1998

Гулчеҳра НУР

ШЕЪРИЙ КУЗ КУНЛАРИН СОҒИНДИК,
РЎШНОЛИК ТУНЛАРИН СОҒИНДИК.
ДЎЛЛАРДА ЭЗИЛИБ, СЕЛЛАРДА ИВИБ,
МИЛЛАТ УСТУНЛАРИН СОҒИНДИК…

х х х
х

Ўкирган осмондан сапчийди юрак,
Тизза-бармоқларга тўлар титроқлар.
Бўрон бодом шохин этар чирпирак,
Бандидан узилмиш гўдак япроқлар.

Узилмиш меҳрдан, ориятдан ип,
Атрофдан мосуво салом-у алик.
Янгигина келган баҳорни қувиб,
Ҳаммаёқда ҳоким дўлвор-телбалик.

Кўзлар мардга муҳтож. Топилмайди мард.
Ғижим рухсорларга андуҳлар тўлган…
– Қани андак дардга бўлгувчи ҳамдард?
– Шоирлар, дейсизми?.. Шоирлар… ўлган…

13. 02. 1998.

ТЎРТЛИКЛАР

1.

Шавқнинг ҳубоблиги шеърда кўринди,
Дилнинг рубоблиги шеърда кўринди.
«Зарофатли, – девдим, – шеър ила дунё»,
Дунё хароблиги шеърда кўринди…

03. 03. 1998.

2.

Оғирқадам, залвор изтироб
Пок юракка турар тиз тираб.
Ул юракка имдод бўлолмай,
Аросатда мунглуғ биз – туроб…

3.

Толиб акага

Кўксингизда буюк севги сақлаб сиз,
Маломатлар совуғида яхлабсиз.

Мен – ҳайрона, мен – вайрона, мен лолман,
Ахир қачон сиз «ўзим…» – деб «оҳ»лабсиз?!

07. 03. 1998.

4.

Боқсин боққанича замон чапдастга,
Иқтидор ўзини пулласин касга.
Мен эса, қаламим, суянай сенга,
Инсон маснадимни туширма пастга…

08. 03. 1998.

5.

«Аралашманг…» сўзини хушлаб,
Мунглуғ дилни турар у ушлаб.
Кун ўтказса керак бу ёғи
«О, фалак!..» – деб, осмонни муштлаб…

11. 03. 1998.

6.

Таъб оппоқ, оқ қушни яхши кўради,
Кўз майин боқишни яхши кўради.
Дил-чи? У кексадай айтади ҳикмат:
«Сув эркин оқишни яхши кўради…»

7.

Бедорлигинг ўтаркан сўзга,
Баҳорлигинг кўчаркан қизга.
Армон эса дастхатларини
Ўчмас қилиб ёзаркан юзга…

8.

Ҳамманинг дардини чекар ҳабибам,
Хуш сўзга борини тўкар ҳабибам…
Мен эса қўрқаман: андак елга ҳам
Кўнглининг кемаси чўкар ҳабибам…

9.

Бир сўзни эъзозлаб, хаёл толмагай,
Усиз шавқ-шукуҳлар қувват олмагай.
Ватан бу! Сурати ўйилган қалбни
Ўзга юрт қучоғи қувнатолмагай.

10.

Дарахти пойига барглар бош урар,
Анҳор тиниқлигин чандон оширар.
Ё раб, бу қай фасл, қандай қўналға? –
Қадам секинлашиб, фикр шоширар…
12. 03. 1998.

11.

Кўрдим сўқмоқ ўтларининг кўк тасмасин,
Ажриқларнинг ўсишдаги басма-басин.
Замондошим, ҳасратгўйим, ўтинаман:
Сўқмоғимдан ўтиб тургил, ўт босмасин…

12.

«Дўст», – дейман. Нозиктаъб бергил, Худойим,
Бир қараш, бир матлаб бергил, Худойим.
«Эл», – дейман. Унутмай биронтасин ҳам,
Фақат широқча қалб бергил, Худойим!

13.

Пок кўринган оқ қиш кузни йиқитди,
Чимрилган бир қараш сўзни йиқитди.
Ажабо, ҳайратдан ушлайман ёқа:
Биз кўтарган томлар бизни йиқитди…
13. 03. 1998.

14.

Ғамни янчиб юролсанг, кўнгил,
Афифликка ўралсанг, кўнгил…

Эҳтиромим беадад сенга,
Тож киймаган қиролсан, кўнгил…
17. 03. 1998.

