1993

Гулчеҳра НУР

ЯХШИ-ЁМОН ЎША-ЎШАДИР,
РОСТУ ЁЛҒОН ЎША-ЎШАДИР.
ТУЛПОРЛАРИМ МУНКИЙДИ, ЭВОҲ,
ЙЎЛЛАР ҲАМОН ЎША-ЎШАДИР.

БИРИНЧИ ЯНВАР ШЕЪРИ

Тошлар тегавериб, қонталаш сийнам
Мени тўшагимдан юлқийди саҳар.
Ташқари боқаман. Дарахтлар шийдам.
Оппоқ қорга муштоқ сим-сиёҳ шаҳар.

Юлдузлар бемажол. Юлдузлар сариқ.
Маъюс сатрларни шивирлайди тил…
… Ақалли қорни ҳам тутар-да дариғ,
Бўсағамда турар кулиб Янги йил…

04. 01. 1993.

х х х
х

Кечаги ниҳоллар дарахтдир букун,
Кечаги маҳзунда фараҳдир букун,
Менинг тафаккурим карахтдир букун,
Сен ҳамон гўдаксан, кўнглим-а, кўнглим.

Озроқ табассумга эҳтироминг бут,
Ишончинг неча бор қақшатса-да ҳут,
Кечаги кўрганинг фириблар унут,
Сен ҳамон гўдаксан, кўнглим-а, кўнглим.

Дунёга меҳрни кўчирсам, дейсан,
Шафқат булоғидан ичирсам, дейсан,
Топтаб ҳўрладилар – кечирсам, дейсан,
Сен ҳамон гўдаксан, кўнглим-а, кўнглим.

Насиб бўлгаймикин кўрку малоҳат?
Насиб бўлгаймикин таъбу тароват?
Насиб бўлгаймикин дуркун балоғат? –
Гўдаксан, гўдаксан, гўдаксан, кўнглим.

04. 01. 1993.

АЛЬБОМИНГИЗГА

Сиз каби бўлгандай мен нур адоси,
Мен каби сизга ҳам торми кенг маъво?

Мен-ку эркинликнинг мажнун гадоси,
Сизга маҳбусликни кўрайми раво?!

Йўлларингиз очиқ, азизим, очиқ.
Исталган хоҳишга қайта берингиз.
Менми?.. Ўйламангиз… Мен – маҳзун қўшиқ…
Сиз шод қўшиғингиз айта берингиз.

Дунё кемтигидан юрагим кўмир,
Дунё сийратига тиларман исмат.
Йиғлаб-йиғлаб севмоқ – менгадир умр,
Йиғлаб-йиғлаб ёзмоқ – менгадир қисмат.

Кимда кўрар бўлсам маҳзуна боқиш,
Оҳин оҳим билан ўчирсам, дейман.
Мен – қалби тузоқда питирлаган қуш,
Сизни кенгликларга учирсам, дейман…

04. 01. 1993.

ҲАДИК

Йўлнинг чалғишидан ҳадигим,
Халқнинг қарғишидан ҳадигим.
Боғимга оралар зарпечак,
Барглар сарғишидан ҳадигим.

Гул бош эгмоғидан ҳадигим,
Афсус чекмоғидан ҳадигим.
Истиқлол юз очган юртимга
Итлар тегмоғидан ҳадигим…

06. 01. 1993.

х х х
х

Уфқ қизаради тўкилган қондан,
Ўзига ўт қўяр муроди сароб.
Сен эса ожизсан, куйсанг-да чандон,
Бағринг ғажий бошлар ваҳший бир азоб.

Қайдадир мусофир юрибди дарддош,
Бошин ҳижолат-ла кўтарар офтоб.

Ичинг куйдиради кўзга қалқмас ёш,
Сени ғажий бошлар ваҳший бир азоб.

Нега? Нега?? Нега??? – сўрайсан ҳар он.
Ҳисобсиз саволлар мулзам, бежавоб.
Қафасдаги қушдай бўласан гирён,
Бағринг ғажий бошлар ваҳший бир азоб.

