1991

Гулчеҳра НУР

ЎТ ИЧИДА ФАРҒОНА, ҚЎҚОН,
ЎТ ИЧИДА БЎКА, ПАРКЕНТ, ЎШ…
РЎЗНОМАЛАР ТАРҚАТАР ЁЛҒОН,
ХОНАНДАЛАР ЭКРАНДА САРХУШ…

х х х
х

Фожиали кунларда ҳукумат
мукофотига сазовор бўлган шоирга

Шон-шуҳратга ноилсиз.
Бироқ –
Бу ўжар қалб урфга боқиб тик,
Қилмади ҳам сизга қўнғироқ,
Ёзмади ҳам бир парча табрик.

Мен биламан: сиз ёна-ёна,
Боқиб умр болқишларига,
Зор эмассиз биздай девона
Кўнгилларнинг олқишларига.

Эсга тушсак, дерсиз: «Тошбағир…»
Балки дерсиз: «Ҳасад ҳоқони…»
Шонингизга сачраган ахир
Қўқон, Паркент, Наманган қони.

Сиз ўшанда индамовдингиз…
19. 01. 1991.

МАКРНИНГ СУРАТИ

Фарғона-Қўқон, Ўш-Ўзган, Наманган-Андижон,
Бўка-Паркент фожиалари… Ўзбекистон устида
фожиалар қиличи кетма-кет кўтарилиб турган айни
қора кунларнинг бирида бир гуруҳ ўзбек
зиёлиларига республика Ҳамза мукофоти берилди.

Тунни маҳкам ушлаган ғорлар
«Тонг шу…» – дея сайраб туради.
Жилови йўқ жинояткорлар
Элни элга қайраб юради.

Ўт ичида Фарғона, Қўқон…
Ўт ичида Бўка, Паркент, Ўш…
Рўзномалар тарқатар ёлғон,
Хонандалар экранда сархуш…

Барчинойлар бош урар тошга,
Тўмарислар заққум ютишар.
Эс-хушини йиғмаган Тошкан
Мукофотлар бўлишга тушар…

Пахтазордан чиқмайди этик,
Осилса ҳам иссиқдан тиллар…
Бегуноҳнинг оқ кўйлагига
Қонли қўлин артар қотиллар…
21. 01. 1991.

РАҲМАТ
У…га

Раҳмат сизга, раҳмат сизни берган ҳаётга,
Қафасда ҳам бахт борлигин соларсиз ёдга.

Тутқунликдан зада юрак, кўнгли бўшингиз,
Минг афсуски, бўлолмади ором қушингиз.

Боисиман оқ сочларнинг… Тўкиб ёшимни,
Арзир эди пойингизга қўйсам бошимни.

Арзир эди йиғлаб-йиғлаб, мен ичсам қасам:
Фақат-фақат сизникиман, сизгаман, десам…

Мен бўлсам-чи… мен бўлсам-чи… девона кўнгил…
Ўзим каби мунглуғларга опа ё сингил –

Ҳайдай, дейман, севган юртим босаркан қуюн…
Ҳайдай, дейман… Кучим етмас… Йиғлайман юм-юм…

Қуллигини танимаган юрт, деб йиғлайман,
Ёвларини янимаган юрт, деб йиғлайман…

Маъзур тутинг, аёл кучи ёшига етса,
Зора бу ёш сайёдларим бошига етса…

Раҳмат, ёшли кўзларимга боссангиз дудоқ,
Девонангиз асли сиздай қуёшга ютоқ.

Раҳмат сизга, раҳмат сизни берган ҳаётга,
Қафасда ҳам бахт борлигин соларсиз ёдга…
12. 03. 1991.

САЙЛОВЧИ АЁЛ

Журъат ухлар, жасорат ухлар,
Ҳақ-ҳуқуқнинг ухлар забони.
Шу боисдан оппоқ шукуҳлар
Танимайди сендай зебони.

Сени танир изғирин, аёз,
Лабларингни ёришга уста.
Сени танир ҳарсиллаган ёз,
Мадори йўқ, жизғинак тусда.