15.

Йўл сўнггида турган пайтим, дейинми?
Шеър – ўтган умрдан қайтим, дейинми?
Дўст, рози қилдингиз бир умр мени,
Рози қилолдимми, айтинг, дейинми?..

16.

Кўзлардан довдираб, кўзга қайтганман,
Сўзлардан толиқиб, сўзга қайтганман.
Оғриниб, робита ипларин узиб,
Дўст, яна барибир сизга қайтганман…

17.

Парвоз орзуларим қушга кўчибди,
Ошкор мавзуларим тушга кўчибди.
Оламча оғриғим битта тўртлик-у
Оламча нафратим муштга кўчибди…
21. 03. 1998.

18.

Баримас, ой чиққан тунлар умр экан,
Баҳайбат қувонч-у мунглар умр экан.
Борки яшалгувчи йиллар эмас, йўқ-йўқ,
Ватан, сенга фидо кунлар умр экан…

19.

Заҳмати йўқ билаклар – гадо,
Рағбати йўқ тилаклар – гадо.
Бизни қашшоқ ўйламанг, ҳабиб,
Севолмаган юраклар – гадо…

20.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Фурсатга имконни тадбиқ этсангиз-чи,
Забонга ёлғонни таъқиқ этсангиз-чи.
Рауф юракларни ағдар-тўнтар этмай,
Сиз ўз юрагингиз тадқиқ этсангиз-чи…

21.

Дўлга қолмасайди майса кез, болам,
Ёйга дўнмасайди мағрур тиз, болам.
Эриб йўқолмоқлик тақдирда бўлмай,
Қорга тушмасайди борки из, болам…

22.

Девдим: «Ким маслакдош бўлолса, у – дўст».
Маслакдош топмоқ ҳам ширин орзу, дўст.
Сени чироқ билиб, қувонган эдим,
Сўқирнинг қўлига тушибсан-ку, дўст…
22. 03. 1998.
23.

Меникисан, моҳина, моҳим,
Аритолса оҳларни оҳинг,
Ҳамон тинчлик бермаса агар
Қачонлардир қилган гуноҳинг…

24.

У қўнган гулбоғда олмасман хордиқ,
Маҳзун дафтаримни очмасман ортиқ.
Бахтиёр айларкан азобим уни,
Бундай бахтни унга этмасман тортиқ…
25.

Гарчи дасти толмассан,
Гарчи зеҳни олмоссан,

Ҳурлик – кўкда учар қуш,
Уч, йўқса тутолмассан…
26.

Борки ранжларингиз сабримга қолсин,
Борки меҳрларим абримга қолсин.
Шундай яшайинки, ўкситмай сизни,
Ўксир онларингиз қабримга қолсин…
27.

Менга танқид-таъна – сиз,
Мендан кутмас таъма – сиз…
Ногаҳонда йиқилсам,
Суягувчим – яна сиз…

28.

Бедарду бетуғён созга – истеъфо!
Шамол измидаги сўзга – истеъфо!
Меники эмассиз, меники эмас,
Бефикр лаҳзалар, сизга истеъфо!

23. 03. 1998.

29.

Рағбат ўзиб бораверади,
Иллат эзиб бораверади.
Истасак-да узоқ умрни,
Ғафлат кесиб бораверади…

30.

Ростдан жудоликнинг жавоби ҳам бор,
Юртга фидоликнинг тавофи ҳам бор.
Бугунга бўлмаса, охират учун, –
Ҳаққа адоликнинг савоби ҳам бор…

31.

Туғёнларим турганда,
Гирёнларим турганда,

Пастни нечун олқишлай? –
Осмонларим турганда…

32.

Изғирин чўчитган гулга соқчиман,
Чироғи узилган йўлга соқчиман.
Менга дашномларинг бас қилгил, нодўст,
Сенга ўхшамасдан яшамоқчиман…

33.

Ҳаяжонли сойлар сачради,
Сурайёлар, ойлар сачради…
От чоптириб ўтаркан КИБР,
Уст-бошимга лойлар сачради…

34.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Номатлуб озорга тўлган косасиз,
Номаҳбуб зарда-ла сўзни кесасиз…
Кўнгил майналарин чўчитиб нечун,
Кўнгил майсаларин нечун босасиз?..

35.

Осмонимда моҳ ёлғиз,
Юрагимда «оҳ» ёлғиз…
Ёлғиз билмангиз мени,
Кўксимда Аллоҳ ёлғиз…

36.