Сенга ачинаман, куйгунчак қумрим,
Оҳи – оқар дарё, лойқа, сершитоб.
… Билолмадим, қанча қолдийкин умринг,
Ахир мудом ғажир ваҳший бир азоб…

06. 01. 1993.

х х х
х

Ботқоқ зумда қуриган мисол,
Мурда гўрдан кўтаргандай бош,
Бир мўъжиза рўй берса, алҳол,
Юз кўрсатса юз бурган қуёш,
Нур, ҳаяжон югурса илдам
Қадим Турон далаларига,
Оқ либослар тикилса гулдан
Муродимнинг болаларига,
«Ўзбекка ҳам борми иноят?» –
Бўғиларкан шеър ҳижоларим,
Кошки, кошки бўлса ижобат
Йиллаб айтган илтижоларим,
Улуғвор руҳ, шукуҳли ҳисдан
Қўрқоқлар ҳам бўлсалар ботир,
Айта олсам: « ОТА ТУРКИСТОН
ЎЗИН ТАНИБ УЙҒОНАЁТИР!»

06. 01. 1993.

х х х
х

Не боис дил ғамга ғарқ? – деб ёзгандим,
Борми кўҳна ғамга шарҳ? – деб ёзгандим.

Кўнгил осмонимда кўринар-ку барқ,
Нечун ғамим қувмас барқ? – деб ёзгандим…

… Ҳамон ўшал мақом, тарҳ, деб ёзяпман,
Ҳамон бад манглайи ярқ, деб ёзяпман…
Бесаноқ жавоҳир соҳибаси-ю
Қачон ёшин артар Шарқ? – деб ёзяпман…

06. 01. 1993.

х х х
х

Оқшом қўнар ним-нимгина,
Фурсат ўтар ўкинмай…
Кир юваман жим-жимгина,
Асабларим тўкилмай.

Баҳмал парда салқиларин
Текислай, деб тортаман.
Ҳозир ювган санчқиларни
Сочиқ олиб артаман.

Ювган кирим – уюм-уюм,
Дазмоллашни бошлайман.
Ўтар туним… Оғрир ўйим…
Саҳарга кўз ташлайман.

Ўкинтириш – машқи экан,
Фурсат ўтар ўкинмай…
Кимдир: «Умр – китоб», – деган…
… Китоб қолди ўқилмай…

08. 01. 1993.

х х х
х

Гулдурак, чақинлар кўкимга тушди,
Ярамга туз сепмоқ чекимга тушди.
Бани кимса бирдай чекса, девдим, оҳ,
Ажабким, оҳ оҳи тўкинга тушди.
Улкан дардларимни мазах айламоқ
Дарди ушоқларга текинга тушди.

Илтижо айладим, шиддат бўлинг, деб,
Нигоҳим нигоҳи сукунга тушди.
Ажаб, наволарим бенаволарга,
Ажаб, муҳаббатим ҳукмга тушди.
Озми дилни дилга кавшарлагувчи?.. –
Кукун-кукун бағрим кукунга тушди.
Ноумид, оғриниб, кўзимни олсам,
Кўзларим полапон эркимга тушди.
Кеча уҳлоқ эсам, айб айлама, дўст,
Қалбим инқилоби букунга тушди…

09. 01. 1993.

ИТОАТНИНГ ИСТИБДОДГА
АЙТГАНЛАРИ


(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Сизга шаъни маликми қисмат?!
Салом эмас, аликми қисмат?!
Бизга – айтар ҳасрати ичда,
Ўксиги пардаликми қисмат?!
Сизга – кибри етти қат осмон,
Озори ердаликми қисмат?!
Бизга – кўзи қасидаларда,
Юраги дарддаликми қисмат?!
Сизга – макр, бизларга эса
Умиди марддаликми қисмат?!
Чидам охир демасми сизга:
«Етар, саркардаликми қисмат?!»

10. 01. 1993.

