1999

Гулчеҳра НУР

ИЙМОН, ДЕВДИМ, ЭРКАК ЖОНЛАРИ,
ИФФАТ, ДЕВДИМ, АЁЛ ҚОНЛАРИ…
БЎЛАЁТИР ЮЛҒИЧ-ХАРИСЛИК
ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНЛАРИ…

х х х
х

Эй, менинг сарватим қаттол ҳаётда,
Тансиқ саодатим, ёруғ қисматим,
Ногоҳ кўз юмсам-у, қолсангиз ортда,
Эслашга бўлгайми бирор ҳислатим?

Мен-чи, сўнаётиб, чидарманми, о,
Йитсам-да, сийнамда «оҳ» қоларига,
Саҳовати танҳо, вафоси танҳо,
Суяниб юрганим тоғ қоларига…

х х х
х

Нигоҳимда серюлдуз осмон,
Биласизки, завқидан мастман.

Қулоғимда чуғурчуқ қушлар,
Биласизки, кўнглимни хушлар.

Димоғимда бинафша ҳиди,
Биласизки, мен – завқ муҳити.

Юрагимда шиддаткор отлар…
Билмагайсиз: соғинчим додлар…

25. 01. 1999.

ТЎРТЛИКЛАР

1.

Бизга увол сознинг шеърий торлари,
Бизга увол халқнинг оҳ-у зорлари.
Оҳким, бўлолмадик, бўла олмадик
Ҳаёт жароҳатин шифокорлари…

25. 01. 1999.

2.

Сирим йўқ… Хонишга ё созга тутдим,
Ёшга, мунғайишга, ё розга тутдим.

Ўраб-чирмар экан кимлар қалбини,
Мен эса ошкора… қоғозга тутдим…

3.

Ажаб, кимсиз? Мажнун севги жунбушлари сизда йўқ,
Қўш булутнинг чақмоқ ёқиб, сингишлари сизда йўқ.
Кўзларингиз қуёшида, шиддатингиз ўтида
Куйиб ғам-у андуҳларнинг, ўнгишлари сизда йўқ…

4.

Ўзни маҳзун-маҳзун ўйга урибман,
Юзни эзгин-эзгин куйга бурибман.
Оёқ остим хазон – сап-сариқ хазон,
Кўнгил ғамларини босиб юрибман…

5.

Бўла олсанг, бахт нигори бўл,
Бўла олсанг, дардга дори бўл.
Бўла олсанг, магар, юрагим,
Эзгуликнинг мардикори бўл!

6.

Сиғса бахт танамга, жондайин сиғсин,
Сиғса шавқ-ҳарорат, қондайин сиғсин.
Сиғмай қолар гоҳо дардим дунёга,
Муштдай юрагимга қандайин сиғсин?!

7.

Сиз бор – мени суйгай бу дунё,
Сизсиз мендан куйгай бу дунё.
Кўрсатмасин… Мендан ҳам аввал
Қаро кийгай, кийгай бу дунё…

8.

Тошбағир қиш тош айлади сувларни,
Ҳар тирқишдан оширди «ғув-ғув»ларни.

Шумшук бўлиб кўринишдан чўчибми,
Бир кечада ёғдирди оққувларни…

9.

Кўрдим: аямажиз юҳоси бўлак,
Етишдим: илиқ кун баҳоси бўлак.
Куртаклар ошиқар зумрад бўлмакка,
Энтикдим: баҳорнинг даҳоси бўлак…

10.

Лутфим, сен сипороқ, майинроқ кийин,
Қалбим, сен дард тўла қалбларга куйин.
Англаганим шуки, қанча йил яшаб:
Яшаш жуда қийин…

11.

Сукунатга чўмган қора ҳам, оқ ҳам…
Индамаслик – азоб. Азоб айтмоқ ҳам…
Ажабо, турармиз йўл ўртасида,
Юриб юрмоқ ҳам йўқ, қайтиб қайтмоқ ҳам…

26. 01. 1999.

12.

Ташқарида аёз.
Ташқарида тун…
Юрагим йиғлайди:
Дарахтлар юпун…

13.

Кўринг атроф ярқироқлигин,
Кўринг қорнинг оқ чироқлигин.
… Фақатгина қора қарғалар
Бузиб турар руҳнинг оқлигин…

27. 01. 1999.

14.

«Баҳорим!..» – деб нидо бўлса,
«Жаҳоним!..» – акс-садо бўлса…
Муҳаббат ибтидо бўлса,
Муҳаббат интиҳо бўлса…

15.

Расо от, дегандим… Ёлсиз қолибсиз,
Сўзда қаҳрамоним, ҳолсиз қолибсиз…
Бир ён – дўст, бир ёнда маснад кўринди.
Сиз маснадни танлаб… ёлғиз қолибсиз…

28. 01. 1999.

16.

Тақдир, дил боғимни токзорлик этгил,
Олма, беҳи, анор, нокзорлик этгил…
Кибрни йўлатма хоналаримга,
Бани зийнатларин хоксорлик этгил…

29. 01. 1999.

17.

Қачон бўлмиш ўйламасдан еганга осон?
Қачон бўлмиш ўйламасдан деганга осон?
Терсни ўнглаш, мушкулларни осон айламак -
Ёлғизгина, ёлғизгина Эгамга осон…

30. 01. 1999.

18.

Букун шоҳсупада турар шотирлар…
Букун остин-устун ёдлар-хотирлар…
Кеча нон евдилар чўққини мақтаб…
Букун масҳаралаб еяётирлар…

19.