Кўзларни ўкситар кўзгудан кечдим,
Шаҳдга айланмаган орзудан кечдим.
Дарё ирмоқ-ирмоқ шимилди қумга,
Агар шундай бўлса, эзгудан кечдим…

37.

Қарзлар тўлов ила чиройли,
Дарзлар қалов ила чиройли.
Во ажабо, қароқчи учун
Ҳаёт талов ила чиройли…

38.

Ифори, тикони бут гул – муҳаббат,
Маҳрингга тушганман буткул, муҳаббат.
Адашиб юрмайин… Қабргача то
Чўзиқ қўлларимдан тутгил, муҳаббат…

25. 03. 1998.

39.

Ўтни ўтга фидо тутқазди,
Дардни дардли нидо тутқазди.
Сиздай майин, нилуфар қалбни,
Сўраб эдик, Худо тутқазди…

40.

Саёз қалб тубида дур бўлмас эмиш,
Нодон – хато қули, ҳур бўлмас эмиш.
Балки зари бўлар, зўри бўлар-у,
Бетавфиқ юзида нур бўлмас эмиш…

41.

Харид тиллоларинг мен соф тиларман,
Харис кўзларингга офтоб тиларман.
Мени рақибига йўйган рафиқим,
Сенга ҳам Аллоҳдан инсоф тиларман…

42.

Қошинг, кўзинг гуноҳинг кўрди,
Лабинг, юзинг гуноҳинг кўрди…
«Кўрмади», – деб бўларми экан?!
О, минг битта гувоҳинг кўрди…
26. 03. 1998.

43.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Йўлда бир кимса-ку, минг фириб борар,
Чўзилган ҳар шохни синдириб борар.
Алҳазар, бийлатмай фаришталарни,
Елкага шайтонни миндириб борар…

44.

Чарчатмангиз – орзу бу ҳаёт,
Чўчитмангиз – оҳу бу ҳаёт.
Қийнамангиз, қийнаманг зинҳор,
Йўқса, ногоҳ оғу бу ҳаёт…

45.

Ғийбат изингдан чопар,
Ҳасад итлари қопар…
Эй фидойи, барибир
Иззат, албатта, топар…

46.

Навбаҳор иқлимли жойга тушганди,
Қуёшга тушганди, ойга тушганди…
Қаддини тиклолмай, ғужанак энди,
Бошга чиқмоқ бўлиб, пойга тушганди…

47.

Кимлар мени «эркин» демиш. Учқур бахтга тутқунман,
Эркинликдай, эътиқоддай тожу тахтга тутқунман.
Тутқунлигим рўшноликка, ошноликка, дўстликка,
Садоқатга, саодатга, муҳаббатга тутқунман…

48.

Меҳр йўли узун-узун фариштам,
Шеърий фасл – суйгун кузим, фариштам,

Абгор эдим, вужуд ичра бевужуд,
Топиб берган менга ўзим, фариштам…
27. 03. 1998.

49.

Ватанларнинг нурланиши – шеър,
Миллатларнинг ҳурланиши – шеър.
Ўқиб-ўқиб, англаганим шу:
Юракларнинг тирналиши – шеър…

50.

Сир-у асрорингни дилдора айтгил,
Ранж-у озорингни садпора айтгил.
«Уйим жаннат бўлсин», – десанг, забоним,
Ҳар кун «севаман»ни юз бора айтгил…

28. 03. 1998.

51.

Йиллар ўтиб борар… Ишонч – истеҳком…
Йиллар ўтиб борар… Меҳр мустаҳкам…
Сизга қараб шундай дегим келади:
«Асал айнимайди, йиллар ўтса ҳам…»

29. 03. 1998.

52.

Майлимиз кўчманчи турнадек, Аллоҳ,
Фараҳли бу дунё – турмадек, Аллоҳ.
Ё раб, қай бандалар йўлидан юриб,
Сенинг йўлларингдан юрмадик, Аллоҳ…

30. 03. 1998.

53.

Тоғлар дара билан тизилди,
Оқ юз яра билан бузилди.
Бир-бирига ёндош бахт-у ғам
Оққа қора билан ёзилди…

54.

Кўзимда мунг нами, моҳитобоним,
Кўр дили нимтани, моҳитобоним.
Дардкаш бўлолмагай бағри бутунлар,
Кўнглинг яримтами, моҳитобоним?!
55.

