2004

Гулчеҳра НУР

БЕКАТМАНМИ МЕН, ОНА,
ҒАМЛАР МЕНДА ТЎХТАЙДИ.
ПОРТЛАШЛАРДАН ВАЙРОНА
ДАМЛАР МЕНДА ТЎХТАЙДИ…

х х х
х

Бирма-бир, бирма-бир
сўзимни таъқиблар шуҳратга жазман,
шафқатни билмас…
Барибир, барибир
мен қор остидаги майса эмасман,
эгилгим келмас.

Бирма-бир, бирма-бир
қор сўйлар бесамар кажлик ҳақида:
«Буни дерлар «қиш».
… Барибир, барибир
Менга ёт
жимгина,
қорнинг тагида
баҳорни кутиш…

24. 07. 2004.

х х х
х

Мен сени қалбимга қўйганман, девдим,
Мен сени қалбимга ўйганман, девдим,
Янглишган эканман, онажон.

Ойнага боқаркан, кашф этиб бирдан,
Ўзим ҳам ҳайрона, лол қолдим бир дам:
Юзимда сен бўлдинг намоён…

Сарғайган ранг-рўйим, ажинларимда,
Ажинки, устма-уст саржинларимда
Сен ўзинг, сен ўзинг…

Оқарган киприклар, тўкилган қошлар,
Алданган бокира умид-бардошлар –
Сен ўзинг, сен ўзинг…

Косасига чўкиб бўлган кўзларда,
Лиммо-лим хасратга тўлган кўзларда
Сен ўзинг, сен ўзинг…

Чеҳра ҳам шунчалар бўларми мазлум?!
Сенга истибдодлар бўлдими мазмун,
О, Ватан, хорланган, хўрланган Ватан?!

24. 07. 2004.

х х х
х

Кезсанг овул-қишлоқни,
Қақроқ дала-ёбон кўп.
Берсанг бирон сўроқни,
Сукут сақлар забон кўп.

Тинмаса ҳам эрта-кеч,
Бири икки бўлмас ҳеч,
Армони эса ғиж-ғиж,
Қозонида ёвғон кўп…

Йўл етаги эгрида,
Кўзи тўймас ўғрида,
Во ажабо, теграда
Сени отар камон кўп…

Зиёли ин-инида,
Чин қолмаган чинида,
Қиличлари қинида,
Эл кўзида армон кўп…

Минбарларда сайрайди,
Элни мудом аврайди,
Сайраб, ўзи яйрайди,
Йўлбошчида ёлғон кўп,
Йўлда эса афғон кўп…
Армон кўп…
Нолон кўп…

25. 07. 2004.

х х х
х

Фақат сен, фақат сен, фақат сен – дардим,
Оҳларинг билан…

Иссиқ бўйгинангни кўрмоқ истардим
Боридан баланд.

Бахтингни қўмсарди – нурамас бахтинг
Бу камсўз қалам.
Мунғайиб, ўксиниб кўзимга боқдинг,
Боқарди алам…

Сен талон…
Мен шундан ғамга манзилгоҳ,
Таъқиқ сатрман…
Ватан, шу лаҳзада билармисан, оҳ,
Ўлаётирман…

01. 08. 2004.

х х х
х

Йўлим жуда кетди торайиб
марди майдонсиз,
аҳли иймонсиз,
шаҳдам забонсиз…
Ва яна –
курмаклар боис,
ҳадеб қопаверар кўппаклар боис…

Йўлим жуда кетди кенгайиб
ёлғонлар билан,
армонлар билан,
нолонлар билан…
Ва яна –
тулликлар билан,
бизлар ҳеч кутмаган қулликлар билан…

1. 08. 2004.

х х х
х

Сочлари пахмайган…
Кўйлаги йиртиқ…
Ҳолсиз кетиб борар оппоқ ҲАҚИҚАТ.

Бошин эгиб,
мени ҳаммадан ортиқ
Гирён этиб борар оппоқ ҲАҚИҚАТ.
Унга изн бермай,
у эди толе,
Иблисга бердилар унинг жойин ҳам.
Кучим кошки етса…
Тутмай уволи,
Кетяпти, изидан чопа қол, болам!

03. 08. 2004.


ҚОФИЯБОЗЛИК

Халқим – етим,
Ёшли – хатим,
Қора – отим,
Художон!

Ҳурлик – эълон,
Халқим – нолон,
Умри – талон,
Художон!

Халқим – хор-зор,
Тошди озор,
Кўксим – мозор,
Художон!

Халқим – қирғин,
Совуқ – турғун,
Қуёш – сургун,
Художон!

Ғам – фавора,
Мен – дилпора,
Мен – бечора,
Художон!

03. 08. 2004.