ЯНА АЛЬБОМИНГИЗГА

Ачинманг, азизим, ачинманг сира,
Ногоҳ тиниб қолса кўксимда дукур.
Оҳ, нечоғ доносиз, нечоғ бокира,
Оҳ, нечоғ телбаман, нечоғ ношукур…

Озорларим сизга бўлди зиёда,
Мунис кўзингизда кўринмасин нам.

Бу бемор дунёда, қаттол дунёда
Нима бўпти, битта кажбаҳс бўлса кам?

Шеърий вазнимизда боқийдек аруз,
Тавозе – урфимиз қадимдан-қадим.
Оҳ, лекин чиқмади мендан дилафрўз,
Нетайки, мажнунтол бўла билмадим.

Шаҳд айтинг, қоп-қаро либосин кийиб,
Ёдингиз ёдимга бўлганда банди:
«Ҳаммага бахт тилаб, ҳаммага куйиб,
Битта менинг бахтим бўлолмаганди…»

11. 01. 1993.

х х х
х

Сиз умрингиз оғриқ кунларин
Қўшиб-бичиб оширмагайсиз,
Ҳамда унинг ёруғ кунларин
Ёмон кўздан яширмагайсиз.
Ошкор барвақт уйғонганингиз,
Шу тупроқни суйганларингиз,
Ҳамроҳингиз сўзига учиб,
Макри боис тийғонганингиз…
Юрагингиз оҳи ҳам ошкор,
Кўзларингиз моҳи ҳам ошкор.
Ҳамроҳингиз боёнлик истаб,
Сизга қазган чоҳи ҳам ошкор.
Жигар-бағри ўйилган найсиз,
Шу фарқ биздан ўздирган сизни.
Шоирсиз-у кўп ҳам ёзмайсиз,
Ёлғон шеърлар бездирган сизни.
Орингиз бор бир Ватанчалик,
Бир халқчалик қарорингиз ҳам…
Ақлингиз бор олқишга молик,
Сиздан дуркун ағёрингиз ҳам…
Сизга букун боқмагай замон,
Букунингиз руҳсиз, барорсиз…
… Ўкинмангиз, эртангиз томон
Улкан бўлиб кетиб борарсиз…

11. 01. 1993.

х х х
х

Шу парча вужуднинг муштдай жони бор,
Шу муштдай жонига қанча моне бор.
Айтари қўшиқмас, беадад фиғон,
Куйлаган они йўқ, куйган они бор.

Умр наҳри агар ол бўлса, билинг:
Дил-дили ёввойи тиғлардан тилим.
Яшаш – сирли сўқмоқ, тиш ўтмас илм,
Бағридан наҳрига оққан қони бор.

Онглар тўкислиги – унинг муроди,
Йўллар текислиги – унинг муроди,
Диллар эгизлиги – унинг муроди,
Дастурхонда қотган парча нони бор.

Қанча йил яшади овози майиб,
Тугабди экан, деб қўймангиз айб,
Кошки кичик қалби кетса кенгайиб,
Ахир унинг улкан Туркистони бор.

13. 01. 1993.

ЯНА ТАҒИН АЛЬБОМИНГИЗГА

Сиз жуда тозасиз, сиз жуда сезгир,
Мени ўзимдан ҳам яхши билурсиз.
Сизсиз атрофимда истибдод изғир,
Руҳимга ҳурликни ўргатган ҳурсиз.

Келинг, кела қолинг… Мусофир оним
Сизни қаршилайин Ҳизр ўрнида.
Сиз – менинг суянчим, жон-у жаҳоним!..
Яна нима деяй узр ўрнида?!

13. 01. 1993.

СОВҒАЛАР


(болалар учун ҳазил)

Турмушимиз тинч, тўкин,
Пешонамиз силашар.

«Ойнайи жаҳон» ҳар кун
Бизга совға улашар.

Ҳамма кичик одамга
Катталарнинг раҳмати,
Акам билан адамга
Каспаровнинг шаҳмати.