Тоқлик тахти талотум бўлар,
Тоқлик бахти каро тун бўлар.
Фаришталар ўқиса никоҳ,
Икки ёрти бир бутун бўлар…

56.

Йўлларнинг соҳиби – ҳам ғайрат, ҳам хоб.
Минг хил қувонч унда, минг хил изтироб…
Мен ҳам бу йўлларни боряпман босиб,
Кўксимда зардоб-у орзумда офтоб…

57.

Баҳор, дерлар куз кунларини,
Илиқ, дерлар муз кунларини.
Минг мақомга йўрғалашар-да,
Бериб қўйгач тизгинларини…

58.

Ўғлон, иймон нури сенга бош бўлсин,
Ёринг кулсанг – кулгу, куйсанг, ёш бўлсин.
Офтоб ила моҳтоб дилбандларинг-у
Осмон тўла юлдуз қариндош бўлсин.

59.

Ҳар кун, ҳар дам уни севганди,
Билиб малҳам, уни севганди.
«Болам» девди, балолар чиқди,
Аллоҳдан ҳам уни севганди…

60.

Кажлик матосидан либослар киймиш,
Ўзини ардоқлаб, ўзига куймиш.
Мироб бўлиб олиб булутга шамол,
Дов-дарахт ризқини қийганча қиймиш…
31. 03 1998.

61.

Ширин болаларим, орқамда қолинг,
Шеърий далаларим, орқамда қолинг.
Кетсам, мен кетайин. Дафтаримдаги
Маъюс нолаларим, орқамда қолинг.

62.

Қонунсизлик агарки ғовлар,
Эзгуликни залолат овлар.
У олғирнинг безбет отларин
Фақат ошкоралик тушовлар…

63.

Ўғлим, сийламиш толе,
Яшноқ фикринг ниҳоли.
Тезроқ дарахт эт уни, –
Бу фасл интиҳоли…

64.

Асаб устунлари ташлаб бўлди тоб,
Кўтармоқ – муаммо, имкон энди соб…
Ё раб, изтиробга керакман мудом,
Лекин керак эмас менга изтироб…

65.

Куйим, созим, қаримагил ҳеч,
Кўпмас, озим, қаримагил ҳеч.

Ўзим майли… Сўзимда бўлсанг,
Эҳтиросим, қаримагил ҳеч…

66.

Никоҳ нима? Оқ дилга тортиғи оқ шекилли,
Меҳр тотмоқ шекилли, заҳар тотмоқ шекилли.
Сузишни билармисан, билмасмисан, барибир
Таваккал дарёсига ўзни отмоқ шекилли…
1. 04. 1998.

67.

Бодроқ-бодроқ гули оппоқ қуш фасл,
Ҳайрат-ҳаяжони кўм-кўк ниш фасл,
Ойнамдан олмагул қўлинг чўзибсан,
Бу не бахт!.. Бўлдингми мендан хуш, фасл?!

68.

На кўндириб, кўндингиз…
На тиндириб, тиндингиз…
Эгилмоқни хушламай,
Эгаман, деб синдингиз…

69.

Чарчоқ-чарчоқ оламга малоҳат, тин – аёллар,
Бўйсизга бўй – аёллар, энсизга эн – аёллар.
Ёридан пастакларим, оқила юракларим,
Ёрлар кўтарсагина, уларга тенг – аёллар…

70.

Тарқоқ уйқуларим, ассалом,
Чақноқ туйғуларим, ассалом!
Дилдан учиб, шеърга қўнибсиз,
Байроқ қайғуларим, ассалом!

71.

Кўзлар боқмас бизлар ёққа, азизим,
Бегоналик қўнмиш боққа, азизим.
Нима қилсам экан, ўзни англатиб,
Сизни англамоққа, азизим?!

03. 04. 1998.

72.

«Омин!», – денг. Оқ бўлсин шу она замин,
Ҳеч ким рўшноликка бўлмасин зомин.
Ватанга халоллик қайтсин-у хушҳол –
Умргузаронлик қилайлик, ОМИН!

05. 04. 1998.

73.

На хусни баркамол юз керак шу лаҳза,
На илм-у урфонда из керак шу лаҳза.
Тураркан бу кўнгил мунғайиб, ўкиниб,
Биргина қуёшли сўз керак шу лаҳза…

08. 04. 1998.

74.

Оқ ювиб, оқ тарарим, жоним,
Юрагим-ла ўрарим, жоним,
Борки меҳрим хирожи учун
Хайрихоҳлик сўрарим, жоним…

75.

