2003

Гулчеҳра НУР

ҚУЁШИ ТУТИЛГАН ЮРТ,
НУРЛАРИ ЮТИЛГАН ЮРТ…
ВО АЖАБО, БУ ЮРТДА
ИЙМОН-ЭЪТИҚОД УНУТ…

х х х
х

Ўқидим… Ўқидим… Шеър – махбусхона…
Ундан фақат оҳ-воҳ, андуҳ таралар…
Борми дардсиз шеърни кўрган замона?
Наҳотки шоирлар ғамдан яралар?!

Шеър битдим… Мени ҳам буткул ёнлаган
Қувноқ вазн-у оҳанг, шодон маросим…
Борки шоир ёзиб тугатолмаган
«Оҳ»дан бўлак, э воҳ, йўқми меросим?!

28. 06. 2003.

УЧЛИК

Кўриб қўйсин тўкислар:
Ғижим руҳни текислар
Ғижим кўнгил – меники…

28. 06. 2003.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Кўрган-билганларим кўз ёши бўлди,
Кўз ёши шеъримга сўзбоши бўлди…
… «Гадонинг душмани – гадо», – дердилар,
Ажаб, менга эса… юртбоши бўлди…

28. 06. 2003.

ИККИЛИК

Ҳар куннинг бор ўз улуши:
Ё миси, ё зар-кумуши…

28. 06. 2003.

х х х
х

Менинг руҳимга мос йиғлади осмон,
Қон йиғлади осмон неча кун-тунлар…
Мен ҳам осмон каби оҳи шарросман,
Бу – қандай тузум-у бу – не тутумлар?!

Нимани ҳам кўрди элим эл бўлиб?
Наздимда, бахт уни буткул йўқотган…
Дунё булутлари бошига тўлиб,
Дунё тўфонлари кўзида қотган…

Мен-ку истар эдим: шу мунис халқим
Андуҳларин бир-бир юрсам супуриб…
Гулгун чеҳрасини этолсам талқин,
Қувонч ифорлари турса уфуриб…

Мен-ку истар эдим буюк покликни,
Ним-ним кўнглим эди ҳаммадан бойроқ.
Тасаввур этолмай ёқачокликни,
Орзумда учарди оққанот байроқ.

Мен уни кўксимдан тополмай халак,
Мен уни чеҳрамдан тополмай сўлдим.
Кўрганим – фириблар… О, кўҳна фалак,
Ўлдим! Ўлдим!! Ўлдим!!! Тириклай ўлдим!!!

… Лопиллаб бораркан мен ётган тобут,
«Ким?» – деб танимаслар сўрса мабодо,
«Бир ғариб, – деб айтинг, – озод, тоза юрт
Орзусида ўтган ғариб бир гадо…»

28. 06. 2003.

х х х
х

Кўзларимга қумлар қадалди,
Қаро-қаро тунлар қадалди,
Жоним, сени суйганим учун…

Маломатлар емишим бўлди,
Оҳ-у зорлар демишим бўлди,
Жоним, сенга куйганим учун…

Мени сендан ситмоқчиларми,
Сени менсиз этмоқчиларми,
Сени қалбга қўйганим учун,
Ватан?!

07. 07. 2003.

х х х
х

Гавҳарбегим ОРИПОВАГА

Сознинг мунгли тори учун туғилган,
Элда армон бори учун туғилган…
Айтмасалар майли, бахтли аёл, деб,
Зор-зорларнинг кори учун туғилган…

Чорикорми, мардикорми аёллар?!
Танин сотган тарки орми аёллар?!
Ташландиқми, хор-у зорми аёллар?! -
Шундайларнинг ори учун туғилган…

Боқишлари сирлигина, сиргина,
Жозибаси нурлигина, нургина…
Гавҳарим у! Ватан деган биргина -
Биргинага дори учун туғилган…

04. 08. 2003.

ЁР-ЁР

Авж-авжига бадкорлик
Чиқмиш жуда, ёр-ёр.
Ёлғон ила маккорлик
Бўлмиш қуда, ёр-ёр.

Юртни босмиш кўпкари
Тараллоси, ёр-ёр.
Келинчакнинг сеплари
Юрт тиллоси, ёр-ёр.

Тўйхонанинг тўрида
Навохўрлар, ёр-ёр.
Куёвтўра тўнида
Жавоҳирлар, ёр-ёр.

Эл ёмон-у топгани
Яхши эмиш, ёр-ёр.
Тўйчилар-чи, ўлканинг
Нақши эмиш, ёр-ёр.