Сени танир лой-тупроқ дала,
Кўкси узра мудом изларинг…
… Мени ўртар: изингдан яна
Келаётир ўғил-қизларинг…

… Маъқуллашга маҳкум овозинг,
Ақлинг таниб, шуни уқарсан.
Тутқазишган сайлов қоғозин
Қутисига ташлаб чиқарсан.

Ўқимассан йўлига ҳатто,
Сенинг учун чизган бўларлар.
Фалокатми, чалкашми, хато –
Умр режанг тузган бўларлар.

Мана шундай… суягинг қотган…
Мана шундай… бўлолмай адл,
Кўксингдаги донг ухлаётган
Журъатингни этарсан қатл.

Шундан сени танимас шукуҳ,
Шундан сени ёнлаб борар бахт.
Оқшом уйга қайтарсан беруҳ,
Бўш ҳамёнга қўл солиб карахт.

Кўниш фақат, сукунат фақат…
Мени даҳшат босар дафъатан:
Билмам, қандай ростлай олур қад
Журъатларин йўқотса Ватан?!
19. 03. 1991.

ЖАҲОНГИР

Академик Мирзаали МУҲАММАДЖОНОВга

Бу тупроққа баҳор келса агарда,
Чигитларнинг униши-чун келади.
Пайкалларда гулрухсорлар бепарда,
Жазирада куйиши-чун келади.

Бу тупроққа келса агар саратон,
Таъқиқ айлар қувончларни, тўйларни.
Кечаларни қисқартириб, отмай тонг,
Далаларга ҳайдар парирўйларни.

Бу тупроққа келса агар куз фасли,
Қашшоқ эли турган бўлар оёққа.
Омон қолган боғлар тўлар ҳавасли,
Тилик қўллар чўзилади чаноққа.

Қазноқлари бўм-бўш қолар, дон-дунсиз,
Бу тупроққа келганида қиш дилгир.
… Сиз куясиз, ҳайқирасиз, дод, дейсиз,
Жаҳонгирсиз, лашкари йўқ жаҳонгир…
17. 11. 1991.

БОЙМИРЗА ҲАЙИТГА

Мисоли покликни соғинган иймон –
Кўз тушган кунжакда ҳилпирар майса.
Ногоҳ муз урмаса бўлгани, дейман,
Ариқ бўйларида ялпиз жилмайса.
Навбаҳор келтирса элга ифор-ҳид,
Сиз ёдга тушасиз, Боймирза Ҳайит.

Майса кўзларида ўтинч, ҳимоят,
Кўраман ўн-ўн беш ҳимоячи жон.

Тўйдан сўнг сурнайчи кўпаяр ғоят,
Жангдан сўнг ҳамма зўр, ҳамма қаҳрамон.
Юртим, жонбозларинг қуёш эт, ой эт,
Уларнинг устози – Боймирза Ҳайит.

Баҳор қайтаётир биз томонларга,
Уриниб-суриниб, баъзўр йўл очиб.
Жонкуярин чорлай бу чаманларга,
Ахир олишганди жонидан кечиб.
Сўрсалар: «Жонкуяр қай бек, қай саййид?» –
Дейманки: «Аллома Боймирза Ҳайит!»

Минг узр, биз кўрлар кеч топдик сизни,
Жаннат олмасидай яширгандилар.
Гуноҳларга йўйиб савобингизни,
Сизда йўқ қусурни оширгандилар.
Билсак-да, бу найранг иблисга оид,
«У – одам», – дебмиз-а, Боймирза Ҳайит.

Бизни алдаганлар қочиб узлатга,
Зимдан юракка кек жойлаётирлар.
Тазаррулар битмай иймонли хатга,
Ўтган кунларини пойлаётирлар.
Кўр кўзлар очилгач, ким айлар харид
Чиркин матоҳларни, Боймирза Ҳайит?!

Туркийлар тупроғи баҳорли, ёзли,
Кетгани рост бўлсин ундан совуқлар.
Фидойи зотлари бўлсин эъзозли,
Сизни сиз орзуманд авлодлар йўқлар.
Туркий тупроқ битсин шоҳона байт,
Сиз устозлик қилинг, Боймирза Ҳайит!
1991.

Det här inlägget postades i "Йиғларман" - 1991. Bokmärk permalänken.