Бувимиз ва бобомиз:
«Концерт бизга…» – дейишар.
Ойимиз ва опамиз
«Бурда моден» кийишар.

Мен ва боғча синглимга
Ўзбекнинг «учар от»и.
Бели оғрир бувимга
Об-ҳаво маълумоти…
14. 01. 1993.

ЧУМЧУҚЧА

1.

Емак излаб, сакрай-сакрай,
Сарсон бўлдинг, чумчуқча.
У ён, бу ён қарай-қарай,
Гирён бўлдинг, чумчуқча.

Келиб қолдинг, излаб-излаб,
Гавмиш сигир остига.
Надир тушди ногоҳда «тап»
Ушоқ тананг устига.

Жимиб қолдинг.
Ўлмоқми жўн?! –
Ерга сингиб ётардинг…
Қимирладинг бироздан сўнг,
Бошингни ҳам кўтардинг.

«Чирқ-чирқ»ладинг…
Фарёд-алам
Дов эмас-ку, чумчуқча.

Барча сени булғовчи ҳам
Ёв эмас-ку, чумчуқча…

2.

«Чирқ-чирқ»ладинг…
Ўз-ўзингни
Қўйдинг зумда фош этиб.
«Чирқ-чирқ»ладинг…
Овозингни
Мушук қолди эшитиб.

Эшитди-ю зорларингни,
Елиб келди қошингга.
Ўз ёнингга чорларингни
Билиб келди қошингга.

Панжа чўзди…
Бўлма ҳуррам,
Севинма, бас, чумчуқча.
Барча қўлин чўзгувчи ҳам
Дўстинг эмас, чумчуқча…
3.
Чангалида олтин бўлдинг,
Кумуш бўлдинг мушукка.
Кушандангни кейин билдинг –
Емиш бўлдинг мушукка.

Кўтарардинг оёқни ҳам,
Бошингни-ку кўтардинг…
Оҳ, чумчуқчам, эҳ, чумчуқчам,
«Чирқ-чирқ» қилиб нетардинг?!.

18. 01. 1993.

ЯНА БОЙМИРЗА ҲАЙИТГА

«… мени Ватандан қувладилар. Истиқлол
байроғи остига кириб олган неокоммунистлар
(эски коммунизм ҳақида «ғиринг» дея
билмаганлар) менга, Ватандан кет, дедилар…»

Боймирза ҲАЙИТ

Зиё сочар ҳадемай офтоб,
Тошкент сизсиз уйғонаётир.
Сизга бунда таҳқирлар сероб,
Тақдирларга лойиқ эй ботир!

Шаҳар яшар, тинглаб эрта-кеч
Мусиқалар, ҳамд-у санони.
Бизга малол, ўртаркан ўкинч
Олисдаги сиздай синони.

Жандасининг устидан шаҳар,
Байрам тузиб, кияр зарбоф тўн.
Таажжуб-ла деманг: «Алҳазар!..»
Ниқобланмоқ бизда шундай жўн.

Шаҳар битар ҳар кун мадҳия,
Иймон атаб шонга шайдони.
Қувғиндадир, изламанг сира
Ўзингиздай марди майдонни.

Шиддатлисиз. Шиддат кўрмай: «Оҳ,
Бу ўлимтик шаҳарми?!.. – дерсиз…
Битта сирдан айласам огоҳ,
Сиз – келажак одамидирсиз.

02. 02. 1993.

х х х
х
Ярқираган тонглар суратланади,
Чирқираган онлар суратланади.

Ғолиблигим эмас, мағлублигимдан
Қувонгувчи жонлар суратланади.

«Кимсан ўзи?.. – дейсиз… Менга елкадош,
Эътиқодга хонлар суратланади.

Биз энди бегона. Бир пайт сиз билан
Бирга еган нонлар суратланади.

Куйиб-ёнганларим, сизга бўлсин, деб
Талашганим шонлар суратланади.

Узр, кетолмадим сўқмоғингиздан,
Сиз оқлаган қонлар суратланади…

24. 02. 1993.