Кўнглин, улар ирғишлаб,
Чоғ қилмоқда, ёр-ёр.
Эл уларни қарғишлаб,
Оқ қилмоқда, ёр-ёр.

Бу дабдаба, бу савлат
Чўкар бир кун, ёр-ёр.
Оқ қилинган қай сумбат
Кўкардийкин, ёр-ёр…

4. 08. 2003.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Сизга, кам, дейдилар, «муттаҳам» сўзи,
Сизга, кам, дейдилар, «манфур», «мунофиқ»…
Тепкилаб, бошларда турволса ўзи,
Айтинг, бундайларга қай сўз мувофиқ?
Сиз кимсиз?

Сизга, кам, дейдилар, «иблис» каломи,
Ҳатто ундайларга бермишсиз сабоқ.
Бошларга ёғдириб не қур балони,
Ажаб, айтармишсиз ўзни яна оқ.
Сиз кимсиз?

Бошга лойиқ Ватан тушди оёққа:
Суллоҳдай ямламай ютарсиз борин.
Бир сиз кўрингайсиз, боқмай қаёққа,
Сиздан бўлак яна борми ағёрим?!
Сиз кимсиз?

Аён-ку муаррих қандай ёзмоғи
Ватаннинг гирёна, бу ўксик пайтин…

Аён-ку сураткаш қандай чизмоғи…
Келинг, эр бўлсангиз, ўзингиз айтинг:
Сиз кимсиз?

04. 08. 2003.

х х х
х

Бир мунис бор, бир дилкаш бор, бир моҳир бор,
Юрагимнинг туб-тубида жавоҳир бор.

Менинг ўшал ноёбимга жоним фидо,
Ёлғизимга, офтобимга жоним фидо.

Сўлсам ҳамки, уни яшноқ кўрсам, дейман,
Бўла қолсин фақат ўша хурсанд, дейман.

Лекин унинг қузғунлардан бағри пора,
Ўксиклардан, зуғмлардан бағри пора.

Уни тортиқ этган эди онам, отам,
Хор айлашди…
Алам мени ер дафъатан…
О, у – Ватан,
О, у – Ватан,
О, у – Ватан!..

04. 08. 2003.

х х х
х

Сенинг сочинг оқартирган ғам
Қаро этди менинг оламим.
Эвоҳ, дастим қисқа бўлса ҳам,
Ғаддорингга узун аламим,
Онажон!

Ғам гуркираб борар кунма-кун,
Ажаб, улус кўрни сайларми?!
Не тамойил, бу қандай жунун,
Онани ҳам зўрлагайларми,
Онажон?!

О, кўзингда, қаро кўзингда
Мунг бозори… Бахтлар мозори…
Эвоҳ, яна мажруҳ кўксингда
Минг-минглар… Йўқ, милёнлар зори,
Онажон!

Яниб ғамни яшнатганларни,
Тош отганга дод отсам, дейман.
Бу ғамларда тош қотганларни
Йиғлаб-йиғлаб уйғотсам, дейман,
Онажон-Ватан!

04. 08. 2003.

ЯНА САРОЙ ШОИРЛАРИГА

Сиз шон-у шуҳратга кўнгил тутибсиз,
Сиз бахт-у қувончни сингил тутибсиз,
Сиз мушкул ҳаётни енгил тутибсиз,
Сизнинг оламларга сиғармидик биз?!

Кўзга бало билиб юлғични, бадни,
Уюм-уюм бўлса оҳимиз матни,
Англай олмасангиз биз битган хатни,
Сизнинг оламларга сиғармидик биз?!

Эл-у улус битта. Дардимиз бўлак.
Сизга торлик қилар биз юрар йўлак.
Лахта қонлардан доғ биз киймиш кўйлак,
Сизнинг оламларга сиғармидик биз?!

Бизлар етти ёт, о, бизлар бегона…
Бизга андуҳ – доя, изтироб – она,
Эзгин-эзгин куйлар бўлиб дугона,
Сизнинг оламларга сиғармидик биз?!

Беёғду дилларга ёрликлар ила,
Зорларнинг бахтига зорликлар ила,
Оташда қовурдоқ борлиқлар ила
Сизнинг оламларга сиғармидик биз?!

О, бизнинг бу олам жўшқиндан-жўшқин,
Биз ёқда кўрарлар рост сўзнинг кўшкин,

Ёлғон оламларга хайрким-хўшким,
Сизнинг оламларга сиғармидик биз?!
Бизнинг оламларга сиғармисиз сиз?!

