1997

Гулчеҳра НУР

ЖАМИ ДАВРАДОШНИ УЛФАТГА БУРСАНГ,
ЮРТ, ДЕБ КУЙМАСЛИКНИ ИЛЛАТГА БУРСАНГ…
ҚАБРДА ТИНЧ ЁТМОҚ МУДДАО ЭРСА,
ЖОН-У ЖАҲОНИНГНИ МИЛЛАТГА БУРСАНГ…

х х х
х

Бу не бокира кун, -
Оппоқ кийинган.
Шох-шаббалар дуркун,
Момиқ куй инган.

Боқаман. Ўранар
Оқликка руҳим.
Кўзга сургим келар
Январ шукуҳин.

Меҳр чанқоқ сўзга,
Завқ-ла биттаман.
Мендан араз дўстга
Қорхат битаман…

26. 01. 1997.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Ўйлайсизки, кўргай хорликлар,
Кетиб саркаш, хавфли сўқмоқдан.
Шум қоялар тикка жарликлар
Чарчамагай ғамга тиқмоқдан…»

Ўйлайсизки: «Тилимлаб дилин,
Яшар энди зор бўлиб нурга…»
Мен бўлсам-чи… Бекишан йўлим
Алишмасман ҳеч бир сурурга…

02. 02. 1997.

х х х
х

Сизга шаҳд қисматни кўрмасман раво,
Гарчи у оғриқли, оловли даво,
Ҳамманинг бахтига талабгор наво…
Сиз унга талабгор бўлолмагайсиз…

Юксак парвозларнинг парвонаси – сиз,
Манманлик буржининг сайёраси – сиз,
Ердаги оғриқлар бегонаси – сиз,
Дилхунга дилафгор бўлолмагайсиз…

Шаҳд қисмат – юртига қайишганларга,
Оқлик, иноқлик-ла суйишганларга,
Кўкси ноҳақликдан увишганларга,
Сиз унга талабгор бўлолмагайсиз…

Сизга шаҳд қисматни кўрмасман раво…

02. 02. 1997.

х х х
х

Ишонаман: юрагинг бир кун
Севинчидан қарсак уради.
Муродларинг кўз-кўзлаб кўркин,
Борлиғингда шоён туради.

Ишонаман: маъюс кўзларинг
Маъюсликдан ғолиб чиқажак.
Қайтиб келар шўхчан кезларинг,
Қўлларингни қувонч сиқажак.

Боқиб бу кун лоқайдлигига,
Кўриб бахтнинг нишонмаслигин,
Мен эртангнинг сербахтлигига
Мумкин эмас ишонмаслигим…

Ёришар-ку қоронғи ой ҳам,
Ватан.

02. 02. 1997.

х х х
х

Суюнма, ёнсам-у оҳингда,
Оҳимни Аллоҳга йўлласам…

Куйинма, овунган чоғингда
Сўзингда, кўзингда бўлмасам…

Ҳайрат-ла демагил: «Оҳ, кимсан?..» -
Дардингга жарроҳлик кезларим.
Сен – менинг азобли бағримсан,
Мен – сенинг оғриқли кўзларинг,
Ватан!

06. 02. 1997.

х х х
х

Ғирчиллайди чархпалак ўқи,
Эговлайди таранг асабни.
Сувдонлари – ўйинбузуқи,
Кўтаринки ҳолат тусабми -
Новга қуяр чала-ярим сув,
Ярмин тўкар олган жойига…
… Синган тик шох мук тушибди-ку
Танасининг шундоқ пойига…
… Самбиттолнинг чилвир қамчиси
Савалашга маҳталдай узун…
… Ёғиб ўтган ёмғир томчиси
Дорга осмиш бирма-бир ўзин…
Йиғлоқи кўк кайфидан қўшган
Сатрларим қовоқ осарлар…
… Газеталар ёшликда тушган
Хандон суратимни босарлар…

06. 02. 1997.

х х х
х

Тақдир сизни айлаб пиёда,
Руҳингизни ғижимлаб қўймиш.
Айтинг, ким ҳам одил дунёда
Хоинликнинг нонига тўймиш?!

Яширмайман: хаёлимда сиз,
Қувончларга эмасман банда.

«Ким бўпсан?» – деб ниққанларингиз
Наҳот бу кун қилсам писанда?!