Чечак – мароқларнинг оҳор олари,
Шабнам – чанқоқларнинг гуҳар олари…

Булут қанотсиз-у учгай кўнгилдек,
Шамоллар – эркинлик фуқаролари…

20.

Ёмғир ҳузур қилар, кўриб шарросин,
Кўзлар ўпиб тўймас кўзлар чаросин.
Мен ҳам ҳимматларинг кўрарманми, СЎЗ,
Дерманми: «Бу – нечоғ хушбахт маросим?!»

21.

Чақмоқ чақмоқ эмас, нафрат хатлари,
Момогулдураклар – осмон додлари.
Нечоғ юракларга ўхшайсан, само:
Камалак – меҳрнинг илтифотлари…
31. 01. 1999.

22.

Билмас, надир ором-тин, гала тўлқин,
Елиб-югуради минг гала тўлқин.
Майин-майин ўпиб оёқларингиз,
Сизга маҳрам бўлар жингала тўлқин…

23.

Иймон, девдим, эркак жонлари,
Иффат, девдим, аёл қонлари.
Бўлаётир юлғич-ҳарислик
Замонамиз қаҳрамонлари…

24.

Вазминлик бобида сиз – сокин денгиз,
Ҳайрати тобида, журъати тенгсиз.
Адолик кўрсами, фидолик кўрса,
Мен – ёшини шитоб совиргувчингиз…

2. 02. 1999.

25.

Хушбичим бўлдингизми,
Сиз ичим бўлдингизми,
Тўртлик, саккизликларим,
Эл учун бўлдингизми?

03. 02. 1999.

26.

Суманбар қор ёғар, малак қор ёғар,
«Қиш адо бўлди», – деб, халак қор ёғар.
Уялдими осмон қиш бўйи қорсиз,
Шитоб, йирик-йирик – лайлакқор ёғар…

05. 02. 1999.

27.

Кўм-кўк туғилган барг хазон кетаркан,
Балогардон юрак вайрон кетаркан.
Ров келган касаллик кетаркан-да суст,
Осон келган давлат осон кетаркан…

10. 02. 1999.

28.

«Оҳ»ларига дуч келаркан қай бандаларнинг,
Сезиб қолдим кўзидаги ним хандаларни.
Ногаҳонда сергак тортдим: ажабо, «оҳ»и
Ноласига ўхшайди-ку гиряндаларнинг…

11. 02. 1999.

29.

Қай кимда қай иллат бўлса, кулгаймиз,
Қай дилда азият бўлса, кулгаймиз.
Кулмоқ – бизга аҳком. Биздан ўзгада
Бизда йўқ фазилат бўлса, кулгаймиз…

22. 02. 1999.

30.

Нодонга мақтовлар, санолар – шикор,
Ҳоқонга ўзидан донолар – бекор.
Айб этманг, тўрт қулоқ бўлиб эшитсам,
Менга мен билмаган маънолар даркор…

11. 03. 1999.

31.

Йиллаб тутдим қалам, – мукаммал эмас,
Йиллаб босдим қадам, – мукаммал эмас.
Мукаммал бўлмоққа уннаб асрлар,
Ҳануз насли одам мукаммал эмас…

32.

Гўдакка эп бермайди тутқич,
Вақтини еб, бермайди тутқич.
Кексага-чи, қўймас ҳам қараб,
Қаридинг, деб, бермайди тутқич…

33.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Нетарман, сизга мос руҳ тузолмасам,
Боридан ўзгача ҳулқ тузолмасам…
Танлаганим – шафақ, танлаганим – тонг,
Нетарсиз, тун ила сулҳ тузолмасам…

18. 03. 1999.

34.

Оппоқ фаришталар насга боқмагай,
Дорда кетаётган пастга боқмагай…
… Боқса, ёрилгувси ўтака ўттиз,
Макр, лўттибозлик ростга боқмагай…

35.


(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Истайсан: шеърда, қўшиқда қолсанг,
Бор икром, бор эъзоз, бор ишқда қолсанг…

Гирдоблар яратиб фитна-фужурдан,
Гирдоб ичидаги бўшлиқда қолсанг…

20. 03. 1999.

36.

Тоғнинг кўчар сангидан қўрққил,
Фаҳмларнинг тангидан қўрққил.
Қўрқар бўлсанг яна, болажон,
Яллоларнинг сўнггидан қўрққил…

23. 03. 1999.

37.

Ўқиб қувнай, деса, бахт китоби йўқ,
Бир-бир ёзай, деса, дил хитоби йўқ.
Кунларин неларга совурди экан,
Дилин очай, деса, дўст-аҳбоби йўқ…

25. 03. 1999.

38.

«Овозим – сиз», – дейинми?
Дейинми: «Созгинам – сиз!»
Топмай, сизни ёзгандим,
Топиб ҳам ёзганим – сиз…

29. 03. 1999.

39.

Нур истаманг ғаддора тундан,
Руҳ шикаста. Дил пора тундан.
Берилган-да одамга уйқу,
Безмасин, деб, қоп-қора тундан…

31. 03. 1999.

40.

Қарға бор… Оққувлар, яхшиям сиз бор.
Сиртлон бор… Оҳулар, яхшиям сиз бор…
Мудом қочсангиз-да, тутқазмай барни,
Самовий орзулар, яхшиям сиз бор…

41.

Ўтака ёргудай кўк қалдироғи,
Бурама қамчинли селлар яроғи.
Ажабо, бўларкан бетимсол ваҳм
Бетимсол гўзаллик – баҳор тўлғоғи…

02. 04. 1999.

