2005

Гулчеҳра НУР

ЯЛПИЗ КУНЛАРИМ ЙЎҚ, БАРИ БУРГАНДАЙ,
ҚУЁШ ЮРТИМИЗНИ ЁНЛАБ ЮРГАНДАЙ,
АЛДОВ БИЗДА МУҚИМ МАКОН ҚУРГАНДАЙ,
СЕН ҲАМ АЛДАРМИСАН, БИРИНЧИ АПРЕЛ?

х х х
х

Мен тўлдим яқинлар, йироқлар ила,
Бутун эмас, бағри қуроқлар ила,
«Бу – не ҳаёт?» – деган сўроқлар ила… -
Тўкилмасам бўлмас…

Кўзимга зулмнинг тиғи қадалди,
Бўғзимга тош бўлиб йиғи қадалди,
Юртимнинг бори-ю йўғи қадалди… -
Тўкилмасам бўлмас…

Томиримда оқар мақтуллар қони,
Гўрдадир халқимнинг халқлик мақоми,
Оҳ, унинг устидан кулар ҳоқони… -
Тўкилмасам бўлмас…

Халқ, деб фақат ўзин англайди боён,
Яшаса бўлгани угина шоён,
Зулмин сарҳадига кўринмас поён,
Тўкилмасам бўлмас.
Йўқса ўламан…

01. 01. 2005.

х х х
х

Бор-у йўғи таланган
Боғлар қоним сўради.
Ғам устма-уст қаланган
Чоғлар умрим ўради.

Шафақлари буталган
Уфқлардан толиқдим.
Бахтбоши, деб аталган
Дардбошига йўлиқдим.

Бахт нарида ўйнайди,
Ташлай, демас кўз қирин.
… Ёзда иссиқ қийнайди,
Қишда эса – изғирин…

02. 01. 2005.

х х х
х

Биз кулишни унутдик, дўстим,
Булутларнинг кўксин йиртгувдай,
Илонларнинг ташлатиб пўстин,
Гулдураклар хавас этгувдай -
Кулишларни унутдик, ҳайҳот!

Биз сўзлашни унутдик, дўстим,
Киритгувдай сомелар жонин,
Токи бўлиб ўй остин-устун,
Кўпиртирар дил ҳаяжонин -
Сўзлашларни унутдик, ҳайҳот!

Биз яшашни унутдик, дўстим,
Фақатгина ишлайверамиз,
Узун этиб қабоҳат дастин,
Қуруқ нонни тишлайверамиз…

Йиғла, йиғла, йиғла, Гулчеҳра!..

02. 01. 2005.

х х х
х

Сенмидинг чўққида кўзим тушган гул?
Сенмидинг нигоҳдан шаҳд учган каклик?
О, сени йўқотиб қўйгач мен буткул,
Буткул маъшуқангга айландим, ПОКЛИК!

Тентийман хазонрез йўлларни босиб,
Жизғинак қуёшда куйиб тентийман.
Истайман висолинг бўлишин насиб,
Мен сени соғиниб, суйиб тентийман.

Изимдан қолмайди қоп-қора шарпа,
Зуғм тўла овоз: «Тўхтагил!» – дейди.
Илондай вишиллаб, ургудай зарба,
Заҳарли вужуд-ла: «Мақтагил!..» – дейди…

Йўқ! Йўқ!! Йўқ!!!
Эй поклик, сени ўпай, деб,

Ҳазар қилганимча пачоқ орлардан,
Висолинг соғиниб, айтарим айтиб,
Ўтиб бормоқдаман илонзорлардан…

04. 01. 2005.

х х х
х

Ёлғизоёқ чорбоғ оралаб
Битта-битта оёқ босаман.
Қўйишганди мени яралаб,
Паймонаси тўлган косаман.

Ғам янчади фурсат ўғири,
Уст-бошимга тўзон қуйилар.
Турфа қушлар чуғур-чуғури
Менга фарёд бўлиб туюлар…

Ҳаво намчил… Кўзларим намчил…
Озод боғда эмасман озод.
Йўллари паст, нурлари камчил
Қуёшдан-да ўқийман фарёд.

