1996

Гулчеҳра НУР

ЎТИБ БОРМОҚДАМАН. АЗИЗ ЮРТДОШГА
БАХТ-У ҚУВОНЧЛАРДАН ТОҒЛИК ТИЛАРМАН.
ҲАДЕБ ЁҒАВЕРМАЙ МУШКУЛЛАР БОШГА,
ЁРУҒ КУНЛАРИГА СОҒЛИК ТИЛАРМАН…

х х х
х

Менда ажиб ҳолдир, азизим,
Тилим забун, лолдир, азизим.
Ҳабибимдан кетди ҳабиблик,
Гарчи тили болдир, азизим.
Тиғлар санчди. Чақиргил табиб,
Юрагимдан олдир, азизим.
Заҳри ёмон… Демаган эдим:
«Мени дардда толдир, азизим!..»
Кўз ёшларим оқар ичимга,
Бу қандайин ҳолдир, азизим?!
Тўйдим дунё эрмакларидан,
Мени шеър-ла қолдир, азизим.

15. 04. 1996.

х х х
х

Ногаҳонда, эй тупроқдош,
Озор тусаб, ўч тусаб,
Сиз ҳам отманг кўксимга тош,
Отганлари беҳисоб.

Бу юракка мунис ўлкам
Суратини ўйганман.
«Юртдошим» деб, мен сизни ҳам
Унга жойлаб қўйганман.

Мен учун бу тупроқ азиз,
Удир менга бир жаҳон…
Сиз отар тош ўз бошингиз
Ёрмасайди ногаҳон…

17. 04. 1996.

х х х
х

Руҳимиз ўқитиб, руҳимиз ўқиб,
Шундоқ ҳақиқатни олганмиз уқиб:

Қўйганимиз муқим бир йўлга ихлос,
Бораримиз муқим бир отни ниқиб…

17. 04. 1996.

х х х
х

Чақмоқдай шиддат-ла келиб кетдингиз,
Кўксимга оқ байроқ илиб кетдингиз,
Мени мажнуншиор қилиб кетдингиз,
Туғёнли кунларим.

Бўлиб қолдингиз-ку юрагимда ишқ,
Ҳаётимда маъно, тилимда қўшиқ,
Гар бўлсам, биргина сизга мен ошиқ,
Бўронли кунларим.

Хаёлимдан сира қўймаслигим бор,
Қайтарсиз, барибир тўймаслигим бор,
Сизни суймасларни суймаслигим бор,
Туғёнли кунларим,
Исъёнли кунларим,
Достонли кунларим!..

19. 04. 1996.

х х х
х

О, у фасл – ҳаётингнинг тожли дамлари:
Муҳаббатга жориялик, унга бекалик…
Қувғин бўлиб юракларнинг кўст-у камлари,
Сенга насиб афсонавий шодлик, эркалик…

Гўё энди туғилгандай туярсан ўзни,
Гўё олам сен мисоли ўн саккиз ёшли…
Бахт қўлида турган каби ҳаётинг изми,
Йўлинг ёруғ, кўксинг баланд, кўзинг қуёшли…

Кейин эса… баҳор қайтар, эвоҳ, қайтмас ул.
О, у фасл, ширин тушлар, фирдавсларга хос…
… Қолган умр – у фаслнинг ёди-ла машғул,
Қолган умр – унинг хира шуъласи, холос…

22. 04. 1996.

х х х
х

Биз томонда баҳорлар қисқа,
Ёз кунлари узундан-узун.
Етишсин, деб, ҳар кимса ризққа,
Тонг ҳам зумда очади кўзин.

