2000 – 2002

Гулчеҳра НУР

БИРЛИК ИСТАБ,
ҒЎРЛИК ТОПГАН – МЕН,
ҲУРЛИК ИСТАБ,
ХЎРЛИК ТОПГАН – МЕН…

х х х
х

Мен – маккор ўқлардан безган жайрона,
Мен – қилвир андуҳдан тўзган вайрона,
Мен – сўзи ярадор, кўзи хайрона,
Ёнимда бўлинг.

Кўряпман: дунёси – бетизгин, фосиқ…
Одам-ку одамга улкан бахт, тансиқ…
Ҳеч кимга чўзилмас қўлларим чўзиқ,
Ёнимда бўлинг.

Беором хилқатнинг савдоси – икков,
Ярадор юраклар садоси – икков,
Бедаво кўнглимиз давоси – икков,
Ёнимда бўлинг.

Нетардим, дил ёлғиз, ўт билмаганда,
Умримга сиз эҳсон этилмаганда…
Ўтиб кетмоғим бор кутилмаганда,
Ёнимда бўлинг…

11. 01. 2000.

х х х
х

Кўникиб кетдим ҳам, серҳадик кўзлар
Кўриб кўрмасликка олишларига.
Айтмасам, кўксимда минг маҳбус сўзлар
Виждонни не кўйга солишларига…

Менга ачинганлар айлашар талаб:
«Ҳар боб-ла урилмай, терсликни ташла…»
… Маҳбус сўзлар эса, кўксим таталаб,
Ҳурлик, эркинликка, о, нечоғ ташна!..

22. 11. 2000.

х х х
х

Буюк эди менга ҳақиқат,
Тоза эди орзум булоғи.

Мантиқ дерди: «Ҳар бир дақиқанг
Жоиз эрур гўзал бўлмоғи…»

Булоғимга супринди ташлаб,
Ҳақиқатни этдилар сургун.
Мен нетайки, шу ондан бошлаб
Оҳим бўлди дуркундан-дуркун.

Умидларим қолди пучмайиб,
Қувончларим айтди хайр-хўш.
Сўзим ёшли, сўзларим майиб,
Қаршимдаги йўл эса бўм-бўш.

Бу йўллардан сургун ҳақиқат,
Қуриб борар орзум булоғи…
Ваҳоланки, ҳар бир дақиқам
Жоиз эди гўзал бўлмоғи…

11. 12. 2001.

ҲУРЛИККА ДЕГАНИМ

Излаганим, кўзлаганим, сўзлаганим,
Изларини топа олмай музлаганим,
Қачон сенга айтаркинман «Ассалом!» деб?..

03. 12. 2001.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Менга аён пинхон дардингиз:
Қўйиб берса, мени ердингиз
Иштаҳа билан…

10. 12. 2001.

ИККИЛИК

Мен шеърда юлдузга, ойга учарман…
Ерда ер тишлаган элга дучорман…

2001.

АЁЛНИНГ 8-МАРТ КУНИ
АЙТГАНЛАРИ

Йилда бир бор байрамим менинг,
Тутилган ой – ойларим менинг…

2001.

ҲАЁТ ЙЎРИҒИ

Чириган барг, хаслар айтишса лапар,
Виз-визак шамолнинг най саси билан,
Ернинг пўпанагин қиш қори ёпар,
Баҳор ёпар гул-у майсаси билан…

2001.

ЯХШИГА АЙТГАНЛАРИМ

Ўнгга юрдим… Чапга юрдим… Эгилдим «оҳ»дан…
Таскин топдим биттагина сизнинг даргоҳдан…
Исириқлар осиб қўйинг дарвозангизга…

20. 11. 2002.

х х х
х

Бирлик истаб,
ғўрлик топган – мен,
Ҳурлик истаб,
Хўрлик топган – мен…

2002.

х х х
х

Ватан – тўкин, адл боғим,
Ғурбат эса – қатлгоҳим…

2002.

х х х
х

Ҳали уйқусидан турмаган қуёш
Менинг юрагимдан кўтаргувдай бош…

2002.

х х х
х

У… -

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Энг қисқа ишонч-у энг узун офат,
Бир кичик янглиш-у улкан касофат…

2002.

This entry was posted in "Йиғларман" - 2000 - 2002. Bookmark the permalink.

Comments are closed.