х х х
х

Ҳаётимнинг гул кузагида
Мени янчар хаёллар – беор.
Бу зах кунлар елвизагида
Бўлиб қолди халқимиз бемор.

Унга энди орзудир сароб,
Дўзахини атайди жаннат…
Уни бунча айлади хароб
Қай гўрдаги иблисий «санъат»?

03. 08. 2004.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Унга керак итоаткор,
Менга эса – шижоаткор…

Унга – олтин, ҳашам, шуҳрат…
Менга эса – бундан ҳайрат…

Унга – йўлнинг текислиги,
Менга – элнинг тўкислиги…

Унга – эркнинг жиловлари,
Менга – ҳурлик сийловлари…

Ана шундай у ила мен,
Тун ва кундай у ила мен…

04. 08. 2004.

х х х
х

Сени чизиб юрибман, Ватан,
бўзчи билганини тўқиган каби.
… Сурат чиқаверар
кўзлари қизил,

қўл-оёғи боғлиқ,
тишланган лаби…

… Сени чизиб юрибман, Ватан,
ўзим истамаган, сезмаган ҳолда
уйилган қовоғим,
таранг қош ила…
Оппоқ қоғозимга мўйқалам эмас,
кўксимга қадалган харсангтош ила…

Тош ҳам йиғлар экан. Мен энди билдим…

04. 08. 2004.

МЕНИНГ ДАРАХТИМ

Мунажжимлар очиб фол,
Мени алдашар алҳол.

Мосмас менга бу тақдим,
Олма эмас дарахтим.

Кўриб қўйинг, халойиқ,
Ҳув ана, сочи ёйиқ,

Сув бўйига экилган,
Ғамдан боши эгилган,

Гуллари ҳам сап-сариқ,
Вужуди тўла оғриқ,

Кўриб теграда макр,
Кўриб юракларни кир,

Тутиб туради мотам,
У – менинг ўзим, зотан…

Эй мунажжим, билиб ол:
Дарахтим-ку мажнунтол…

04. 08. 2004.

САВОЛЛАР

(парча)

Бахт ўрнига кезса мусибат,
Кунлар ўтса қаро кийиниб,
Маънавият бўйи бўлса бад,
Ва бўлмаса ҳатто куйиниб,
Халолликнинг жойи қисқариб,
Тунаш бўлса барча касб-у кор,
Истеъдодлар муте ва ғариб,
Фидоликнинг ҳиммати бекор,
Умид шаъми тугаса тамом,
Бу – не макон, бу – қандай замон?

Кимда иймон, фазл-у камолот,
Юрагининг оғриғи – миллат,
Кимга душман саҳв-у сафолот,
Ҳаётининг ёрлиғи – миллат… –
Қон қусмоққа этилса дучор,
Ҳукм қаттол ва қатъий бўлса,
Ва кимдаки Ватан оҳи бор,
Унга таҳқир одатий бўлса,
Титроқ кунлар узундан-узун… –
Бу – не хилқат, бу – қандай тузум?..

04. 08. 2004.

ТАШҲИС

Портлатишди…
Беркинди қотил…
Бегуноҳни осишди дорга…
Гувоҳликка ўтганди ботил,
Қолган эди ҳукм ғаддорга…

«Бу – ноҳақлик», – деганди қай ким,
У ҳам зумда этилди гумдон…
Энди ҳамма – ола-кула, жим…
Энди ҳамма – бесар, безабон…

Умидсизлик эгаллаб ярмин,
Қолган ярмин босиб қўрқоқлик,

Юракларга қуриб олди ин
Олазарак, олақуроқлик…

Қон қусмоқда шу боис Ватан…

05. 08. 2004.

х х х
х

Бекатманми мен, она,
Ғамлар менда тўхтайди.
Портлашлардан вайрона
Дамлар менда тўхтайди.

Кунлар юпун куздаги,
Унлар унсиз сўздаги,
Қаро-қаро кўздаги
Намлар менда тўхтайди.

Заҳар-заққум ошида,
Сузса бўлар ёшида,
Ваҳший булут бошида
Жамлар менда тўхтайди.

Кўксим Ватанга тўла,
Оҳлари мўлдан-мўл-а…
Шу Ватанни бир йўла
Ямлар менда тўхтайди…

05. 08. 2004.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Ҳали у бўлгайдир ғаройиб китоб,
Айланиб бешафқат ғам меъморига.
Ғиштлар термоқда-ку ҳозирда шитоб
Қора хотиралар пойдеворига…

05. 08. 2004.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Алдов… ёлғон… қон… вабо…
Йўқ-йўқ, булар йўлмас-ку…
Одамми у?
Ажабо,
Одам бундай бўлмас-ку…

05. 08. 2004.