Бас-э, етар, хайр-хўш айтиб
Дилгир оқшом, дили қон боққа,
Лозим энди хонамга қайтиб,
Фарёдларни кўчирмоқ оққа…

04. 01. 2005.

х х х
х

Чўчиб кетдим, бир лаҳза боқиб:
Сўзларимнинг боши узра ХУТ…
Таъқиб, таъқиб, КАТТАКОН ТАЪҚИБ…
Қачон бўлгай бу кунлар унут?!

Нафратимда баланд ҳарорат,
Ҳасратимда ҳеч туганмас дуд…
Умид ғорат… Умидлар ғорат…
Қачон бўлгай бу кунлар унут?!

Қорларини соғинтирар қиш,
Ҳурлигини соғинтирар юрт.
Нигоҳларда вайрона боқиш…
Қачон бўлгай бу кунлар унут?!

Руҳиятда синиш, қонаш, лат…
Умидсизлик қорачиқларда…
Қачонгача ўксиб йиғлар-да,
Кунлар боқар мискин, ҳижолат…

Бўлгаймикин бу кунлар унут?

14. 01. 2005.

х х х
х

Уят уят бўлмай қолди бу замон,
Ёлғон рост ўрнини айлади ишғол.
Покни нопок атаб, яхшини – ёмон,
Зулм юрт тўрида ўлтирар хушҳол.

Бомбалар портлайди… Ортида сирлар…
Менинг вужудимда нафрат қўпади.
Бир пайт, халқникиман, деган шоирлар
Энди зулм пойин сархуш ўпади…

20. 01. 2005.

х х х
х

Сен – борки хаёлим эгаси,
Уйқуни йўлатмас нолонсан.
Дарз кетган умидлар чегаси,
Сен – менга армонсан, армонсан,
Озодлик!

Оқ қушим, тоқ қушим, орсан-у
Талонсан, талонсан, талонсан!
Оҳ, кундош юлқиган ёрсан-у
Оҳ, бурни қонаган боламсан,
Озодлик!

Нурлигим, ёлғизим, муродим,
Макрга, жодуга йўлабсан.
Мен сени ҳаммага сўровдим,
Бир туркум бош узра кўлобсан,
Озодлик!

Гарчи мен – шунчаки бир ирмоқ…,
Шунчаки чорловчинг бўлмасман.
Ўлдирмоқ истарлар, ўлдирмоқ…
Мен сени кўрмасдан ўлмасман,
Озодлик!

20. 01. 2005.

х х х
х

Қоқсуяк қўлимдан, чарчоқ кўзимдан,
Зарғалдоқ юзимдан келар ғам ҳиди.
Ғам ҳиди анқийди айтар сўзимдан,
Мен – алам шаҳиди, ситам шаҳиди…

Нетай, УЛКАН ЁЛҒОН сўраверса қон,
Ҳар кунги найранглар этса пажмурда…
… Мен – бошдан-оёғи армонман, армон,
Мен – УЛУҒ ҲУРЛИГИН соғинган мурда…

23. 01. 2005.


ДАРАХТЛАР

Ҳуқуқсиз дарахтлар, махбус дарахтлар…
Оёқлари кишан… Этолмас қимир…
Сезилмас забонлар, майллар, шаҳдлар,
Фарёди пинхона яшар бир умр.

Сукутни танийсан, боқсанг афтига,
Бу – не яратгандан беисъён ижод?
Фақат олсагина бўрон забтига,
Синар чоғ қарсиллаб, солишади дод.

Десам, буларда ҳам бор экан-ку тил,
Солар экан фақат жунбушга қатл…

23. 01. 2005.

х х х
х

Ажаб, қайси иблис китобларидан
Ўрганиб улгурдик бузмоққа қонни.
Мана энди макр гирдобларидан
Чиқмоққа йўл бўлсин, бузмай иймонни.
Оқибат – бетизгин ҳар иш, ҳар йўсин,
Ҳар тутум тобора қинғирлашмоқда.
Зиёлилар ночор кўришиб ўзин,
Чекка-чеккаларда шивирлашмоқда.