х х х
х

Тўфонлардан толиққаним чин,
Қирғоқ сари ҳайда, қайиқчим.

Изтиробим, сабрга айлан,
Қирғоқда бор кимсасиз чайлам.

Чарчоқларим қувмоқ – хоҳиши,
У – мен учун таскин оғуши.

Қиёқзорлар эмас тутқунда,
На истасам, айтарман унда.

Соғинганим – тўғридил терак,
Гар суянсам, бўлади тирак.

Ялпизларни тавоф этарман,
Майсаларга сингиб кетарман…

Унда мени эркинлик қутлар,
Унда йўқдир жонга човутлар.

Юрагимга тушмагай гурзи, –
Йўқ тўфоннинг ҳокимлик ҳирси.

Кезарман-у осойиш боғим,
Мард қайиқчим қўмсарман тағин…

24. 02. 1993

ТЎРТЛИКЛАР

1.

Ўртанди у юртин туғи устида,
Ҳар битта жароҳат, йиғи устида.
Айбламанг, оромни сизга қолдириб,
Яшар-ку ҳанжарнинг тиғи устида…

2.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Эзгулик – шарорим, деманг, уяламан,
Адолат – шиорим, деманг, уяламан.
Қанча ҳақиқатнинг тўсдингиз йўлин,
Ҳақиқат – қарорим, деманг, уяламан…

3.

Бахтингизни дардга ўртоқ кўрмасайдим,
Топган омадингиз чўлтоқ кўрмасайдим.
Дуч келдим ялтоқлар салтанатига,
Ақалли сизни мен ялтоқ кўрмасайдим…

4.

Саф-саф ҳарфларнинг унлиси менми?
Мунгли юракларнинг мунглиси менми?
Айтинг, айта қолинг, қулоғим сизда:
Алпларнинг опаси, синглиси менми?

5.

Ажаб, дунё тўла шеърбоп ўйлар,
Қўрқоқлар матонат қўшиғин куйлар.
Кўнглим, ҳар ҳайъатга ишонаверма,
Ўғрилар ўғрини «пирим» деб сийлар…

6.

Кўксимни БЕАРМОН тилгувчи бўлди,
Устимдан БЕИСЪЁН кулгувчи бўлди.
Мен учун ўртаниб, мен учун ёниб,
Кўнглимни БЕИМКОН олгувчи бўлди…

7.

Ўз-ўзингга суял. Онангга суял.
Суял ўктам ёринг, дониш отангга.
Қадам босаркансан, ўғилжон, ҳар гал
Албатта суянгил мунис Ватанга.

8.

Кўнгил, бахт излагил риёзат ила,
Кўнгил, дўст излагил фаросат ила…
Биродарлик бекор, тотувлик бекор,
Бўлса у куч ила, сиёсат ила…

9.

Ёлғиз ўзинг очсанг эшикни,
Ёлғиз ўзинг ёпсанг эшикни…
Бу – не азоб, бу – не уқубат?! –
Кошки йиқиб тепсанг эшикни…

10.

Маҳзун кўзларимни кўкка қолдирманг,
Бошимдан ўтмоқда чакка, қолдирманг.
Азизим, бир лаҳза, ҳатто бир лаҳза
Мени АНДУҲ ила якка қолдирманг…

11.

Илоҳим, дилтангга сен дилшод бергил,
Илоҳим, беморга сен имдод бергил…
Демасман: безабон, бедилга рутба,
Қўрқоқ-у жоҳилга истеъдод бергил…

12

Дилхунман… Дарё-чи, яллалар айтар…
Беморман… Ёмғир-чи, аллалар айтар…
Ё раб, наҳот ёшли қўшиқларимни
Менга насиб бўлмас паллалар айтар?!

13.

Сиз тўйиб ҳидладингиз, райхон берилганида,
Куйладингиз, нигоҳи жайрон берилганида…
Майдон бўлса, шаҳд ила от сурарман, девдингиз,
Сарбадорни кўрмадик майдон берилганида…

14.