42.

Ақлингиз жавоҳир. Сўзингиз латиф.
Латифлик лаззатин кўрсайдим тотиб.
Мунгли руҳингизга кирсам сездирмай,
Мунгларин сездирмай қўйсам тарқатиб…

05. 04. 1999.

43.

Ўксикли, титроқли бир ҳолат бўлди,
Ҳеч кимда йўқ хоҳиш ижобат бўлди.
Фаришта эдингиз. Тобутга жойлаб,
Ўлимнинг ўзи ҳам ҳижолат бўлди…

44.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Юҳо, ҳарис ҳислар аҳдларда ошкор,
Аҳднинг дастхатлари шаҳдларда ошкор.
… Ўйлар у, қилмишим пинҳон қолар, деб…
… Илдиз тўла қуртлар шохларда ошкор…

45.

Умр – адолат деб адо бўлмоқлик,
Умр – муҳаббат деб фидо бўлмоқлик.
Адо бўлолмасанг, фидо бўлолмасанг,
Лоақал, лоақал дуо бўлмоқлик…

06. 04. 1999.

46.

Тоғларингнинг булоғи бўлсам,
Йиртиғингнинг ямоғи бўлсам…
Ҳеч бўлмаса, Ватан-онажон,
Узуғингнинг улоғи бўлсам…

15. 04. 1999.

47.

Сиз меники, мен сизники, азизим,
Меҳрники, рост сўзники, азизим.
У кунларнинг ғамин ейлик, маҳшарда
Иккимиз ҳам ўз-ўзники, азизим…

19. 04. 1999.

48.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Борки умидимни узиб кетганман,
Ишонч ниҳолларим эзиб кетганман.
Сен оёқдан чалар тўп майдонига
Қайта кирмагайман, безиб кетганман…

23. 04. 1999.

х х х
х

Серифор ялпизгина,
Қанд-у новвот қизгина,
Қизгина-ёлғизгина -
Дилноза.

Орзуларнинг куртаги,
Ота-она эртаги,
Уч аканинг эрмаги -
Дилноза.

Тоат-тилакдан қайтим,
Эмаклаш, деса, – дайдим,

Келинлигинг кўрсайдим,
Дилноза…

26. 01. 1999.

х х х
х

Ширин-ширин бўса тутиб ҳар бир онимга,
Мендан бўса ололмаган кунлар ўтдилар.
Ўт қўйгудай бу ширин жон – хонумонимга,
Бахтни четга суриб, кўпроқ мунглар ўтдилар.

Ўтган кунлар ўйларимни қилар-да таъқиб,
Чиқаверар, чиқаверар таъна-арзлари.
Тарозига солиб кўрсам, ортимга боқиб,
Қарзлари кўп, қарзлари кўп, менда қарзлари…

Холбуки, шаҳд йиғиб бўлган борки тортиғин,
Холбуки, шом… Мажолсизлик кўзлари катта…
Холбуки, тан беҳолгина… Сўрар ҳордиғин…
Холбуки, мен тургандайман сўнгги бекатда…

26. 01. 1999.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Сизга осон
Кайфиятни минг қийим этмоқ,
Сизга осон
Равон йўлни кўп қийин этмоқ…

Бизга осон
Вужудимиз нидога солмоқ,
Бизга осон
Сиз золимни Худога солмоқ…

27. 01. 1999.

х х х
х

Яхши қўшиқ, тикдингми кўзни
Эътиборнинг назарларига?!
Ороланиб, солдингми ўзни
Манфаатнинг бозорларига?!

Тизза букиб, илтифот тўкиб,
Сен ўзингча иззат ундирдинг.
… Суйкаланиб, қилпиллаб, чўкиб,
Яхши қўшиқ, мени ўлдирдинг…

01. 02. 1999.

х х х
х

Гоҳ ғижиниб, гоҳ ўзни алқаб,
Шукур қилиб умр боридан,
Сени олиб чиқмоқдаман, қалб,
Бу ҳаётнинг чангалзоридан…

Бўлмагил, деб, ўта нозиктаъб,
Чидагил, деб, тўқмоқларига,
Сени яна ташлагайман, қалб,
Бу ҳаётнинг сўқмоқларига…

02. 02. 1999.

х х х
х

Ногоҳ юрагимда уйғонди ўкинч,
Изтироб айланди минг сипоҳимга.
Ағёр ўзга эди… Ўйламовдим ҳеч
Қўлни силтарман, деб, ҳамтупроғимга.

Ўйловдим: отиб муз, қувиб таъқибни,
Ҳурлик елларига тўлгай боғларим…
Нетай, ёғийларим англаган қалбни
Англай олмасалар ҳамтупроқларим…

03. 02. 1999.

х х х
х

Эгилмаган тизликлар,
Билмам, қандай изликлар,
Юрагимнинг парчаси -
Тўртликлар, саккизликлар.

Кошки бўлсангиз сўлим,
Кошки фикрати тўлин,
Сиз – элга чўзган қўлим -
Тўртликлар, саккизликлар…

03. 02. 1999.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Беҳад илтифотин тутганда ҳаёт,
Қанча умидларни пичоқлаб сўйиб,
Қанча истеъдодга бўлдинг сен жаллод,
Қанча фарёдларни симирдинг тўйиб…

Бир кун шаъминг ўчар… Бу – элга шараф!
Энди маҳринг бўлгай ўкинчлар сарғиш.
Тупуриб ўтарлар қабрингга қараб,
Сокин лаҳатга ҳам ёприлгай қарғиш.