04. 08. 2003.

БИР АМАЛДОРГА
ДЕГАНЛАРИМ

Менинг сиздай яшагим келмас,
Чувалчангни наҳангшоҳ атаб,
Ситамгарни шаҳаншоҳ атаб…

Менинг сиздай яшагим келмас,
Азиз бошни ёлғонга букиб,
Темир-терсак, унвонга бўкиб…

Менинг сиздай яшагим келмас
Кимларгадир сўктириб падар,
Орим баланд осмонлар қадар…

Ҳақни кўриб, деёлсам: «Ҳақсан!..»
Эл кўзига доим тик боқсам…
Менинг шундай яшагим келар…

04. 08. 2003.

х х х
х

О, не кўргилик бу: майдонлар тўлин…
Қадр сотиш учун турсалар…
… Сенинг кўз олдингда, кишанлаб қўлинг,
Ёсдиқдошинг ечинтирсалар…

… Ажаб, чапин ўйса ўнгда турган кўз…
Бу – қай иблис ижоди – иллат?!
Шундоқ бўлгач, «биз…» – деб керилма, улус,
… Биз – халқ эмас…
Биз – эмас миллат…

08. 08. 2003.

х х х
х

Бахт, дегани юрар адашиб:
Фозилгамас, фосиҳга борар.
Кун, дегани тунларни ташиб,
Низомини бузиб юборар.

Нурни соя этар асира,
Мен бу ҳолдан ҳайрона, карахт…
… Кўз кўрар-у қўл етмас сира,
Уфқдаги шафақ каби бахт…

Жоним Ватан, ёниб кетяпман…

08. 08. 2003.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Сизга не ҳаддим бор? Айламанг фараз,
Миттигина барглар, бўлинг хотиржам.
Келиб-келиб сиздан қилайми араз,
Бўла олмади, деб, шулар ботирчам?!

Гарчи гадосиман юртфидоликнинг,
Сиздан фидоликни қандоқ сўрайин?! -
Топмоқ мушкул бўлса мард нидоликни,
Топмоқ осон бўлса қўрқоқлик раъйин…

Ҳар кун муъжизавий кутиб хабарлар,
Дераза олдида турсам мен карахт,
Сиз эмас, сиз эмас, жонсарак барглар,
Кайфим кемирмоқда чириган дарахт…

16. 09. 2003.

х х х
х

Мен беморман.
Тасалли керак:
«Куртаклар уйғонди» деган тасалли,
«Юраклар тўлғонди» деган тасалли…

Мен беморман.
Тасалли керак:
«Тутам ел бўронга айланди» деган,
«Сукунат суронга айланди» деган…

Мен беморман.
Тасалли керак,
Яъни ҳар гўшадан чиққан журъатлар,
Тўмарис келбатлар, Широқ келбатлар…

Йўқса, бу хасталик тузалмай ўтар,
Йўқса, оёқларим узалмай кетар,
Йўқса, очиқ кетар очиқ кўзларим…

Унда кетарман-ку халқи йўқ каби…

16. 09. 2003.

х х х
х

Эл роҳат кўрмайин, на роҳат кўрдим,
Ғамнинг сарҳадларин бесарҳад кўрдим,
Умр битикларин мунглуғ хат кўрдим,
Худойим!

Тарқоқлик уруғи унгандан унди,
«Ўзи бек» деганни англадим энди,
Бошга ғам, кўксимга ўкинчлар инди,
Худойим!

Эл кўзи жиққа ёш.. Эл кўкси яғир…
Нега сас чиқармас бу халқ – қонбағир?
Андуҳ эмас, унга бахт тансиқ ахир,
Худойим!

Ичи моғор, ялт-юлт сиртдан уялдим,
Сўздаги ясама бурддан уялдим,
Элдан кўтарилган қутдан уялдим,
Худойим!

Наҳот гул аталиб, гулсиз юргайман?!
Наҳот кеча-кундуз оҳлар ургайман?!

Наҳот гўримда ҳам тикка тургайман,
Худойим?!

16. 09. 2003.

х х х
х

Нафис най навоси тўқиган ғазал,
Қўйни-қўнжи тўкис, камоли тўкис,
Ҳусни ҳам, ақли ҳам етилган гўзал -
Бальзак аёлларин эслатади КУЗ…

20. 10. 2003.