Сўник боқишдайдим, ўт ташлаб кетдилар,
Қаҳратон қишдайдим, ҳут ташлаб кетдилар.
Ойдай сўзладилар, кундай сўзладилар,
Кўксимга бир ёруғ юрт ташлаб кетдилар…

76.

Ёлғоннинг қотили – пок сўзлик экан,
Тўкислик душмани – ноқислик экан.

Ҳар не яралмишки, бор кушандаси,
Мени кемиргувчи – ҳақсизлик экан…

77.

Ташвишни елкага илаверамиз,
Азоб-ла юракни тилаверамиз.
Қиз – она. Ўғил ҳам ота. Воажаб,
Оналик, оталик қилаверамиз…

78.

Уфқимизда шафақлар эмас,
Фатҳимизда офоқлар эмас.
Лекин биздан бадастури йўқ,
Ўртамизда нифоқлар эмас…

79.

Куяр бўлсанг, дилим, мантиқинг бўлсин,
Сўзлар бўлсанг, тилим, мантиқинг бўлсин.
Сен – балки умримга умр қўшгувчи,
Ё балки қотилим, – мантиқинг бўлсин!

09. 04. 1998.

80.

Тақдир севиб сизни, шеърга туширди,
Учқур қанот ила бирга туширди.
Яқин турсин, дея, биздай ғарибга,
Нилий кўкдан яна ерга туширди…

10. 04. 1998.

81.

Уммон уммон сари толпинар,
Иймон иймон сари толпинар…
Биз – қўш ирмоқ битта бўлганмиз,
Армон армон сари толпинар…

82.

Висолман, висолман… Ҳажр билмангиз,
Тунга туташ оқшом… Фажр билмангиз.
Асло йўлингизга босмасман чимлар,
Минбаъд бўйиндаги занжир билмангиз…

83.

Демас: «Азобларим тўкис эди-ку…»
Демас: «Юрак-бағрим кукун эди-ку…»
Айтар, бошга тошлар теккан маҳали:
«Бундан ҳам ёмони мумкин эди-ку…»

84.

Дарахт дардин аришини кутаркан,
Дард дарахтнинг ҳоришини кутаркан.
Қаранг, дарахт остидаги ниҳоллар
Унинг тезроқ қаришини кутаркан…

11. 04. 1998.

85.

На нур ва на нурхона эди,
На дур ва на дурдона эди.
Йўқотдилар. Бўлак топилмас
Кўнгил эди. Бир дона эди…

86.

Кўксимизда мудроқ мизғир, эй доно,
Бошимизда калхат изғир, эй доно,
Ҳосили бўлакча, хирмони бўлак, –
Биз минг сўйлаклик-у сиз – бир, эй доно…

87.

О, бу бош сохтамас, аслга интиқ,
О, бу ёш сершиддат наслга интиқ.
Қишнинг булутлари остида қолиб,
Қуёш инқилобий фаслга интиқ…

88.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Қуш орзуси – бир кафт доним ўмариш,
Касники – менда йўқ шоним ўмариш.
Ўғрибошига-чи, барибир экан
Оғзимдаги сўнгги ноним ўмариш…

89.

Кези келса энкайиб, ерга теккан бошгинам,
Кези келса тиккайиб, кўкка етган бошгинам…
Энкайиб ҳам нур кўрдим, тиккайиб ҳам нур кўрдим,
Заминда дилдошгинам, осмонда қуёшгинам –
Сиз…

90.

Қувонсам руҳимнинг ҳур, эрклигига,
Ғурур дарахтимнинг шаҳд, тиклигига,
Танбеҳ бериб ақл: «Қараб қўй, – дейди, –
Сермева шохларнинг эгиклигига…»

91.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Бедард, «Мен – гирён…» – деб оғиз йиртавер,
Хилват, «Мен – сурон…» – деб оғиз йиртавер.
Тепкилаб-эзғилаб туркий заминни,
Номард, «Туркистон!..» – деб оғиз йиртавер…

92.

Ҳиссизни дуторнинг торлари оссин,
Номардни, бўлса гар, орлари оссин.
Осар бўлса мени, элга бенаф, деб,
Баланд ақлларнинг дорлари оссин…

93.

Тўқлар даврасимас, очлар бизники,
Ёйиқ, мотамсаро сочлар бизники.
Кимлар бузиб юрса иймон деворин,
Асабдан тўланар божлар бизники…

12. 04. 1998.

94.