Улар қабоҳатга букиб бўлган тиз,
Улар – ақл эмас, ҳасрат ҳоқони.
Битта мушт бўлмоққа, очмоққа оғиз
Қўймайди, қўймайди бузилган қони…

24. 01. 2005.

х х х
х

Бу дийдаси қотган,
Нафси хакалак,
Ҳаёсин йўқотган,
Руҳи чакалак,
Ўмарган рутбасин
Чангаллаб олган,
Қанча зар тутмасин,
Зумда ютолган
Кимсаларга
Керак эмас шекилли
Кўкраги ғоз бўлган
Ҳақгўй забонлар,
Ҳаё либос бўлган
Моҳитобонлар…
Курмак, дейишмоқда
Иймон ошиғин.
Керак, дейишмоқда,
Катта қошиғим…

25. 01. 2005

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Муҳаббатни қандайин тиклай?
Нафрат дарсларини ўқитдинг…
Гулларимни бўғдинг тириклай,
Баҳоримни уриб йиқитдинг.

Ҳайрон бўлма, тутса ўжарлик,
«Жим!..» – десалар, кирмасам сўзга…
Боиси – сен яратган жарлик
Чеккасида мен энди ўзга…

25. 01. 2005.

х х х
х

Мен мерос истайман аввал ўзимга,
Кейин тонгдай ўғлим, гулдай қизимга
Улардай иффатли, покиза Ватан!

26. 01. 2005.

х х х
х

Вой-вой, бу кимсанинг
Девори баланд.
Нега? – деб сўрасанг,
Қилмиши – талон…

Вой-вой, бу кимсага
Ҳамма – гўё ёв.
Нега? – деб сўрасанг,
Айтари – алдов…

Вой-вой, бу кимсага
Соқчилар қалқон.
Нега? – деб сўрасанг,
Икки қўли қон…

Вой-вой, бу кимсага
Йўламас уйқу.
Нега? – деб сўрасанг,
Талвасада у…

Вой-вой, бу кимсадан
Кулажак тақдир.
Нега? – деб сўрасанг,
Худоси йўқдир…

26. 01. 2005.

х х х
х

Бу ким? Менми? Мавжудманми? Келмас ишонгим…
Узилганим ростга ўхшар она заминдан.
Увоқ-увоқ тўзган гўё бу жисм-у жоним,
Бирон нима қолдимикин менга хос мендан?!

Кўча ёлғон… Уйлар ёлғон… Фақат ёлғонлар
Минбарларда, китобларда, кенг бозорларда…
Ёлғон экиб, ёлғон ўрар экан боёнлар,
Мен ўзимни йўқотгандай ёлғонзорларда…

Бу ким? Менми? Мавжудманми? Келмас ишонгим…

27. 01. 2005.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

На уят, на надомат…
Қийратгани – адолат…

Қилар иши – бузғунлик,
Бузғунликда қизғинлик…

Бориб турган ялмоғиз,
Қўймас очишга оғиз…

Дўзахни жаннат, дейди,
Мақтовни санъат, дейди…

Қолганлар оми эмиш,
Уларга соме эмиш…

Улкан даҳо – биз, дейди,
Юксак баҳомиз, дейди…

Биз хайрона бўлдик-ку,
Уятлардан ўлдик-ку…

27. 01. 2005.

х х х
х


(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Чўктирдинг ишончлар кемасин,
Ширин умидларга ўт қўйдинг.
Энди бу қалам не демасин,
Сўзлари минг чуқур, минг ўйдим…

Тугади умидбахш чаманлик,
Бугун ҳам, эрта ҳам харобат…
… Сенда бор савдойи ман-манлик,
Сенда бор савдойи жаҳолат…

Бизда-чи… жароҳат, жароҳат…

27. 01. 2005.

х х х
х


(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Қалампир ташладинг кунларимизга,
Дўзахни бошладинг тунларимизга…
Кет!