Биз томонда каслар тўрт қўлли,
Қўймас борни юлмагунича.
Кўзлари ҳам тўймас шекилли,
Тупроқ билан тўлмагунича…

24. 04. 1996.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Сизга хуш келардим, эшитмасданоқ
Айтар сўзларингиз бажара берсам.
Кўнглимда не шаҳар, не овул, не боғ,
Хоҳиш-майлингизга ижара берсам…

Сизга хуш келардим, юрсам мабодо
Елдан ҳам беовоз, майсадан ҳам паст.
Мадҳга ўч райингиз бўлиб муддао,
Саркаш кимсаларга тикласам қафас…

Сизга хуш келардим, алмаштирсам гар
Чаққон елпатакка ҳайронангизни,
Бадбўй кўчангизни билсам муаттар,
Қаср деб кўрсатсам вайронангизни…

Шунда бўлар эди йўлларим текис,
Фароғат – харидор, омадлар – жазман…
… Эвоҳки, эвоҳки, эвоҳ, билсангиз,
Сизга хуш келишга муҳтож эмасман…

25. 04. 1996.

х х х
х

Нима бўпти, шеърга чўзиб даст,
Кутмас бўлсам эҳтиромини.

Мария* ҳам шоир бўлибмас,
Қалпоқ тўқиб, топган нонини…

Нима бўпти, иқболим матни
Умрим бўйи турмаса яхлит.
Гоҳ яшасам, танлаб хилватни,
Хонанишин Анна**га тақлид…

Нима бўпти, боғласа минг ип,
Чирмаб олса само висоли,
Мен яшасам, эркимни севиб,
Севгипараст Сапфо*** мисоли…

Балки дерсиз: «Яратган шоҳид,
Йўлолмассан уларга сира…»
Нима бўпти, қолипларга зид,
Мен яшасам, бўлиб Гулчеҳра…
25. 04. 1996.

* – Мария Цветаева, ** – Анна Ахматова – машҳур рус шоиралари.
*** – Сапфо – қадимий юнон шоираси.

ҚОТИЛЛИК

(достон)

1.

Ажойибот, ғаройиботдан
Ёза билмас митти қаламим.
Оддийгина кулбали, зотан,
Сўз оламим, хаёл оламим.
Буролмасман дарёлар сари
Ярқираган ойли ирмоқни.
Эплолмасман кўплар сингари
Қизиқ қилиб сўзлаб бермоқни.
Билганларин, шундай бўлса ҳам,
Айтмоққа ўч хаёлкаш қалам.

2.

Ўн еттига кирган Дилобар
Сулувликда мислсиз эди.

Сочи кўйлак билан баробар,
Кўрганларнинг кўнгли «жиз» эди.
Қоп-қора қош-кўзлари, алҳол,
Қаймоқ юзда «мана мен»ларди.
Ўнг яноқда турган дона хол
Қорачиқдай жойни энларди.
Кимдир суқин солган эканми?!
Қорачиғи қолган эканми?!

3.

О, қиз юрса… О, қиз юрганда,
Сарви сумбул айлар хиромон.
Йигит кўзлар ногоҳ кўрганда,
Дерки: «Эвоҳ, жаннат ароман…»
Бунча ҳусн, малоҳат, ибо
Бир рухсорда ҳеч зуҳур бўлмас.
Ҳур қизлар ҳам бунчалар зебо,
Парилар ҳам бунча ҳур бўлмас.
Ўз зоти ҳам боқаркан гирён,
Онасида бормикин армон?!

4.

Йигитларни ўртарди малак,
Ўртар эди мулзам бўлишлар.
Билолмасдан кўплар жонҳалак:
Бу қиз қандай умрдош хушлар?
Қайтишганди остонасидан
Талайгина совчилар қуруқ.
Бир бор кўрар ё кўрмасидан
Қиз жавоби бўлар эди «йўқ».
У қалбидан туғён кутарди,
Туғёнга бек ўғлон кутарди…

5.

«Кутганим шу…» – ўйлади гўзал,
Бошин эгиб турганида алп.
Айтмади у сеҳрли сўзлар,
«Мен, – демади, – ошуфтаҳол қалб»…
«Майлими?..» – деб, қиз раъйин сўраб,
Сўнг бошлади қабристонга у.
Қабртошга лаб босди, ё раб,
Бу соҳир кўз, бу латиф туйғу!
Сўзларининг жодуси борми?
Қиз орзуманд ёғдуси борми?