Меҳр-муҳаббатни, эъзозни ёнлаб,
Шундай бир қисматни олмишсан танлаб…

03. 02. 1999.

х х х
х

Менинг завқим, табрикларим, олқиш-таъзимим
Эътиқоди талотумдан белат чиққанга.
Фикр етиб битганларим – юрагим-назмим
Юрагидан тоза Ватан, миллат чиққанга.

Менга ёғий, менга нафрат – алдоқчи, маккор,
Билиб-билмай ҳатто ўзим айландим ўққа.
Яратганим насиб этса, отилмоғим бор
Юрагида тоза Ватан, миллати йўққа…

05. 02. 1999.

х х х
х

…га

Сизни журъат ила сийламиш ҳаёт,
Наҳотки саналса фазилат – хато?!
Кўриб феълингизни шарттаки, шаддот,
«Яшашни билмас…» – деб қўярлар ҳатто.

Журъат қуюнлари айлар бетоқат,
Сизга ор забтидан бўлмоқлик халос.
Тил тўла ҳайқириқ – майдон йўқ фақат,
Юрак тўла оташ – йўқлов йўқ, холос.

05. 02. 1999.

х х х
х

Улуғ Бек Ойбекка тегиш чорбоғда
Кундузлар меҳнаткаш, беором тунлар.
Фидойи юракда, нурли қабоғда
Улкан соғинч тунар, эътиқод тунар…

Соғинч энтикади, соғинч тўлғанар
Чорбоғ қўйнидаги овлоқ муҳитда.
Эътиқод кунма-кун пишар, улғаяр,
Ва лекин либоси доимо битта.

Бунда «Нечун?» деган кескир сўроқнинг
Бургут нигоҳидан нопоклик изза.
… Улуғ Бек Ойбекка тегиш чорбоғнинг
Руҳи мудом баланд, мудом покиза…

07. 02. 1999.

х х х
х

Сел қуяр… Ютгудай дарахт, уйларни,
Мен туриб қоламан том панасида.

Оқизгим келмайди тоза ўйларни
Бўтана оқимнинг пўртанасида.

Фаслнинг бетийиқ саркашлигидан
Четроқ тура қолсин тегса сўлар руҳ.
… Ўткинчи шумликнинг шаррослигидан
Ахир қанча кўнгил кўйлаги доғ-дуғ…

09. 02. 1999.

х х х
х

Ҳой чечагим, ҳой чечак,
Қуёш чечак, ой чечак,
Сен тенгма-тенг турибсан
Қиш, қор ила, бойчечак.

Гулбаргларинг жим-жима,
Кучинг гўё ним-ним-а…
Қордан ғолиб келишлар
Лекин сенга ҳеч нима.

Кўзингда маънолар бор,
Кўзимда санолар бор.
Миттигина тугмачам,
Шаҳдингда дунёлар бор.

Сассизгина қайнаб тур,
Дилга шаҳдни бойлаб тур.
Мана шундай, бойчечак,
Бизни мулзам айлаб тур.

Сабоғинг тинглаётиб,
Айтай: «Мен – сенга котиб…»

х х х
х

Еллар яйраб япроқ нозидан,
Бўса олар, беникоҳ олар.
Қўш булутнинг эҳтиросидан
Осмон кўзи чарақлаб қолар.

Сипо қоя, шаддот шалола
Туришади кўнгилни хушлаб…

… Уялгандан никоҳли лола,
Лабларини қонатар тишлаб…
10. 02. 1999.

х х х
х

Сен – шундай жозиба қадимдан-қадим,
Сен шундай табиба надимдан-надим,
Мудом ичдим сени, мудом чанқадим,
Ишқ, десам, у сенча муттасил эмас,
Сенингдек бир умр, тўрт фасл эмас.

Сени йўқламаган биронта жон йўқ,
Сенсиз ҳаёт тийин, сенсиз жаҳон йўқ,
Сенга шайдоликка асти поён йўқ,
Мен ҳам бир кемтикман, фатҳингга толиб,
Бунча жаҳонгирсан, бунчалар ғолиб…

«Бас, етдим…» деганда, яна бир бошдан
Ойдан ёғду олиб, олиб қуёшдан,
Бўлиб ойдин вужуд, бўлиб қуёштан,
Олисда чарҳ уриб порлайверасан,
Тўлинсан, тўлмоққа чорлайверасан…

Сен – масрур қўшиқлик, шодон дуторлик,
Кунларим олдиндан хандон этарлик,
Гоҳи қўл етмаслик, гоҳи етарлик,
Шундай мўъжизасан, шундайин қисмат,
Жаннатий нафасли, фаришта хислат…

Йўқ эсанг, мушкуллар бизни ермиди,
Оғриққа эш кунлар бизни ермиди,
Ўксиклар, тушкунлар бизни ермиди,
Ҳаётга олтин ҳал сурар ўзингсан,
Суманбар кўрсатар, кўрар – ўзингсан…

Сен – менинг мангулик йўлдош ҳунарим,
Ҳеч завол билмасим, доим унарим,
Ҳамма сўниб бўлгач, охир сўнарим,
«Ўлим» деган сўзга доимо зидсан,
УМИДсан, УМИДсан, ширин УМИДсан!

Эй кўнгил – самовий рангин камалак,
Синдир, умидсизлик шохларин синдир!
Букун фақат ростни тавоф айламак,
Букун – умидларга суянар кундир.