Қуёш, ойимизни ўғирлаб қўйдинг,
Икки елкамизни яғирлаб қўйдинг…
Кет!

Одамлар инсофга суялар эди,
Улар инсофини куялар еди…
Кет!

Бизни ўн икки ой шилади ғўза,
Шунча ой биз яна тутармиз рўза…
Кет!

Ўзингча яратдинг тамойил-тартиб,
Юпун яктаккача олдинг-ку тортиб…
Кет!

Ёлғонни сув қилиб ичарсан доим,
Қолсанг, бошлангувси қиёмат-қойим…

Кет! Кет!! Кет!!!

27. 01. 2005.

х х х
х

Роҳатижон бўлмоғи лозим
Кунларимнинг оқарди сочи.
Қариб кетди ўктам овозим,
Қадамимнинг йўқдир қулочи.

Лекин кўнгил… Қаримас кўнгил
Мижжасига қўндирмас уйқу.
Эзгулик-ла тутинган сингил,
Ёвузликни қаритмоқчи у…

Иншооллоҳ…

30. 01. 2005.

х х х
х

Сўзда кишан… Йўлда кишан… Овозда кишан…
Исмимдаги гуллардан, оҳ, қолмабди нишон…

30. 01. 2005.

х х х
х

Ўғирланди ёзнинг гул иси,
Оқ қишларнинг ярақлашлари.
Ўғирланди юзлар кулгуси,
Нигоҳларнинг чарақлашлари.

Ўғирланди меҳрли сўзлар,
Мулозимат, саломлар ҳатто…
Етти ётга айландик бизлар.
О, бу – хато, шайтоний хато!

Гўзал эди, ҳаёлар парда,
Бир-бировга меҳр тутишлар.
Урф энди кўча-кўйларда
Танимасга ўхшаб ўтишлар.

Умидларга ёприлди шира,
Олувларга айланди қўшув…
Йиғлашингдан наф йўқ, Гулчеҳра,
Ўғирланган юртнинг ҳоли шу!

30. 01. 2005.

х х х
х

Мени кўп алдади саратонда ел,
Баҳорларда ногоҳ қуйилгувчи сел,
Ҳаддин билмас бўрон – хўп девонадил,
Сен ҳам алдармисан, биринчи апрел?!

Умрим не йўлларда қолди, адашди…
Кўзим ёш… Бахтлисан, дея алдашди…
Ишон, деб, кўксимга нишон қадашди,
Сен ҳам алдармисан, биринчи апрел?!

Ялпиз кунларим йўқ, бари бургандай,
Қуёш юртимизни ёнлаб юргандай,
Алдов бизда муқим макон қургандай…
Сен ҳам алдармисан, биринчи апрел?!

Мен чўққиман, дея, чоҳи алдаса,
Янгининг эскича роҳи алдаса,
Гадоси алдаса, шоҳи алдаса,
Сен ҳам алдармисан, биринчи апрел?!

Нигоҳларнинг кўм-кўк дашти йўқолди,
Кўнгилларнинг жўмард шашти йўқолди,
Косасидан сабр тошди, йўқолди…
Сен ҳам алдармисан, биринчи апрел?!

Чув туширмоқ сенга – мартаба, шараф,
Қўймассан ҳолимга бир бора қараб,
Ҳатто мозоримни майсага ўраб,
Сен ҳам алдармисан, биринчи апрел?!

30. 01. 2005.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Кўрсатди у ношудликда йирикликни,
Тирик юриб, бузди чунон тирикликни…
… Ҳазар қилса керак энди ўликлар ҳам…

23. 02. 2005.

х х х
х

Баҳор, дерлар… Куз кўрдим,
Сариқ-сариқ юз кўрдим.

Дийдираган вужудлар,
Жовдираган кўз кўрдим…

Еганларин ёвғонлар,
Кийганларин бўз кўрдим.

Бахтни чорак, нимчорак,
Балони юз-юз кўрдим.

Ишончларни вайрона,
Кўнгилларни муз кўрдим.