ТАРЖИМАИ ҲОЛНИНГ
САВОЛ-ЖАВОБЛАРИ

– Туғилганинг қайси бир маскан?
– Ватан.
– Касби нима? Ким эрур отанг?
– Ватан.
– Ким сен учун бошсилар, ҳотам?
– Ватан.
– Ҳеш-ақрабо бор эрур, зотан?
– Ватан.
– Хаёлларинг чирмашган маҳзан?
– Ватан.
– Қай кемтикдан кўзингда мотам?
– Ватан.
– Хуллас, сенга бўлмиш жон-у тан…
– Ватан!

06. 08. 2004.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Ёздирмай қаламни,
Сўзлатмай тилни,
Ўлдириб бўлди-ку ўн олти йилни…
Яна нималарни истаркин?

САВОЛ-ЖАВОБ

– Минг хил таъмир безатаркин шаҳарни нечун?
– Юракларнинг вайронасин ниқоблаш учун…

07. 08. 2004.

х х х
х

Бевақт қуйган ёмғир…
Ноодатий ёз…
Чилла қайноғидан маҳрум саратон…
Кунлар – нари-бери чизилган қоғоз,
Дебочаси бўлиб турар яра тонг…

Рўшнолик булутга бўшатмиш ўрин,
Ёздан кутса бўлар қаҳратонларни.
Кунлар йўқотгандай иймон, ғурурин,
Кунлар йўқотгандай қаҳрамонларни…

Борки шоҳсупада турар пул, маснад,
Элдан тамом қувғин руҳи афифа.
… Авом давралардан тўкилар ҳасрат,
Авом чойхоналар тўқир латифа…

07. 08. 2004.

БЕВА ҚИШЛОҚ

Бўйга етган нилуфар қизлар
Иффатини солар бозорга.
Эркаклари кетган иш излаб,
Қишлоқ куни қолмиш озорга.

Бепарво ой…
Бепарво қуёш…
Гўё шунда жами «ҳут-ют»лар…
Оналарнинг кўзларида ёш,
Елкасида эса – тобутлар…

07. 08. 2004.

х х х
х

Тутқичсиз дарпарда…
Ҳадсиз йиртиқлар…
Эси йўқ саркарда…
Бахти тиртиқлар…

Урчийди муттаҳам,
Урчир соқчилар…
Қолган-қутганни ҳам
Ўмармоқчилар…

Авомми?
Бесўқмоқ…
Қўлида кишан…
Бошида уртўқмоқ,
Ўлимга нишон…

07. 08. 2004.

х х х
х

Дўстларим – ғофил тун ағёри – қуёш,
Ғамдан адо бўлиб сарғайган кузак.
Дўстларим – мазлума кўзлардаги ёш,
Уни қуритай, деб эсган елвизак.

Дўстларим – ғам ямлаб, чорак қолган дил,
Ва бу дил дардига йиғлаган сатр…
Дўстларим – тераклар, тургувчи адл…
Шулар шеър ёзишга ундамоқдадир…

08. 08. 2004.

х х х
х

Қушим, бас қил сайроқни,
Этолмассан хуш мани.
Еб ётар зар тупроқни
Ичдан чиққан душмани.

Юртда ўлган толега
Билдириб сен таъзия,

Қушим, аянч ҳолимга
Йиғлаб айтгил марсия…

05. 08. 2004.

х х х
х


(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Кўзимни юмаман кўрмаслик учун…
Хаёлга киради…
Уйқуга чўмаман, хаёлдан тўйиб…
Тушга киради…
О, қандай бало бу дўзахий сурат?
Етмасмиди унга
Бешарм бўлиб
Кўшк-у равоқларда туриб олгани?!

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)
Сен кўкка кўтарган йўлни босаман,
Йўл босганим сари мотам-азаман…
Уйим ёнбағрида карнай-сурнайлар,
Мен эса, босилмас шеърлар ёзаман…

08. 08. 2004.

ҚИЁМАТ ҚОЙИМ

Ҳаммаёқда остин-устунлик…
Мувозанат бозори касод…
Ўз ўрнини жунжикар тунли
Сумбулага алмашган асад…

«Биз бахтли», – деб сўзлайди нолон…
«Биз эркин», – деб сўзлайди маҳбус…
… «Равнақ» дея аталар талон,
Қутқу тарҳи тузилар махсус…

… Ўзимда ҳам тушкунлик ғолиб,
Юртга тўлган ҳарб-у зарбдан…

… Ой осмонда йўқолиб қолиб,
Чиқмасайди қуёш ғарбдан…

09. 08. 2004.