х х х
х

Қайда қолди кўнглимнинг
Ман-ман деган чўққиси?
Ўзимнинг ўзимга саволим
Чўққиларим бор эди тўкис…
Энди эса… Минг бор уринмай,
Чор-атрофим турар теп-текис,
Чўққиларим қолди кўринмай.

Оқиб ётар ҳасрат дарёси,
Мен улардан чиқолмай ҳалак.
Ўйламангки: қувонч шарроси,
Сув эмас, мунг тўкар чархпалак.

Чўққиларга интиқ, толибман,
Излагайман фарёдлар тўкиб.
Ё кўрмасман, жарда қолиб ман,
Ё чўққилар кетишган чўкиб…

Изтироблар – мисоли булоқ,
Оҳлар эгиз, фарёдлар эгиз…
… Саҳроларга тутганча қулоқ,
Ўзбекистон турар теп-текис…

02. 11. 2003.

ЯНА КУЗ ҲАҚИДА

Табассумдан холи, виқордан холи,
Атроф руҳияти шикаста, майиб.
Куз – янги бўшанган аёл мисоли,
Чўзилиб ётибди беҳол, сарғайиб…

Бошидан ёғади ёмғир майдалаб,
Эзилган кайфини эзгувдай баттар.
Ҳидларин шамолга топширмиш алаф,
Қайда қолди гуллар атри муаттар?!

Дарахтлар туришар шийдам, низоли,
Бузилиб қолгандай гўё ораси.
КУЗ – янги бўшанган аёл мисоли,
Ўлик туғилгандай жигарпораси…

03. 11. 2003.

х х х
х

Бўй-бўй қизга кўзёш – сеп…
Ёш йигитга зиндон – эп…
… Онам мени туққанми
«Мушфиқ элга куйгил…» – деб?!

«Дод» тайёрдир босмоққа,
Дор тайёрдир осмоққа…
… Қалам менга текканми
Фақат ғамни ёзмоққа?!

Доим дучман шўришга,
Бўлинишга, бўлишга…
… Берилганми бу умрим
Халқни дилхун кўришга?!

Халқим – жонгинам онам,
Рўшноликка бегонам,
Ташлади-ку мени еб
Оҳинг – қашқир ҳамхонам…

Тузуми – бузуқ-бузуқ…
Чизиғи – узуқ-узуқ…

… Халқим, қуриб, қоқсуяк
Қўлларим сенга чўзиқ…

18. 11. 2003.

х х х
х

Далага пахтамас, дард экар халқим,
Тўрт фасл чекинмас дард чекар халқим,
Маошига дашном, дўқ тегар халқим,
Яна нималарни кутарсан?!

Дийдираб келди-ку кузагинг, онам,
Танангга ёймиш у сўзагин, онам,
Ўзингники узар ўзагинг, онам,
Яна нималарни кутарсан?!

Ёлғизим, заҳматлар ичра қолганим,
Талонлар, қаҳатлар ичра қолганим,
Оқибат – лаҳатлар ичра қолганим,
Яна нималарни кутарсан?!

Шамоллар томингга булутлар сурмиш,
Бахтинг куртакларин совуқлар урмиш,
Ҳатто юзин сендан Аллоҳ ҳам бурмиш,
Яна нималарни кутарсан?!

18. 11. 2003.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

«Қайтар дунё…» – деманг, боғламанг қўлин,
Бўғманг ҳам бўғзини, чатнаб аламдан.
Йўқ, сиз бу махлуққа тутқизманг ўлим,
Осон кетмасин у ёруғ оламдан.

Элтиб дор тагига, олмангиз жонин,
Тўппонча тираманг пешонасига.
Фақат ташлаб қўйинг, қайнатиб қонин,
Хайвонот боғининг бир хонасига…

У ердан узилмас, зеро, қадамлар,
У ердаги ўлим – узун ва руҳан…
Тупуриб ўтса бас унга одамлар,
Тупургани каби қавмига у ҳам…

Панжарага уриб, қонатсин қўлин,
Тишин ғижирлатсин минг бир аламдан…
… Йўқ, сиз бу махлуққа тутқизманг ўлим,
Осон кетмасин у ёруғ оламдан…

18. 11. 2003.

х х х
х

Қуёши тутилган юрт,
Нурлари ютилган юрт…
Во ажабо, бу юртда
Иймон-эътиқод унут.

Дарёси қуриган эл,
Ёш-қари ҳориган эл…
Во ажабо, ғам қолиб,
Иқболи ариган эл…

Пахтаси момиқ Ватан…
Супраси қуруқ Ватан…
Во ажабо, халқининг
Кўзлари юмуқ Ватан…

20. 11. 2003.