Руҳимга ҳамаллар эга чиқишди,
Сочимга шамоллар эга чиқишди.
Азоб-ла ясовдим қувонч балдоғин,
Қувончга заволлар эга чиқишди…

15.

Бас, юзинг ёшларга ювма, болажон,
Сакра, ўйна, гувран, қувна, болажон.
Дунё ширинлиги ўзингсан, эркам,
Аччиқ андуҳларим қувла, болажон!

16.

Қўрқувдан дарз олди зиндондаги одам,
Фирибдан дарс олди зиндондаги одам…
Ўзи чиқиб олиб алал-оқибат,
Чиқдик, деб жар солди зиндондаги одам…

17.

Осмонда оқ, оппоқ сурп турибди,
Ортида қоп-қаро фириб турибди.
Маъюс кўзларимга қайда тасалли? –
Алмисоқ тегирмон юриб турибди…

18

Сел ёғмиш. Кўриб, ўзни кўрмаганга оларсиз,
Дил хомуш. Кўриб, ўзни кўрмаганга оларсиз.
Ташлай қолинг, чавандоз, йигит тўнин елкадан,
Алпомиш кўриб, ўзни кўрмаганга оларсиз…

19.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Демам: «Куйларимнинг ғаними – сенсан.
Ёр-ёр тўйларимнинг ғаними – сенсан…»
Озод ўйлар – менинг ганжи хазинам.
Озод ўйларимнинг ғаними – сенсан!..

20.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Сўзлашда салобат, салмоқ бўларсиз,
Руҳимга сукунат солмоқ бўларсиз.
Сизга ҳаловатим керакмас асло,
Бедор қалбим юлиб олмоқ бўларсиз…
21.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Оғриқлар кўзимдан сизиб чиқмасми?!
Нафратлар меҳрдан ўзиб чиқмасми?!
Ажаб, азобларим ҳайдайсиз ичга,
Бир кун дарахт бўлиб ўсиб чиқмасми?!

22.

Ташвиқ кўксин кериб юради,
Уйга босим кириб туради.
«Ухлашга ҳам қўймайсан», – десам,
Уйқу дори бериб туради…

23.
Бош яланг. Оёқлар ташвиш қорида.
Юраклар осилган ҳадик дорида.
Эй дўст, кечамиз ҳам бир нави экан,
Юргандик ҳур ўйлар чангалзорида…
24.
Яхши, ёмон ўша-ўшадир,
Рост-у ёлғон ўша-ўшадир.
Тулпорларим мункийди, эвоҳ,
Йўллар ҳамон ўша-ўшадир…
25.
Соялар ҳилолни дуто қиларми?!
Заҳмат тўлинликни ато қиларми?!
Юлдузлар бенуқсон, фаришта, дейсиз,
Юмуш қилмаганлар хато қиларми?!
26.
Ўқирдим диловар китобингизни,
Севардим тановар рубобингизни.
Қайданам мен сизга бўлдим рўбарў? –
Улоқтиргим келар ниқобингизни…

27.

«Гувоҳсиз…»
Бегуноҳ ойга гувоҳман,
«Эвоҳ»га гувоҳман, «вой»га гувоҳман.
Букун қуёш нурин тўсгувчи соя,
Ҳадемай маснади лойга гувоҳман…

28.

Ёмғир осар абрга дорлар,
Ношуд мени сабрга чорлар.
Тезроқ кўрсам эди эркимни,
Фурсат елиб, «қабрга бор»лар…

29.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Ўйламанг: юлдузни кўзлаб яшарман,
Ўйламанг: ўксиниб, музлаб яшарман…
Кўп экан ҳаётнинг жинкўчалари,
Уларда руҳдошлар излаб яшарман…

30.

Армонларим кўп менинг,
Афғонларим кўп менинг.
Кўпни яна кўп этар
Арконларим кўп менинг…

31.