х х х
х

Кун сайин ошмоқда тантиқ нарх-наво,
Ўнг-у сўлга боқмай, бамайлихотир…
Ошаверар кейин ишрат, кайф-сафо…
Ошаверар қарғиш, дуоибадлар…

Қадр эса…
Доно, қадри йўқ қадр
Кўтаролмай бундан эгик бошини,
Жарлик томон пастлаб, йўқолаётир…
Йўқолиб кетмоқда умид мусаффо,
Иймон, ҳаё, фазл – нархи баландлар…

Кўзин ерга тикиб, уялар Ватан…

10. 08. 2004.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Ўн олти йил ўтди…
… Мен сенга боқиб,
Жонга теккан нигоҳ,
Ваъдаси қат-қат,
Ўзимдаги тоғ-тоғ
Сабр ва тоқат,
Бинафшабўй ишонч,
Гулчирой умид,
Туғилмаган қувонч –
Йўргаклари чит –
Барча-барчасини юбордим ёқиб…

… Эндиги йилимга кирмоқ истайман
Бутунлай сенсиз…

10. 08. 2004.

х х х
х

Толиб ЁҚУБга

Зарур бирон гап йўқ,
на бирон хабар,
на тиғнинг ёсуман боқиши,
на кўнгил бўшатиш хоҳиши…
Барибир
мен сизга қўнғироқ қиламан…
Зотан,
йиғлаб турар экан атргул Ватан,
буюк ҳимматнинг –
майдонга тик тушиб,
Ватан овози
бўлаётган сиздай камсуқум марднинг
эшитгим келади хуш овозини…

11. 08. 2004.

х х х
х

Ватан – сарвқомат, гул ҳидли сулув,
Оппоқ манглайида гўзал тиллақош…
Ватан – нигоҳларга жозиба, ғулув…
Шундан юҳоларга бўлмоқда талош…

Юлишди тиллақош, узук, зирагин…
Топталди, тирналди сутдай сийналар…
Эди у париваш илҳом, тирагим,
Энди чизмоқ бўлиб, сўзлар қийналар…

Ватан – юраги оҳ, кўзлари оҳу…
Питирлар, сақлашга уннаб орини…
Ватан – тўнғиздан сўнг ит теккан сулув,
Йиғлаб кутаётир халоскорини…

12. 08. 2004.

х х х
х

Дарахтлар илдизсиз…
Япроқлар рангсиз…
Атргул очилган… Ифор ундамас…

Қўшиқлар шеърсиз…
Куйлар жарангсиз…
Бу халқ индамайди.
Бу халқ индамас…

Бебулут осмоннинг йўқолмиш ойи,
Лекин эшитилмас ҳайратлар «вой»и.
Лаҳзалар – беқанот…
Кунлар – савдойи…
Бу халқ индамайди.
Бу халқ индамас…

Сўрайман: «Бу кунлар ўнгимми ё туш?»
Сўрайман: «Айтинглар, сизда борми хуш?»
Наҳот тиллар кесик, оғизлар бўм-бўш? –
Бу халқ индамайди.
Бу халқ индамас…

Бу – қай исқирт бало, қай дўзахий хавф?
Борми бу балони эта олгич даф?
Жовдираб қарайман, дўстлар, тўрт тараф:
Бу халқ индамайди.
Бу халқ индамас…

Менинг-да овозим очолмас эшик…
Оғиз жуфтлаганнинг манглайи тешик…
Зотан, ўтсиз ўчоқ, гўдаксиз бешик…
Бу халқ индамайди.
Бу халқ индамас…

Кўтармоқ машаққат бу кунлар юкин,
Умидлар, илинжлар – тупроқдай кукун.
Ҳали бу кунларга ўқилгай ҳукм,
Ўшанда бўлишгай тиллари бурро…
Астағфурилло!

12. 08. 2004.

х х х
х

БУГУН хоқон билар, шоҳ билар ўзин,
ЭРТА ўяр ҳали БУГУНнинг кўзин…

14. 08. 2004.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

У қон қақшатмаса маъсум адолатни,
Бошга урармидим, воҳ, мен маломатни…

15. 08. 2004.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Сен – чирк-ғуборсан
ОНГЛАРДАГИ,
РУҲЛАРДАГИ,
ҲАМИЯТДАГИ,
ЖАМИЯТДАГИ…
… Ярақлатиб ювиб қўйсайдим, дейман,
Қатронласам, дейман, ўнг-у сўлимни…
Ювишни истайман…
… Юволмаяпман…

26. 08. 2004.

х х х
х

Юк бўлмай ҳеч кимга бўлайин-да соб,
Зеро, дунё юкин ўзи беҳисоб…

27. 08. 2004.

Det här inlägget postades i "Йиғларман" - 2004. Bokmärk permalänken.