Алам-андуҳимга монеъ – сиз,
Қувончимнинг тани-жони – сиз,
Ўғлим, қизим – бир жуфт кабутар,
Ғуруримнинг Регистони – сиз…

95.

Том бошида қўш-қўш тоғора,
Остонада карнай, ноғора…
Супрада-чи, бир кафт ун – анқо,
Бу – қандайин сирли моғора?!

96.

Ҳайратлар дафъаси, бунча кечикдингиз,
Ҳимматлар нафаси, бунча кечикдингиз.
Ёза бошлаяпман, қўлларим титраб,
Умр фалсафаси, бунча кечикдингиз…

97.

Ҳусн қийғос-қийғос бунча ҳам,
Ақл олмос-олмос бунча ҳам.
Берса Худо, бераркан бирдан:
Исм жисмга мос бунча ҳам…

98.

Умрин тафтиш этаётган – мен,
Дилда борин битаётган – мен,
Бола кўнглин маҳкам қучоқлаб,
Момоликка кетаётган – мен…

99.

Боғингиздан мен хас олмасман,
Созингиздан бир сас олмасман.
Ростин айтсам, сиз билан бирга
Бир даврада нафас олмасман…

100.

Бу офоқда меҳр сардорми?
Бу офоқда адолат борми?
Билар бўлсанг, жавоб бер, қалам,
Шоир кўпми, лаганбардорми?

101.

Бағрим тешолмаган ўқлар ўртансин,
Ғийбатлар, ҳасадлар, суқлар ўртансин.
Мен нега ўртанай, шеърим-ҳабибам,
Кўксида Ватани йўқлар ўртансин…

102.

Жозиб нақл, менга қўл узат,
Мендан оқил, менга қўл узат.
Бу дафъа мен – ловуллар гулхан,
Совуқ ақл, менга қўл узат…

103.

Қаттол сўз ўртага девор тиклади,
Қаттол сўз юракка алам юклади.
Оҳ, нечоғ малъун у, нечоғ ситамгар,
Оқ севги либосин зумда кўклади…

104.

Юрагимнинг дориси,
Қувончимнинг вориси –
Набирамда – жонимда
Мен кўрмаган бахт иси…

13. 04. 1998.

105.

Меҳри осмон эди. Ер, дедик.
Нури афшон эди. Кир, дедик.
Ғажиб бўлиб, йўқотиб бўлиб,
Ёвқур сиртлон, дедик. Шер, дедик…

14. 04. 1998.

106.

Читми, зарбоф – кийганларингиз?
Ёвми, аҳбоб – куйганларингиз?
Балки бошга қўйишга лойиқ,
Балки дорбоп – суйганларингиз…

15. 04. 1998.

107.

Мадад тиланади йигит яроғдан,
Меҳр тиланади қароғ қароғдан.
Мен ҳам – икки кўзи гадо бир кимса:
Шеър тиланаман гулдан, япроқдан…

16. 04. 1998.

108.

Кас кибрни қуйма айлар. Куядиган – сиз.
Бад меҳрни қийма айлар. Куядиган – сиз.
Бу ҳаётнинг баланд-пасти, оқ-қорасига,
Водариғ-э, куймагайлар. Куядиган – сиз…

109.

Эътиқодга кўз-қулоқ ўзингизми?
Дил матоси минг улоқ ўзингизми?
«Қайга кетди Мингбулоқ?» – деб сўрасам,
Бахтимдаги Мингбулоқ ўзингизми?

110.

Уйинг офтоб ичра, малагим,
Умринг тавоф ичра, малагим.
Паримисан, фариштамисан
Оппоқ ҳижоб ичра, малагим?!

111.

Қонни қиздирар шеър. Унга тараф йўқ.
Завқда суздирар шеър. Унга тараф йўқ.
Ажаб, ноқислигим, беуқувлигим
Сассиз сездирар шеър. Унга тараф йўқ…

112.

Шеърий куз кунларин соғиндик,
Рўшнолик тунларин соғиндик.
Дўлларда эзилиб, селларда ивиб,
Миллат устунларин соғиндик…

113.

Кеч келибсан. Эрта кетма, муҳаббат,
Мунг торимни черта кетма, муҳаббат.
Тилаганим сенга – фақат парвозлар,
Ерда кетма, ерда кетма, муҳаббат!

114.

Юрагимга келиб ўлтирди,
Кўзларимга ҳайрат тўлдирди.
Ҳайҳот, дўстга «алвидо» девдим,
Мени меҳр ила ўлдирди…

115.