Шамолнинг эс-хуши – «ўйна-ўйна»да,
Ҳамалнинг гўл иши – мазах-майнада.
Ағёримга боқиб, ушлайман ёқа:
Руҳимни кўрсатар қийшиқ ойнада…

32.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Келдинг, аммо келмади баҳор,
Кулдинг, аммо кулмади рухсор,
Қолдинг, аммо қолмади оҳор,
Кетсанг, зора кетсайди озор…

33.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)
Таънага кўмарлар, шукур қилмасам,
Истарлар: қалбимни зикир қилмасам…
Истарлар: қўлимни кўксимга қўйиб,
Қуллуқ қилаверсам, фикр қилмасам…

34.

Майли, ағёримча ёмон от бўлай,
Майлига, бесамар хаёлот бўлай.
Бир тутам изтироб, бир тутам армон –
Диллар оғриғидан хотирот бўлай…

35.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Зора бўлса, девдик, ўйингиз обод,
Худди ой, қуёшдан нурланган робот.
Оҳ, қайдан билибмиз, қайдан билибмиз:
Сўзингиз бунёд-у ишингиз барбод…

36.

Мени пар айлади бедорлик,
Диловар айлади дилдорлик.
Фазогир руҳимни ер билан
Баробар айлади хунхорлик…

37.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Бизим жароҳатлар – сизга тиловат,
Бизим харобатлар – сизга ҳаловат,
Бизим надоматлар – сизга фароғат,
Бизим шижоатлар – сизга ҳалокат…

38.

Фаровон шамларга тиларман соғлиқ,
Чароғон дамларга тиларман соғлиқ.
Шоирлари йиғлар юртга келгай бахт,
Нолон қаламларга тиларман соғлиқ…

39.

Маломат юракка ўрлайверади,
Адолат кўмакка чорлайверади.
Йўлбошчим қуёшдир. Ана, у кўкда,
У тоза. У мудом порлайверади…

24 – 26. 02. 1993.


СУЛАЙМОНБАЛИҚ

1.

Бу улкан дунёнинг сир-асрорлари
Улкан ҳайрат солар жимит қалбимга.

Ҳайрат қўли битган армон-зорларим
Кўнгил зорим бўлсин она халқимга.

Халқки, сўзлаганда, менинг тилим лол,
Халқки, назар солса, нигоҳим ерда.
Куйчимас, куйгувчи букун, эҳтимол,
Мингдан бир армонин шарҳлагай шеърда.

2.

Елдай ўтган умрим, – ҳувиллаган йўл,
Ярим аср чангин ютмиш қош-кўзинг.
Сенга боқиб, кўрдим салтанати чўл –
Сийратким, фиғони узундан-узун.

Сенга онг тааллуқ, фаҳм тааллуқ,
Қанчалар меҳринг бор Ватан – гўшангга.
… Билармисан, надир сулаймонбалиқ?
Яшай олармисан, ўхшаб ўшанга?

3.

Кўз очиб кўрганинг бўлса-да Ватан,
Сут билан кирмади унинг поклиги.
Бағри сафоларга эса-да ҳотам,
Ёприлди макруҳлар иттифоқлиги.

Фаҳминг етмади ҳам, тушиб басталик,
Юртни қотил наҳси шитоб босганда.
… Билсанг, кўзин очар сулаймонбалиқ
Фақат дарё боши – тоза масканда…

4.

Эс кириб, ётлардан ўргандинг удум,
Эс кириб, ножинсга айладинг тақлид.
Шунга маҳкум эди аъмолинг, дидинг,
Руҳинг бўлолмади тоғлардай яхлит.

Буюк ўзлигингдан олмадинг озиқ,
Дондай тафаккуринг ўсар онида.
… Билсанг, камол топар сулаймонбалиқ
Фақат тоза сувли ўз ошёнида.

5.

Ватан фалсафасин англамоқ бўлдинг,
Босиб ўтолмадинг лекин сарҳадин.

Ватан орзуларин тингламоқ бўлдинг,
Лекин билмас эдинг дониш дастхатин.