х х х
х

Совун кўпиклари ялтирар гўзал…
Совун кўпиклари товланар ҳим-ҳим…
Лекин ким кўрмишдир азалдан-азал
Бундай гўзалликнинг қадри-ю нарҳин?!

Оҳ, мени ўртайди, ёшларим тўкиб,
Бой бергани ҳолда ҳуқуқин-ҳаққин,
Кўпик ёлқинига кўзларин тикиб,
Кўпик жилвасига ишонган халқим…

20. 11. 2003.

х х х
х

Қарасанг, азиз дўстим,
Аъмоли остин-устун…

Қўй етови – бўрида,
Ўғрилар юрт тўрида…

Ботирлари қўлсиздир,
Йўлбошчиси йўлсиздир…

Фикратида йўқ сумбат,
Тўраси пулга уммат…

Шоирлари соқов-лол,
Бичилгандир, эҳтимол…

Қадри чақа илмнинг,
Тили кесик тилимнинг…

Зиндонбанд дин-у иймон,
Ёлғон десам, осийман.

Қаерда бор бундай юрт? -
Йўқолган барака-қут…

Зулм етди ҳалқумга,
Сиғмагай у талқинга…

Сабр тугаб бўлмиш-ку,
Ўзига хос йўлмиш бу…

Шунақа, азиз дўстим,
Аъмоли остин-устун…

20. 11. 2003.


ЎЗИМГА ДЕГАНЛАРИМ

Сен пулга ишонма. Пулнинг сероби
Бир кун қотилга ҳам қолгай айланиб.

Тортилиб ўшанда бойлик суроби,
Ўлтиргайсан тақдирни яниб…

Мақтовга ишонма. Мақтаб беармон,
Қабрга тиқарлар сени олдинроқ.
Ўйламагил, рутба бўлгай, деб, дармон,
У ҳам эрур надомат, ингроқ…

О, ўшал надомат кунлар олдида
Ташлагай ҳаттоки илонлар ҳам пўст…
Бу «синов» аталмиш қайноқ водида
Топгил иймон,
Топгил ҳалол дўст…

20. 11. 2003.

ИНТУИЦИЯ

Таталарди ични ит,
Этганича тамом хит,
Зарра қолмовди умид
Кўнглимнинг бир четида.

Ногоҳ шафақ ройини,
Сербулут тун ойини,
Сездим умид жойини
Кўнглимнинг бир четида.

Бир инқилоб, бир отқин
Доим бўлмагай тутқун,
Аланга олгай учқун
Кўнглимнинг бир четида.

Тугаб мунгли боқишлар,
Бу Ватанни оғушлар
Пайдо бўлган оққушлар
Юртимнинг бир четида…

Иншооллоҳ…

21. 11. 2003.

ИЛҲОМ

Кифоя этгандай пуфлашнинг ўзи
Ўргимчак тўрининг сўкилмоғига,

Қоқиўт укпари бир зумда тўзиб,
Симдаги томчилар тўкилмоғига, -
Мен ҳам илҳом билан турганда якка,
Бўла олмоқ учун шеърга доя,
Симдаги томчидай турган юракка
Бир нигоҳ,
бир оҳанг,
бир сўз кифоя…

21. 11. 2003.

х х х
х

Элларга сочилди элатим,
Қашшоқлик, жоҳиллик – иллатим…
Ўзлигинг қолгайми, миллатим?! -
Йиғлайман,
Йиғлайман…

Ақллар – не алплар кетмоқда,
Чидолмас пок қалблар кетмоқда,
Тўп-тўплар, саф-сафлар кетмоқда…
Йиғлайман,
Йиғлайман…

Қолганлар: «Биз зўрмиз…» – дейишар…
Қолганлар бир-бирин ейишар…
Қолганлар исъёнин тийишар…
Йиғлайман,
Йиғлайман…

Бу миллат бунча қад буккан-а…
Бу иллат қаёқдан теккан-а?!
Кўзёш ҳам соб бўлмас экан-а… -
Йиғлайман,
Йиғлайман,
Йиғлайман…

24. 11. 2003.