Бу юрт сўник тортса, сиз ўт тутқазарсиз,
Виждон тутқазарсиз, субут тутқазарсиз.
Ёр, диёрдан бўлак сизга йўқ хонумон,
Лозим бўлса агар, вужуд тутқазарсиз…

116.

Фазл керак. Фасоҳат керак.
Меҳр керак. Маҳорат керак.

Тисарилиб борар бу юртга
Адл керак. Адолат керак…

17. 04. 1998.

117.

Иймони бутуним, кўнгли яримсиз,
Беибо дунёда ибо, шарм – сиз.
Олов ичингизда. Олов ичида –
Менинг ўтда куймас самандаримсиз…

118.

Қаймоқ бўлсин учун сутни сузиб бердим,
Бир оловни, бир оташни тузиб бердим.
Бўзлар бўлсам, боиси бор оғриғимнинг,
Жонни жондан ахир сизга узиб бердим…

119.

Тизимга суялдим йиқилганимда,
Сўзимга суялдим йиқилганимда.
«Қаддин тикладим», – деб айтарлар балким,
Ўзимга суялдим йиқилганимда…

18. 04. 1998.

120.

Осмон ўзим… Нур сизга фидо.
Асрор ўзим… Сир сизга фидо.
«Аёл жони қирқта», – дейдилар,
Қирқтаси ҳам бир сизга фидо…

121.

Чаҳ-чаҳ қушлар сайрашар шох-бутоқда,
Яшил барглар шивирлашар қучоқда.
Чиноримсиз, азизгинам, ишқилиб
Қуламангиз мен кутмаган бир чоғда…

122.

Ғажий олмас дард, йиғи,
Ҳимоям – киприк тиғи.
Ахир мен беркинар жой –
Кўзингиз қорачиғи…

123.

Қаҳр буюк-буюк… Меники эмас.
Меҳр суюк-суюк… Меники эмас.
Нима айтар бўлсам, элимдан айтдим,
Бағир куюк-куюк… Меники эмас…
19. 04. 1998.

124.

Шалоласи бор қўшиқ… Зилоласи бор қўшиқ…
Ғурури бисёр қўшиқ… Сурури бисёр қўшиқ…
Бунча юракни ушлаб, мунғаясиз, одамлар,
Бахтли этолмаса-я шунча бахтиёр қўшиқ?!

20. 04. 1998.

х х х
х

Кўзларимдан томди-ку томчи,
Туташди-ку бағрим ўтларга,
Оққушларим – кўнгил қувончи,
Кетдингизми ўзга юртларга?!

Куйлар бўлсам, овозим ярим,
Сўзлар бўлсам, тўлмайди оғиз.
Оққушларим – оқ қўшиқларим,
Соғинчимни этармисиз ҳис?

Поклигингиз мен учун тумор,
Соғинаман даврангиз бетин.
Сизсиз Ватан – қаровсиз бемор,
Сизсиз Ватан – ташландиқ, етим,
Оққушларим – оқ қўшиқларим…

11. 03. 1998.

х х х
х

Не фасл, не замон ўша-ўшасиз,
Хатолар беомон, ўша-ўшасиз.
Доно айларди-ку алам-оғриқлар,
Не учун сиз ҳамон ўша-ўшасиз?!

Сакрамассиз, йўлни ариқ тутаркан,
Ўкрамассиз, боғни сариқ тутаркан.
Ўзни бериб қўйиб оқимга, дейсиз:
«Худо бахтни биздан дариғ тутаркан…»

Бахт ҳам бир тупроқ-ку, ёмғирга муҳтож,
Меҳри, заҳматлари маъмурга муҳтож.
Кўҳна обида у, кўҳна обида –
Ҳар кун, ҳар соатлик таъмирга муҳтож.

Сиз эса… сиз эса… ўша-ўшасиз…

27. 03. 1998.

х х х
х

Номаҳбуб юзимга тикилар,
Доғ излаб, изимга тикилар,
Ёш қўмсаб, кўзимга тикилар,
Тийилинг, тийилинг, ёшларим.

Гарчи мен оғриққа дугона,
Ёшлига ёш тўкиб садпора,
Мен учун сиз буткул бегона
Туюлинг, туюлинг, ёшларим.

Энди-чи… тор ила биргаман,
Ҳасрати бор ила биргаман,
Ҳамдардга зор ила биргаман,
Қуйилинг, қуйилинг, ёшларим…

31. 03. 1998.