Фикр кўзаларинг эмасди тўлиқ
Шиддатли, тўлқинли, сурурбахш дилдан.
… Билсанг, чашмадаги сулаймонбалиқ
Энди дарё бўйлаб йўл олар илдам…

6.

Қолганди авлоддан сенга армуғон
Буюк тафаккурнинг буюк денгизи.
Лекин сенинг учун эди ноаён
Ақллар, ҳикматлар – дурлар тенгсизи.

«Қани, – демадинг ҳам, – уммони солиҳ?»
Яширган касларни яшадинг «сиз»лаб…
… Билсанг, дарёдаги сулаймонбалиқ
Энди кетиб борар денгизни излаб…

7.

Туркий тупроқ эди сен учун Макка.
Туркий забон эди буюк сарватинг.
Манфур ёғийларинг этди калака,
Ўзларича чизиб юртинг сарҳадин.

Сенга таъқиб бўлди буюк шевалик –
Юртдошлар чорламоқ юрт бўстонига.
… Билсанг, денгиздаги сулаймонбалиқ
Жуфт бўлиб қайтади илк ошёнига.

8.

Ўзгалар измида ўзни унутмоқ –
Кунларинг шу йўсин тартиб олдилар.
Дилингдан эътиқод, қўлингдан байроқ,
Кўксингдан Ватанни тортиб олдилар.

Ақлинг солиқ бўлди, умринг ҳам солиқ…
Сендан зийнатланди фотиҳлар арши.
… Билсанг, юртим, дея сулаймонбалиқ
Кўксин тутиб борар оқимга қарши…

9.

Алдов, фирибларга йўлинг дуч эди,
Барин тутқазишди сохта даҳонинг.

Пахтангга эгилдинг, сенга бурч эди
Нафсини қондирмоқ тўймас юҳонинг.

Оқ пахта заҳридан умрлар сариқ.
Ғорат маҳкумлари – борки зурёдинг…
… Билсанг, юртга қайтган сулаймонбалиқ
Пок чашмада бошлар насли бунёдин.

10.

Ўртаниб, тўлғаниб тутардинг мотам,
Етмоқ истар эдинг сен ҳам толега.
Қайтгани рост бўлсин кўксингга Ватан,
Боринг фидо унинг истиқлолига.

Сой бўл, шалола бўл тоза манбаълик,
Элга нисоринг йўқ ўзингдан ортиқ.
… Билсанг, куни битган сулаймонбалиқ
Лошин ҳам қавмига айларкан тортиқ…

11.

Бир ҳайрат баҳона, этсам сарҳисоб,
Умр, армонимсан, аччиқ ёдимсан.
Ватан – бир балодан қутилган офтоб,
Ватан, кўксимдаги эътиқодимсан.

Шу тансиқ ганжимга тиларман ёлқин,
Ўтинчим бажо эт, Дунёйи Ҳолиқ:
Сен учун, Ватаним, сен учун, халқим,
Кошки бўла олсам сулаймонбалиқ…

Феврал, 1993.

ИЛТИЖО

Соҳиби адолат, соҳиби дунё,
Шиддаткор учқурни учоқсиз қилма.
Қаршимда яроғин ўқталар риё,
Мулойим сўзимни пичоқсиз қилма!

Яроғим йўқ ахир сўзимдан бўлак,
Мутеликка исён кўзимдан бўлак.
Умр – ҳамма назар солгувчи йўлак,
Шафқат йўлагимни чироқсиз қилма!

Истагим: замона иймонни уқса…
Бетавфиқ дунёга ўт кетсин йўқса…
Қўрқса, одам фақат Худодан қўрқса…
Эркак юрагини чақмоқсиз қилма!

Улар-ку бизлардан кучли, чайирроқ,
Кўрмоқни истайман уларда Широқ.
Худойим, эркакни шиддатдан йироқ,
Худойим, эркакни белбоғсиз қилма!..

25. 02. 1993.

Det här inlägget postades i "Йиғларман" - 1993. Bokmärk permalänken.