МАҚТАЙДИЛАР

Гадойлари сероб,
Эл-улуси хароб,

Уламоси туроб… -
Шоҳин мақтайдилар…

Гўдаклари чиллак,
Қозилари туллак,
Миршаблари лак-лак… -
Шоҳин мақтайдилар…

Уруғ-аймоқ юрти,
Зулм-қийноқ юрти,
Ҳибс-қамоқ юрти… -
Шоҳин мақтайдилар…

Тўрт томонда таъқиб…
Бўлсалар-да воқиф,
Сўлаклари оқиб,
Шоҳин мақтайдилар…

Юртда халол нафас
Бўлса бўлсин абас,
Унвон берилса бас, -
Шоҳин мақтайдилар…

25. 11. 2003.

х х х
х

Кўз очдим…
Кўрганим – қаровсиз сўқмоқ…
Фақат мушкулларда ўсиб-улғайдим…
Ақл-у хушим таниб: «Нечун мен уйғоқ
Элга қиз эмасман?!» – дея мунғайдим…

Ҳамон қанотини ёзолмайди СЎЗ,
Юлинар-топталар ҳамон гул-майсам…
Сиз айбга буюрманг, ҳамон: «Очиқкўз
Элга қиз эмасман…» – дея мунғайсам…

26. 11. 2003.

х х х
х

Кўриб орзуларни қатл дорида,
Увол умидларнинг тутдим мотамин,

Бир тўп қароқчилар ихтиёрида
Талон бўлар экан азиз Ватаним.

Эй доно, айт менга, садағанг кетай,
Аввал узатгил-да юракдоридан,
Айтгил, қутқариш-чун Ватанни, нетай,
Бир тўп қароқчилар ихтиёридан?

27. 11. 2003.

х х х
х

Тошкентдаги феврал портлашларида Муҳаммад Солиҳни айблаб кўрсатма берган, 10 йил озодликдан маҳрум этилган Зайниддин Асқаров 2003 йилнинг 27-ноябр куни хорижий радиолар – «Америка овози», «Би-Би-Си», «Озодлик» орқали ўз халқидан, Муҳаммад Солиҳдан кечирим сўради…

Узр сўраш, кечирим сўраш
гўзал бўлармикин шунчалар,
шунчалар ҳам оҳанграболи…
Чироқли,
мароқли,
фараҳли -
севинч ёшин оқиши қадар…

Узр сўраш, кечирим сўраш
бўлармикин шунча шифобахш…
Жондан кечиб айтди ул маҳбус…
Бу – байрам…
Бу – байрам…
Бу – байрам… -
Йиқилгандай бирдан жами ёв,
кутилмаган мўъжиза бўлиб,
от мингандай чўлдаги яёв…

Узр сўраш, кечирим сўраш
Бўлармикин шунчалар буюк,
Интиқ-интиқ юраклар учун…

Бу – нолон…
Бу – иймон…
Бу – исъён…
Бу – учқуни тансиқ ёлқиннинг…
Улуғ кунлар арафасида
Покланиши шудир халқимнинг…

28. 11. 2003.

х х х
х


(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

«Номи қуриб кетсин!» – айлаб тавалло,
Юракларнинг оқар фатоси.
Сен ким? – бошимизга келган бир бало…
Сен – онангнинг улкан хатоси…

28. 11. 2003.

УЧЛИКЛАР

1.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Ўз қонунинг, ўз йўлинг тузиб,
Ҳаммаёқни ташладинг бузиб…
Қийин-қийин, бизларга қийин…

2.


(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

«Халқимни севаман», – дегандим шодон,
Лекин сен саноққа кирмассан, нодон…
Ахир ким иблисни одам ҳисоблар?!

3.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Шўринг қурсин…
Бесабр, гирён,

Аксарият бир тан-у бир жон
Сенинг хотимангни кутарлар…

28. 11. 2003.

4.

Ингранар, ўртанар хазонрез фасл,
Уни соғинтирар баҳорий васл…
Мен ҳам худди шундай… Мен ҳам худди шу…

5.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Номингни тилимга олмасман,
Номингни шеъримга солмасман,
Таҳоратим бузилмасин, деб…

29. 11. 2003.

х х х
х

Тўкис бўлгай булутлар
Шаррос бўлиб, сел бўлиб.
Тўкис бўлгай умидлар
Бўронларга эл бўлиб.

Тўкис бўлгай дастхатлар,
Ола берса машқини.
Тил топишгай масҳадлар,
Жиловланса тошқини.

О, бу миллат!.. Эвоҳ, биз
Қачон бўлгаймиз тўкис?!

29. 11. 2003.

This entry was posted in "Йиғларман" - 2003. Bookmark the permalink.

Comments are closed.