6.

«Бувижоним, айлангиз дуо,
Шу қиз менинг оқ гулим бўлсин!
Уни бахтли кўрмоқ – муддао,
Севгим бўлсин, севгилим бўлсин!
Майли, қабрим тўлдирсин илон,
Ишқ фармонин бажо этмасам.
Буви, сизнинг руҳингиз билан
Севги учун ичаман қасам.
Шу париваш истаги бўлай,
Мен ҳам унинг меҳрига тўлай…»

7.

Қиз дегани қадим-қадимдан
Дил бўлади, дилдор бўлади.
Ипак тортиб қатим-қатимдан,
Гул бўлади, гул ёр бўлади.
Йигит эса, нигоҳи чақмоқ,
Мард бўлади, мардон бўлади.
Қиз кўксини айлагувчи тоғ,
У гуркирар майдон бўлади.
Шу бўларки қиссадан ҳисса,
Жаннат бўлар, икков севишса…

8.

«Яқин эмиш Дилобар тўйи», –
Хабар зумда тарқалди-кетди.
Кимлар боши эгилди қуйи,
Кимлар қалбин ўкинч чок этди…
«Куёв киммиш?»
«Қўшни қишлоқлик
Шариф деган муаллим эмиш…»
Маҳалла-кўй кўнглида оқлик,
«Икков қўша қаришсин», – демиш.
О, сен – менинг дуогўй халқим,
Тоза ният, тоза ўй халқим!..

9.

Лабларида қип-қизил чечак,
Баҳор чирмаб юз-у кўзини,
Оқ кўйлаклик оппоқ келинчак
Гўшангада кўрди ўзини.

«Жоним…»
Гўзал кетди сесканиб:
Ё раб, бу не бегона товуш?!
«Ие, сиз… сиз… Шарифжонмасми?..» –
Қиз бошидан учди буткул хуш.
«Мен қўрқиб рад этмоғингиздан,
Дўстим кўнгил олганди сиздан…»

10.

Ўлди, ўлди, қиз кўзидаги
Қайноқ-қайноқ меҳрлар ўлди.
Ўлди, ўлди, наргизидаги
Булоқ-булоқ сеҳрлар ўлди.
Сийнасида эди, ўлди, оҳ,
Одамларга ишонч каптари.
Гул эмас, йўқ, кул бўлди ногоҳ
Ишқ дафтари, умр дафтари.
Номард атаб куёвни қалам,
Ёзолмади ҳатто номин ҳам…

11.

Бир нуқтага тикилганича
Ўлтирди қиз бир кеча-кундуз…
Осмонидан тўкилганича
Ниҳон бўлди қуёш, ой, юлдуз…
Кейин деди: «Қотилсиз… Лекин
Обрўйингиз тўка олмасман.
Эл-юртга ош тортгансиз букун,
Номусингиз бука олмасман.
Чиқмагайман остона босиб,
Лекин сизга… бўлмасман насиб…»

12.

Нима қилиб қўйдинг сен, макр?!
На айтиб, на солиб бўлар дод.
Икков кирар эшик биттадир,
Икков юрак айродир, ҳайҳот!
Аросатга ўхшар робита,
Топталган қалб неларга қодир:
Ўртадаги дастурхон битта,
Фотиҳалар буткул айродир.
Кун келарми шифоли, нурли?
О, бу дўзах қанча умрли?

13.

Бошда куёв қилганди хаёл:
«Кун, ой ўтар… Қолгай қиз кўниб…»
Йўқ! Йўқ!!
… У мунг тўкди бемажол…
Зор қақшади… Кўрди юкиниб…
Йўқ! Йўқ!!
Ёниб, минди ғазабга…
Қилиб кўрди дағдаға-ю дўқ…
Изн берди титроқ асабга…
Куч кўрсатди…
Барибир… Йўқ! Йўқ!!
Найранг кўксин поралаган қиз
Асаб, кучга букарканми тиз?!

14.