х х х
х

Қанча ҳаловатни ўқ олиб кетди,
Қанча оташ нидо кўчмади оққа.

Қанча маъсуд ишонч йўқолиб кетди,
Қанча маъсум қувонч тушди титроққа.

Дучор изтиробдан ёш тўкиб дув-дув,
Урилганим қолди оловга-чўққа.
Шоирлик қисмати ёнмоқ экан-ку,
Ҳавас қилганмидим, ваҳ-ваҳ, тамуққа…

22. 04. 1998.

х х х
х

Сўз йиқилса, қўрқув билмас сўз –
Гуллар иси, боғ иси бўлган,
Сўз йиқилса, ҳеч йиқилмас сўз –
Ғурурларнинг боиси бўлган,
Талтайганча бундай шукуҳдан,
Қаро ўзин эълон этса оқ,
Битта эмас, бесаноқ руҳдан
Дув тўкилиб, тўзғиса аҳлоқ,
Қотар бўлса тиллар танглайда,
Қулоқлар кар, кўр-басир кўзлар,
Тизза букиб чўкса, лалайса
Қолган-қутган бурди йўқ сўзлар,
Ожизликлар ожизлик туғиб,
Банд айласа ҳаммани пинак,
Борки журъат, мадорни йиғиб,
Сўз бўла қол, эй шоир юрак!
Ҳар мушкул чоғ, ҳар ожиз фурсат
Шоирига суялгай миллат!..

24. 09. 1998.

х х х
х


(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Баҳор эзгин руҳим қилар-ку таҳлил,
Мустар умрим таҳлил қиларди-ку куз,
Нега дил кўзимга тортмоқчисиз нил?
Нега руҳ чўққимни яниб турибсиз?

Билмас эдингизми, минг карра тилим…
Кўрмас эдингизми, мард ила аҳил…
Сезмай сезимларин, англамай тилин,
Нега юрагимни қиларсиз таҳлил?!

х х х
х

Қовжиратса қаттол чархи дун,
Қовжиратса заққум ғам-алам,
Менга ҳомий – қаноатли тун,
Менга ҳомий – қоғоз ва қалам.

Ялмоғиз дун ўтга отаркан,
Пари илҳом сепа бошлар сув.
Жаллод ситам тиғдай ботаркан,
Осуда тун тўшайди парқу.

Муқиммасман дўзах комида,
Муқиммасман жаннатга қайтиб…
Бахт-у ғамнинг истеҳкомида
Яшаяпман билганим айтиб…

24. 09. 1998.

х х х
х

Минбарга ишондим, ишларга боқмай,
Минбарда мунаввар бир юртни кўрдим…
… Энди мен ўзимни қандайин оқлай?
Кўзингга қандайин тик боқай, юртим?

Ҳасратинг зиёда… Оғриғинг бисёр…
Ёмғирдан тўйиб сен, қорга тутилмиш…
Бир гала калхатга ҳаётинг дастёр,
Бир ҳовуч очкўзга ғуруринг емиш…

Қандай яшаш мумкин, иймондан тонмай?
Қандай олса бўлар алдовлар ўчин?
… Мен энди минбарга қўйдим ишонмай,
Юртим, кўзларингга тик боқмоқ учун…

27. 09. 1998.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Аравангиз ғилдираксиз… Отларни ниқманг,
Исъёнларни – кўндимликка ётларни ниқманг,
Вулқон бўлиб отилажак додларни ниқманг,
Йўқса, сабр тугагувси, умр тугамай…

Гул ҳаётни сақламоққа гул юрак лозим,
Фаросатни уйғотмоққа гулдурак лозим,
Отлар учун қамчи эмас, ғилдирак лозим,
Йўқса, сабр тугагувси, умр тугамай…

Меҳр нима? – юракдаги жавоҳир-лаълким,
Уни сиздан тополмади, афсуски, халқим,
Сизга манзур бу кунларни чўзарсиз балким,
Даҳшат! – сабр тугар бўлса, умр тугамай…

Истайсизки, бўлса сизга борки тавозе,
Бизга бўлса кўндимликнинг оғир ҳавоси.
Ўйланг, ўйланг: айтаримнинг шу индаллоси:
Даҳшат! – сабр тугар бўлса, умр тугамай…

Аравангиз ғилдираксиз… Отлрни ниқманг…

1. 10. 1998.

Det här inlägget postades i "Йиғларман" - 1998. Bokmärk permalänken.