтгача индамай келаётган ёндаги учинчи йўловчи бу гапни эшитиб, чидаб туролмади чоғи:
– Агар бармоқлар кесилгувдай бўлса, амалдорларнинг ҳаммаси бармоқсиз қолади-ку, – деди.
Бошлар тасдиқ ишорасини қилиб, лабларга енгил жилмайиш тўлди…
13. 1Х. 2004.

ШИКАСТА ҚАЛБ

Неъматжон пенсияга чиққанидан кейин тўтилар боқа бошлади. Кўнгил хуши учун… Зерикиб қолмай, деб… У чойхоналарни хуш кўрмайди. Гап-гаштакларга майли йўқ…
Қушлар – Неъматжоннинг овунчоғи… Кунига бир марта овқат бериб қўйса бўлгани… Қолган пайтларда эса, уларни кузатади. Тўр қафас ичра учиб-қўнишларидан, ғаройиб хатти-ҳаракатларидан завқланади…
Неъматжон кўрдики, тухумини янгигина ёриб чиққан полапонлардан бирининг бир оёғи қийшиқ… Неъматжон уни мол докторига олиб борди. Оппоқ сочли қариянинг қилиб юрган бу ишидан доктор мийиғида кулиб деди:
– Мен ҳеч қачон қушларни даволамаганман…
Неъматжон врач қабулидан ўкиниб чиқди: “Бир оғиз маслаҳатини аяди-я… Бечорага раҳми келмади…”
Уйига келиб, Неъматжон полапонга баттар эзилди: ҳаттоки онаси ҳам қарамайди-я унга… Бемеҳр…”
Неъматжон ногирон полапонни бир неча кун пипеткада овқатлантириб юрди. Сал ўзини тутгандай кўринди. Барибир бошқа қушларга қўшилмайди… Йўлатишмайди…
Охири бўлмади. “Бундай бемеҳрликни, ноҳақликни кўравергандан кўра, қушчани қўйиб юбориш керак, – деб ўйлади Неъматжон. – Умри билан берган бўлса, яшаб кетади. Куни битган бўлса, кўздан йироқда ўлади…”
Неъматжон қушчани ховлига олиб чиқиб, учириб юборди. У бўғотга
қўнди. Қаёқдандир томда пайдо бўлиб қолган мушук ўзини қушчага отди…
Неъматжон турган ерида тошдай қотиб қолди. У йиғларди…
13. 1Х. 2004.

Det här inlägget postades i Қатралар. Bokmärk permalänken.