11. 02. 1999

х х х
х

Мен лол ҲИММАТ маҳоратига:
Ана сарв-у ана санобар…
Гулрў сурат малоҳатига
Ноқис ақлим қилолмас бовар…

… Мен лол ҒОРАТ харобатига:
Қувғин ҳаё, қувғин садоқат…
Бадҳў СИЙРАТ жаҳолатига
Ноқис ақлим қилолмас тоқат…

13. 02. 1999.

х х х
х

О, бу ақл!.. Тортган каби қобил, хотиржам,
Ташлагандай беоромлик либосин ечиб…
Сабр ухлар… Нафрат ухлар… Овлоқ чодирчам…
Яшаяпман кунларни еб, кунларни ичиб…

О, бу юрак!.. Пармалайди ҳар кун танамни,
Жимжит, ношуд соҳибадан кетгувдай кечиб…
Яниб ғамни, тилиб дилни, койиб қаламни,
Кун ўтказар у мени еб, у мени ичиб…

13. 02. 1999.

х х х
х

Сенга гул ярашар, ақл ярашар,
Сахийлик ярашар, баҳорим, жуда.
Фасллар шоҳи, деб, сенга қарашар,
Сел, дўл бўлаверма ҳуда-беҳуда.

Сени ўйлаганда, кўрмай тангликни,
Латифлик киради шоир тушига.
Жаъми зулм, қаҳр, беписандликни
Қўшиб юборсанг-чи қиш улушига…

11. 03. 1999.

х х х
х


(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Кўрмоқдамиз, қаҳратон қиш, найрангларингни,
Ҳаммадан ҳам навбаҳорга қайраяпсан тиш.
Боиси: у оқ қордаги ой рангларингни
Эритди-ю, кўзга ботди шумшук кўриниш.

Деразага чизган безак-суратларинг ҳам
Бўғотдаги шокилалар бўлмади санъат.
Дув тўкилди, қуёш юзин очаркан кўклам,
Эриб битди, оқиб бўлди, нуради талъат.

Бизга қучоқ очар экан баҳор-гулойим,
Кўк либосда кўрарканмиз она масканни,
О, сен қаттол, сокингина тортиб мулойим,
Ямлаб қўйдинг бир кечада унган-ўсганни.

Не ҳам дердик, югуравер гўшалар оша,
Омад кулиб, давринг келиб қолмиш ҳарқалай.
Бу ҳам бизга битта сабоқ, битта тамоша,
Кўзасидан чиққан жинни кўрганмиз талай…

24. 03. 1999.

х х х
х

Руҳият осмони, вужуд замини
Нечоғ дилрабо-ю нечоғ оғриқли.
Дўзах ўтларидай куйдирар мени
Ҳар битта нопоклик, ҳар бир қийиқлик.

Кўзда кулгуларим, кўзда ёшларим,
Бахт, ғам қоришмаси замин-у фалак.

… О, гўдак кўнгил-а… Тупроқдошларин
Барини фаришта кўрсам, деб, халак…

24. 03. 1999.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Қўпоргувдай борки денгиз кўксини ғулув,
Олдга чопар, кўкка сапчир, қайнар, ўкирар…
Сувлигини йўқотгандай денгиз тўла сув,
Тўфон, гирдоб, сел бир бўлиб шиддатга кирар…

Ўзин отар ҳар томонга бесамар, беҳуд,
На саломни билади у ва на аликни.
… Мен бўлсам-чи, қирғоқда бу жунбушга шоҳид,
Ҳайрат ила кузатаман девоналикни…

24. 03. 1999.

х х х
х

Бу кунлар алдоқчи, кунлар бежуръат,
Мақтовларин, кўнгил, билаверма рост.
Биздан авлодларга не тутар фурсат?
Қай асно сийратлар қолгувси мерос?

Эвоҳ, ҳар биттамиз бир кафтгина хок,
Ёндирсак умрнинг хазонларини.
Ясамоқ бўламиз ўзимиздан тоғ,
Тан олмай фурсатнинг мезонларини.

Бу кунлар алдоқчи, кунлар бежуръат…

29. 03. 1999.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Сизга боқар бўлсак, чеҳрангиз хандон,
Букун умрингизнинг ғолиба фасли.

Очилиб боряпсиз кун сайин чандон,
Хушсурат муҳитли, хушҳол нафасли.

Тамойиллар янги… Илтифот катта…
Амрингизга муштоқ теграда юзлаб…
… Э, бизми? Маликчўл – бийдай хилватда
Юрибмиз Искандар қудуғин излаб…

30. 03. 1999.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Қўй, дўстим, интилма ҳашам тарафга,
Гуллар ифоридан бўлолмассан маст.
Буткул етти ётсан бу айри сафга,
У махсус тантана сеники эмас.

Улар асъасадан сармаст, ҳойнаҳой,
Улар учун тийин манфаат-коринг…
Жинлар ўйини бу… Асрасанг-чи, ҳой,
Қийшайиб қолишдан афти-ангоринг…

30. 03. 1999.

х х х
х

Ер маҳзуна. Ер ранги синиқ.
Ҳавода ҳам рутубат, туман.
Ҳар нигоҳда ўксиш, хўрсиниқ,
Ҳар лаҳзанинг заҳри – ёсуман.

Шарқироқ сув – занжирбанд, халқоб,
Ариқларнинг йўқ қўнғироғи.
Илтифотлар бўлган каби соб,
Табиатнинг бисёр фироғи.