Нигоҳимга хаёл тун чизган,
Менинг-да руҳ либосим ғижим.
Хоинликнинг сизга тутқизган
Жазосига куйинаман жим…

06. 02. 1997.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Сермалоҳат, оромбахш узлат
Кўзга таскин, кўнгилга надим…
Менга ногоҳ кўрсатиб иззат,
Чорладингиз… Бора қолмадим…

Бошқа бўлса… қиларми қуллуқ…
Бошқа бўлса… борарми учиб…
Эҳ, менга-чи… хаёллар улуғ,
Шод юрибман, сукунат ичиб…

Нечун ғамга тутқазмоқ барни?
Надоматда нечун кўз ёшлаш?..
… Ўйин сизга не кимсаларни
Аввал чорлаб, сўнг туфлаб ташлаш…

08. 02. 1997.

х х х
х

Мудом бергайсиз изн,
Қай ҳавасга бойлансам.
Чидарманми, азизим,
Майсаларга айлансам?!

Тургайман беҳол-беҳол,
Фонийликдан бўлиб хат.
Бош устимда мажнунтол,
Атрофимда сукунат…

Севганим атргулдан
Экар, эҳтимол, қизим.
Балки ўшанда чиндан
Гул бўлгайман, азизим.

Саркашликдан бегона,
Нафиса гул, маъсум гул.
Ифорларга дугона,
Билганлари таъзим гул.

Кўрмагайсиз, оҳ, бироқ,
Оҳ, кўрмоққа бўлсин йўл…
Биз икковлан – қўш сўқмоқ,
Бир-бирига етмас қўл…

Тинглаб тиловат сўзин,
Беҳад меҳрни таниб,
Йиғларман-ку, азизим,
Майсаларга айланиб…

11. 02. 1997.

ҚОРСИЗ ҚИШ

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Шип-шийдам дов-дарахт кайфияти паст,
Қишнинг авзойида лоқайдлик битик.
Кўнгил, сен илҳомсиз кунга қасдма-қасд
Баҳор учун оппоқ кўйлакларинг тик.

Қорсиз қиш курсисин кўтаришар даст,
Санаб уни оппоқ, атаб уни бут…
Кўнгил, сен елпатак сўзга қасдма-қасд
Улоқтир қаламни, айлай қол сукут…

25. 02. 1997.

ТЎРТЛИКЛАР

1.

Кун келар-да, носоз тузалар,
Бетаъмир ҳам бир кун безалар.

Фақат қалбим келар жумбушга,
Барбодни гар обод, десалар…
03. 03. 1997.

2.

Куз. Япроқлар битта бўлмиш ер ила,
«Ўлик-тирик меникидир», – дер ила.
Мен-чи, шукур, яна тағин биргаман
Меҳр ила, қуёш ила, шеър ила…

3.

Тонгда ёзганларим шомда ўчирдим,
Милт-милт ёниб турган шаъмда ўчирдим.
Ногоҳ очилди-ю кул босган кўзлар,
Қул шеър, қул унвон, шон-да ўчирдим…

4.

«Ўт кетсин!» – дейди ким аччиқ дод ила,
«Тўйдим…» – дер қай йўлчи хорғин от ила.
Ўтга сув, отга куч бўла қолгил, қалб
Ақалли илиқ сўз – илтифот ила…

5.

Жами даврадошни улфатга бурсанг,
Юрт, деб куймасликни иллатга бурсанг,
Қабрда тинч ётмоқ муддао эрса,
Жон-у жаҳонингни миллатга бурсанг…

25. 09. 1997.

6.

Сизни тутди селлар ёғини,
Ёзолмади дил япроғини.
Сиз – бўлиқ дон, тополмаган дон
Ўз иқлими, ўз тупроғини…

7.

Илк бор унда топдим онам, отамни,
Унда топдим меҳри бисёр ҳотамни..
«Она», – деб, ўғлоним, чорласанг мени,
«Онажоним», – дея чорла Ватанни…

8.

Бирни ўйлагувчи – сурати одам…
Ўнни ўйлагувчи – шунчаки кимса…
Мингни ўйлагувчи – иймони бардам…
Элни ўйлагувчи – байроққа лойиқ,
Уни бошда тутса арзир халойиқ…

9.

Излагаймиз юзлардан навбаҳорлар тусини,
Ҳидламоққа ташнамиз атргуллар исини.
«Ҳаёт ширин», – деймиз-у яшаётирмиз унинг
Совуғидан ғужанак, чақинида исиниб…

10.

Баҳормас, куздаги баргда хаёллар,
Кўксидан қувончлар таркда хаёллар…
Ҳашамлар тарафга чорламанг, ҳабиб,
Девори, томи йўқ эркда хаёллар…

26. 09. 1997.

This entry was posted in "Йиғларман" - 1997. Bookmark the permalink.

Comments are closed.