Бу – шундай дард, бу – шундай сазо,
Икки дилни айларди ғариб.
Топиб бўлар на унга қазо,
Ва на бўлар уйдан чиқариб…
Чиқарсангиз… Бу юҳо-ютоқ
Кўзларингиз баттар ёшлагай:
Қиз-иффатни айлагай-да доғ,
Эр-номусни букиб ташлагай.
Иффат – ҳижоб, фариштага хос,
Номус эса йигитга либос.

15.

Кунлар ўтар, ўтар ой-йиллар,
Қиз алдовни кечира олмас.
Бир афсуски, ўкрар, чийиллар,
Йигит дилдан ўчира олмас.
Бу – ҳаётмас, томирлардаги
Борки қонни сўргувчи каззоб.
Уқубатнинг кўринмас таги,
Тугагувчи эмас бу азоб.
Ўлиб сурур, ёшлик – тик қоя,
Яшар фақат икковда соя.

16.

Йигит борар тобора нураб,
Дилни дилга пайванд этолмай.

Юпун қалбни қўймайди ўраб –
Қиз, алдовни ёнлаб ўтолмай.
Йигит ўхшар тугаган шамга,
Нурни тунга кўчиролмасдан.
Қиз эса-чи, содиқ қасамга,
Ҳийлаларни кечиролмасдан.
Алдов, макр кечирилса гар,
Ҳаёт тугар, коинот тугар.

17.

Алдов, макр кечирилса гар,
Тўлмагайми зулматга борлиқ?!
Залолатлар бўлиб мўътабар,
Зарофат, деб олмасми ёрлиқ?!
Касофатнинг ошиғи олчи,
Хиёнатнинг тиллари узун…
Адолат-чи, ҳақ-чи, ҳалол-чи
Забунликда кўрмасми ўзин?!
Қайда ҳаёт бенур, албатта,
Билингизки, разолат тахтда.

18.

Бўларкансиз «Ёр-ёр»ларга сас,
Эй янгалар, келинчакка сиз
Остонаси тилло уй эмас,
Қалби тилло ёрни тилангиз.
Самоларнинг кўклигин тиланг,
Тиланг яна юксаклигини,
Мардлиги, чин сўзлиги билан
Энг покиза юраклигини.
Поклик – ахир ҳаёт устуни,
Келин-куёв сеп билсин уни.

19.

Куёвлик тўн тўзиди, бироқ
Тўзимади бедаво оҳи.
Янгиларди ҳар соат, ҳар чоғ
Дилобарнинг маъюс нигоҳи.
Янгиларди муттасил, тинмай
Ҳатто саси, ҳатто шарпаси.
Эр кўкракка тушар пайдар-пай
Хатосининг чўқмор зарбаси.

Насиб этмай жаннатий васл,
Зарбалардан йигит бўлди сил…

20.

Қабр турар қабрлар аро,
Тупроғини шамол юлқийди.
Ўтлар босган… бейўл… бедуо…
Кўрган кўздан савол силқийди:
Ким ётибди?
Жувонмарг орзу,
Муҳаббатнинг ботилимикан?
Тубанликка, алдовга кўзгу –
Ишқ-у ишонч қотилимикан?
Худо билар: эҳтимолки, ул
Ҳам қотил-у ҳам мақтул, мақтул…

28.04-4.05. 1996.

х х х
х

Фақат тушда жайрон кўрсанг, майлига,
Хилватларда хайрон юрсанг, майлига,
Аҳволингдан нодўст хурсанд, майлига,
Лекин ўзни ёлғонларга берма, дил.

Шохмассанки, буташлардан пастлашиб,
Кетаверсанг ҳар иқлимга мослашиб,
Юролмас бўл алдов ила дўстлашиб,
Чақноқ кўзни армонларга берма, дил.

Сендайларга таъқибларнинг дасти бор,
Чидаш бергил, назарларнинг пасти бор,
Нолимагил, кенг осмоннинг ости бор,
Эркин сўзни унвонларга берма, дил.