Ўт-ўланлар – супринди, чирик,
Буткул ғойиб кечаги фараҳ.
Харобалик ишғоли йирик,
Мунғаяди шип-шийдам дарахт.

Ер истарди: кўринса ширин,
Туйса умр зарифлигини…

… Учқунлаган оппоқ қор, ернинг
Беркита қол ғариблигини…

31. 03. 1999.

х х х
х

Бошим узра феруза само,
Оёқ остим – гуландом баҳор.
Улар ила биттаман гўё,
Нигоҳимга қуйилар оҳор.

Чор атрофим кўм-кўк оғушда,
Майса ўқир севги хатини.
Гўёки мен кўргандай тушда
Қабоҳатлар салтанатини.

Гўё андуҳ бўлиб оқизоқ,
Симираман поклик шукуҳин.
Кўкси баланд, тилаклари оқ
Қушлар учар… Учади руҳим…

Осмон ерга қўл чўзар, ёки
Осмонига бош урарми ер…
… Умрим бино бўлиб, гўёки
Битганларим – ошиқона шеър…

Шу тупроққа ишқман, ихлосман,
Тутгим келар менинг-да оҳор.
… Бошим узра феруза осмон,
Оёқ остим – гуландом баҳор…

04. 04. 1999.


ДЎСТГА ТАСКИН

Беҳудага кўк чақар гугурт,
Қалдироқлар осмонга устун.
Беҳудага йиғлайди булут,
Беҳудага ғамгинсиз, дўстим.

Кўкда чақин… Кўнгилда чақин…
Садолари серваҳм, тихир…

… Нигоҳингиз ёритай, боқинг,
Беҳудага сўнмасин меҳр.

Сочилсин-да хушҳоллик зулфи,
Бахт гуллари очилсин қийғос.
Жудо бўлмоқ – шу куннинг урфи,
Фидо бўлмоқ – қадимдан мерос.

Ўтар фурсат… Ўтмоқда тезоб,
Ғам юқмасин ўйларингизга.
Бу дунёнинг бўлгани – азоб,
Арзимайди куймагингизга.

Бизда меҳр бир эмас, икки…
Бизда меҳр кемтик эмас, бут…
Тушкунликни ҳайдаб, дейликки:
«Беҳудага йиғлайди булут…»

09. 04. 1999.

САРОЙ ШОИРЛАРИНИ ЎҚИБ…

Беқиёс дардкашлик хиёбонида
Кезгувчи шоирин севар-ку очун.
Йўқ экан бу ҳатто шоҳ имконида,
Шоҳлар ҳузурида эмаклаш нечун?

Бу айри истеъдод дасталарида
Аллоҳ назари-ю каломи яшар.
Оҳ, уларни ёрлиқ расталарида
Арзимас чақага нечун пуллашар?!

21. 04. 1999.

х х х
х

Ногоҳ кайфиятим ғуборин артиб,
Қўлимда жилмайди пушти атргул.
Вайрона кўнглимга беролди тартиб,
Ломакон таскинга макон бўлди ул.

… Кунлар юрагимга андуҳлар ташир,
Еб қўймоғи аниқ шоқол ғам-алам…

… Атргул тутмоққа қодирмисан, шеър?
Қодирмисан таскин бўлмоққа, болам?

21. 04. 1999.

80-ЙИЛЛАРНИНГ ОХИРИ…

Мен ўшал кезларда изтироб бўлдим,
Томири кесилган кун эди кунлар.
Мен ўшал кезларда хок-туроб бўлдим,
Мунг эди, мунг эди, мунг эди кунлар.

Шеърлар ёзолмадим… Ёза олмадим,
Додларни, «оҳ»ларни, қонларни босиб…
Лекин РОСТЛИК эди мен учун надим,
УЙҒОҚ ХАЛҚни кўриш бўлганди насиб…

21. 04. 1999.

х х х
х

Ҳар кўрганим, кўрмаганимда
Мен истаган толе бўлсайди.
Бирга юрган, юрмаганимга
Шеърларимнинг боли бўлсайди.

Ҳар кимсанинг зийнати – субут,
Ҳар кимсанинг суянгани – юрт,
Юрт қизларин кўзларида ўт,
Йигитларин ёли бўлсайди…

Ҳар миллатдош – сўзимга меҳроб,
Ҳар қари-ёш – кўзимга суҳроб,
Дейман иҳраб, ўйлайман иҳраб:
«Юзларининг оли бўлсайди…»

Умрин узун кўрсам ёлқиннинг,
Сеҳрин фузун кўрсам талқиннинг,
Ёзганларим она халқимнинг
Таржимаи ҳоли бўлсайди…

22. 04. 1999.

х х х
х

Кўксига қўш умр заҳматин осиб,
Заррача сўз очмай азоб, ҳоришдан,
Менинг ўттиз йилим бағрига босиб,
Иситган, яйратган оппоқ фариштам,
Менга ҳадя этган қўш жуфт қоракўз,
Кўзларки, нуридан энтикар юрак!..
… Ҳасадлар, қарангиз, ғамлар, қарангиз,
Не бахт шундай сурур кафтида турмак!

22. 04. 1999.

х х х
х

Қуёш нури – ипак кокила.
Иккимизнинг зиё – жонимиз.
Қия, ҳарир дарпарда ила
Безаб қўйдим шабистонимиз.

Бахт уфурар, шеър уфуради
Меҳмон ойдан, меҳмон шамсдан.
Ёруғ хавас боқиб туради
Қия, ҳарир дарпардамиздан…

23. 04. 1999.

х х х
х

О, бу риёкорлик, о, бу разолат… -
Чандон яшамоққа уринаверар.
Сиз минг бошин ёринг, айланг жароҳат,
Майда бутунларга бўлинаверар.

Ўсиб катталашар… давомли… жўшқин…
Ким унга пойдевор, ким унга ҳомий?
… Мана шундан куйган Навоий, Пушкин,
Мана шундан куйган Арасту, Жомий…

23. 04. 1999.

х х х
х

Ташвиш чекмасинлар: узлат оғуши
Ҳали урганча йўқ кўнглимга маним.
Сокинлик лаззати, хаёл оққуши
Қувнатар кўзларим, яйратар таним.

Ташвиш чекмасинлар: кўрган-кечганим
Ҳар кун юрагимга энг азиз меҳмон.
Муҳаббат, муҳаббат… – эшик очганим,
Улкан бойлигига тикилган шоҳман…

23. 04. 1999.


КУЗ МАНЗАРАСИ

Тоғлар қордан оқарди букун,
Қуёш тафти синиқлашади.
Оқар сувлар кексайдимикин,
Фикрлари тиниқлашади.

Базўргина тизгинлаб бардош,
Қаро булут солланиб борар.
Сариқликка эгмагандай бош,
Ўрик барги олланиб борар…

Дилдирайди толлар – чилвирсоч.
Ачинганча дейман: «Бечора…»
… Ўкинмасдан ўзга йўқ илож,
Тўкилмасдан ўзга йўқ чора…

24. 04. 1999.

х х х
х

Ҳозир ҳамма бизда айтади қўшиқ…
Ҳамма рақсга тушиб, учирар елка…
Бу юрт – фақат куйлар тўлдирар бўшлиқ,
Бу юрт – фақат рақслар ўсгувчи ўлка.

Менгина уқувсиз, менгина ношуд…
Оққуш йўқ руҳимнинг бўйи-бастида…

… Балки уқувларим бўлгандир нобуд
Ялпи сархушликнинг оёқ остида…

26. 04. 1999.

х х х
х

Шундай шеър ёзсамки,
Шундай шеър ёзсам,
Бағри ўт бўлса…
Юракка боссангки,
Ярангга боссанг,
Баргизўт бўлса…

26. 04. 1999.

х х х
х

Бузмадингиз, умримга кириб,
Эски яшаш тамойилимни.
Мен барибир қўйдим ўчириб
Сизсиз ўтган ойим, йилимни.

Сизли бўлди борки бу ҳаёт,
Сизли бўлди борки бу йиллар.
Зеро, сизсиз фикр йўқ дилшод,
Зеро, сизсиз умр йўқ дилбар.

Айтар бўлсам кўнглимни холис,
Диёнати, меҳри қойимсиз.
Ҳатто ўзим сақлашга ожиз
Юрагимни қўяр жойимсиз…

26. 04. 1999.

х х х
х

Орқага қайрилиб, тан олмоқ лозим:
Мискин кунлар бўлди бисёрдан-бисёр.

Иншооллоҳ, энди учгай овозим,
Иншооллоҳ, бўлгай тасалли дастёр.

Ақалли, бошимда муҳаббат паноҳ…
Ақалли, кўксимда тиловат-тоат…
Ақалли, руҳимга эркинлик ҳамроҳ…
Ақалли, жиринглаб уйғотмас соат…

26. 04. 1999.

УЧЛИКЛАР

1.

Ҳақиқат, сендадир жаннат ифори,
Лекин йўлинг чағир, сўзинг тўпори,
Ёлғон эса, худди мойдай мулойим…

2.

Дунё ҳурдир. Кимсаларин ҳур, деб бўлгайми?
Дунё сирдир. Қилмишларин сир, деб бўлгайми?
Топилади сирни очар котиблар доим…

3.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Қалбингиз кафтингиз устида,
Кўнглингиз шон-шуҳрат қасдида…
Ўлибманми сизни танимай…

4.

Фақат олисларга тикиб у нигоҳ,
Фақат олислардан бўлиб у огоҳ,
Оёқ остидаги тошга қоқилди…

5.


(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Пешво билиб юрагингизни,
Шоҳсупага чиқардик сизни.
Туширолмай, энди биз ҳалак…

6.

Мен сизга келгандим хавотир ила,
Шунчаки бир ташриф, юз-хотир ила…
Шукур, ҳаётимга тўлди гунафша…

7.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Мард, девдилар… Қароқчи чиқди…
Пок, девдилар… Алдоқчи чиқди…
Айтилмасми чўпчак болага?!

8.

Узоқ йиллар ипи боғлаган бизни,
Чийралиб боғлаган икковимизни.
Менга хўп ёқади шундайин тузоқ…

9.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Ҳарис, сурбетликни бош илм қилиб,
Сонсиз юракларни минг тилим қилиб,
Тарих эшигини қандоқ қоқар у?

10.

Дейишади: «Бўлгани ғам, бўлгани жафо,
Дунё қаттол. Дунё совуқ. Дунё бевафо…»
… Кўрсат, аёл, шу дунёнинг муҳаббатлигин…

11.

Менга меҳр эмас, нафрат бўл, болам,
Сен юлиб олинган бағримга шу дам
Нафратни кўз-кўзлай, ўлмаслик учун…

12.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Аллоҳ улашаркан камсуқумликни,
Ростгўйлик, диёнат, безуғумликни,
У юҳо юрганди қайда ивирсиб?

13.