Берар бўлсанг, юрагингни оққа бер,
Эндигина таниганинг Ҳаққа бер,
Едирар-у ўзи емас халққа бер,
Лекин ўзни ёлғонларга берма, дил,
Унвонларга, армонларга берма, дил.

04. 06. 1996.

х х х
х

Ўтиб бормоқдаман. Азиз юртдошга
Бахт-у қувончлардан тоғлик тиларман.
Ҳадеб ёғавермай мушкуллар бошга,
Ёруғ кунларига соғлик тиларман.

Уларники бўлсин бокира тузум,
Қадди тик, ҳиммати баланддан-баланд.
Йўқса, изтироблар юмдирмас кўзим,
Йўқса, ўтолмасман кемтик дил билан…

04. 06. 1996.

х х х
х

Ташларканман кўксимга назар,
Кўрмаслик-чун қон силқар изни,
Сотқинликдан қилганча ҳазар,
Хотирамдан ҳайдайман сизни.
Найрангидан отилар лаъва,
Қувончимга махфий ғаним – сиз.
Танимасдан қўл чўзганим ва
Синамасдан ишонганим – сиз…

10. 09. 1996.

МЕНИНГ ҚАҲРАМОНИМ

Юрт осмонин тутса қаро булутлар,
Қор, ёмғир ўрнига ситамлар ёғса,
Темир тобутларга тўлса йигитлар,
Оналар соч юлиб, эсидан оғса,
Босиб келаверса бало-қазолар,
Суянчлар суянчиқ бўлмаса жонга,
Уй-уйига қочса казо-казолар,
Менинг қаҳрамоним тушар майдонга.

Кўкка қайта бошлар қуёш, ойлари,
Кўзга қайта бошлар малоҳатли ранг.
Юрак афғонлари, дилнинг «вой»лари –
Ўрнин эгаллайди ҳаётбахш жаранг.

Энди кўкрак керар кечаги қўрқоқ,
Жонин ҳовучлаган ҳайқирар: «Халқим!..»
Кеча эл бўзига бўлмаган арқоқ
Ўзин «фидойи» деб айлайди талқин.
Номдорлар кўпаяр соат, кун оша,
Ботирлар пиёда, қўрқоқлар отда…
… Бу ҳаёт саҳнини қилиб тамоша,
Менинг қаҳрамоним турар бир четда…

11. 09. 1996.

х х х
х

Сочса қуёш майин зиёсин,
Нафис еллар қанот ёйсалар,
Бу сурурнинг топмай қиёсин,
Ҳаяжонга тўлар майсалар.

Кўнгил, йўллар сени этса зиқ,
Тўлқин-тўлқин майсага қара.
У – ҳаётдан мовий бир қўшиқ,
У – ҳаётдан нафис манзара –
Овунтирмоқ бўлгандай сени…

11. 09. 1996.

х х х
х

Дилларга синчиков боққан маҳалим,
Бениқоб дардкашга ташна, зор кезлар,
Кўрдим фоҳиша тун сўзларин ҳалим,
Кўрдим рутубатда юлдузли кўзлар.

Мағрибдан кўринган сокин булутлар,
Дебмидим, бошлайди қиёмат-қойим.
Тегса ловуллатар газанда ўтлар
Чорбоғим четида турар мулойим.

Арида куйчилик, гулда бенишлик,
Теракда тўкислик ниқобин кўрдим.
Елда беозорлик, сувда хонишлик,
Сўқмоқда текислик ниқобин кўрдим.

«Сен ҳам юрагимнинг кўкмаги», – девдим,
Тилишди янтоқлар оёқ-қўлимни…
Шивир-шивир куйчи ёмғирни севдим,
Халқоб-халқоб бўлиб, тўсди йўлимни…

Неча бор ўртаниб, ёшланди кўзлар,
Неча бор қалтираб, тугилди муштим…
Қандай тушунсангиз – ихтиёр, дўстлар,
Мана, мен бениқоб ўртага тушдим…

13. 09. 1996.

Det här inlägget postades i "Йиғларман" - 1996. Bokmärk permalänken.