Фақат биздан қилмоқда фарёд
Фақат биздан қолдиргувси от,
Фақат бизга тегиш кун, ойлар…

14.

Нигоҳим-ла тоза юрак, соф руҳни силай,
Сиздан юқиб, пок ниятга мен ҳам осилай,
Қалдирғочлар, келиб қўнинг бўғотимизга…

15.

Қор эриди қуёш боқиши билан,
Ер қуриди қуёш боқиши билан…
Ҳар кимнинг қуёши ёришсин экан…

16.

Гўдак аёлингиз овута қолинг,
Гулдак аёлингиз овута қолинг, -
Борки гуллар кейин сизники бўлар…

17.

Касбингиз аввало кўнгил бўлгайми?
Сиз боис кўнгилга енгил бўлгайми? -
Садоқат кирмоқчи ишхонангизга…

18.

ДЕҲҚОН

Сабри узун, қўллари қисқа,
Уни талар минглаб қумурсқа…
Имконида бори – хўрсиниш…

19.

ҲАЁТ

Соб этади риёси,
Азоблайди дунёси…
… Лекин совимоқ қайда…

20.

Серзиё кундузлик, зим-зиё тунлик,
Нечоғ гулгунлик-у нечоғ дилхунлик…
Бу сенми, оппоғим, шеърият?

21.

Қуёшини йўқотгани чоғ
Қора ғамдай кўринади тоғ…
… Бундан шафақ ўлардай хижил…

22.

Тушдим кўнгил аробасига…
Кунларимнинг харобасига
Гулкўчатлар экмоғим керак…

23.

Умрим бўйи тақдиримга букким тиз,
Умрим бўйи нигоҳимда бўлсангиз,
Азизим!

1999.

х х х
х

Сиз кириб келасиз.
Чиқар хонамдан
Нохуш эсдаликлар,
Қора хаёллар…
Сиз кириб келасиз, -
Руҳимга ҳамдам
Бўлиб қолар зумда
Поклар, ҳалоллар.

Сиз оппоқ чўққисиз
Тоза нафасли
Мендай руҳи синиқ,
Мендай асовга.
Сиз – менга умримнинг
Биллура фасли,
Сиз -
Менга қисматдан
Шоҳона совға!

07. 05. 1999.

х х х
х

Эзгуликка, покликка толиб,
Нурлар, гуллар ичра битганим,
Ўзларига ўхшатиб олиб,
Фаришталар севиб тутгани -
Қизим, боқсам, сен-ла эгизак
Орзум бўлган покиза муҳит,
Сийратингга бўлибди безак
Меҳр, ҳаё, шоҳона бир дид.
Фидоликка очасан қучоқ,
Парвоналик, жоним, сенга хос.
Мен ҳаётни севардим нечоғ,
Шукур, севгим бўлибди мерос.
Видо кезиб ўнг-у сўлимда,
Сўнгги нафас сўраса изн,
Мен бўлай-да оппоқ қўлингда,
Кўзларимни юма қол, қизим…

15. 05. 1999.

х х х
х

Ўн йиллик соғинчим қолгай-да бошлаб,
Эгатга эгилган элга бораман.
Бахтсиз бахтиёрлик ниқобин ташлаб,
Бениқоб дил ила дилга бораман.

Далалар – ирода. Далалар – сабр…
Чанг-тупроқ йўл бўйлаб тераклар бўйчан…
Осмон тўла қуёш. Осмон – беабр…
Ҳориган чошгоҳнинг нигоҳи ўйчан.

«Жазира» аталмиш битта сўзга жо
Саратонга оид борки сир, афсун.
Иссиқ авж пардасин этади ижро,
Салқинга қочолмай, ғўзалар маҳзун.

Она гўдагига тутади кўксин
Серчандиқ тут таги, пайкал бошида…
«… Наҳот шулар бўлса, – ўйлайман ўксиб, -
Шоирлар куйлаган ажиб нашида?!»

16. 05. 1999.

х х х
х

Йўқотганча бардош-тўзимни,
Оғриқлари узун бўлгим йўқ.
Йиғлаб-йиғлаб, яна ўзимни
Овитгувчи ўзим бўлгим йўқ.

Сароб бахт-ла бежаб орзумни,
Сероб озорларни қуварман.
Ажин босган чарчоқ юзимни
Марям* сувларига юварман.

Ҳаёт шоми бўлса-да ҳамдам,
Толибаман исъён битикка.
Соб умрни чўзиб бўлса ҳам,
Кўргим келар халқимни тикка…

04. 11. 1999.

*- Марям дарахти – ёввойи мурч. Унинг барг ва навдаларининг қайнатмаси, ёзишларича, ажинларни
кетказар экан.

х х х
х

Алдовлари, фириблари йўқ,
Бағри тўкин, ғариблари йўқ,
Булут тўсган ғурублари йўқ, -
Гўзал эди хаёл ўлкаси.

Ҳар одами одам, деб яшар,
Кўнглим маним – олам, деб яшар,
Йўламагай алам, деб яшар, -
Гўзал эди хаёл ўлкаси.

Суйдим, суйдим, мен уни суйдим,
Туйдим, кейин фириблар туйдим,
Улар ичра йўқотиб қўйдим, -
Гўзал эди хаёл ўлкаси.

Дунё – бир кам. Мен ҳам бир камман,
Юрар йўли доим тиканман,
Уни қайта топармиканман? -
Гўзал эди хаёл ўлкаси…

05. 11. 1999.

This entry was posted in "Йиғларман" - 1999. Bookmark the permalink.

Comments are closed.