Шеър учун, қўшиқ учун
Йиғлаб турган сўз кўрдим.

Боиси – юрт тўрида
Юҳо-ялмоғиз кўрдим…

23. 02. 2005.

х х х
х

Салом берсам, ғамлар алик олади,
Ўксиб турган дамлар алик олади.

Порлаб яшнагани боқмагай қиё,
Тугаётган шамлар алик олади.

Ўзим каби кемтик, ўзим каби танг,
Бир дунёси камлар алик олади.

Мумтоз кўнгли ярим, зукко умри хор,
Доно боши хамлар алик олади.

Хор-зор билма, ғофил, Гулчеҳрани сен,
Минг-минг кўзи намлар алик олади…

23. 02. 2005.

ТЎРТЛИКЛАР

1.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Дерларки, макр-ла алдаб сен бизни,
Ўзни мақтатишга чунон устасан…
… Номинг тилга олиб, халол оғизни
Харом айламакни наҳот истасам?!
24. 01. 2005.

2.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Ўзин қонуний, деб даъво қилади
Қонунларни топтаган зотлар.
… Айтинг, юртга қандай даво қилади
Заҳри қотил тўла сизотлар?!

27. 01. 2005.

3.

Қарашлар хотиржам, мамнун қарашмас…
Онг караш… Руҳ караш… Тиллар карашмас…
Эй дўстим, ярадор букунда «оҳ»ни
Уй-уйда айтишлар ҳечам ярашмас…

4.

ҚАБР ТОШИМДАГИ ЁЗУВ

Мункайишлар Гулчеҳрани ўлдирди,
Энкайишлар Гулчеҳрани ўлдирди.
Бу юртни оёғи остида эзиб,
Кеккайишлар Гулчеҳрани ўлдирди…

30. 01. 2005.

5.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Ўғри баландлатар ҳавозасини,
Қават-қават этар дарвозасини…
«Кошки тезроққина ўқишса, – дейман, -
Харом кунларининг жанозасини».

18. 02. 2005.

6.

Ватан, бағринг диёнатли, гул маъво бўлсин,
Ватан, сендан тинглашларим дилнаво бўлсин!

Тилаганим сенга, жоним, бахт-у камолот,
Сенсиз бахтни орзу этсам, нораво бўлсин!

7.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Билмам, уйқунгизда на туш яшайди?
Кайфингиз бехушми ё хуш яшайди?
Аммо билганим шу: ул кўнглингизда
Вайронани севар бойқуш яшайди…

06. 03. 2005.

8.

Кўнглим бутун эмас. Кўр: синиқлардан…
Ҳатто руҳга тўлган нур синиқлардан…
Мен – зил армонларнинг фарзанди гўё,
Туғилганман гўё хўрсиниқлардан…

07. 03. 2005.

9.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Устозингиз – мен англамас ҳис,
Устозингиз – зарга, шонга ҳирс…
Мақсудига борми етганлар,
Устоз бўлса энг жирканч иблис?!

08. 03. 2005.

10.

Қуёш гул-чечакни хўп хандон этгай,
Бундан гул ўзини хуш андом этгай.
Тикони ҳам пайдо… Биз эса беғам…
Беғамлик ғамни, о, минг чандон этгай…

10. 03. 2005.

11.

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Диёнатнинг кўзларин ўйди,
Адолатни қўй каби сўйди…

Энди бўлса ваҳмга ем у:
Гўрин четдан ҳозирлаб қўйди…

11. 03. 2005.

12.

Олис-олисларда бирам ширин турар
ОЗОДЛИК.
Ўлаётган бўлсам, аниқ, тирилтирар
ОЗОДЛИК!

23. 03. 2005.

13.

Айтармишлар: «Ким ўзи у?»
На Чотқол, на Хисорман.
Шу тупроқдан яралган-у
Шу тупроққа нисорман…

14.

БИР ЭРКАК…

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

«Даҳо ўзимман», – деб мудом уқдирар,
Даҳо кўрса борми, зумда бўғдирар.
Оҳ, уруғи сероб, уруғи сероб:
У одам ўрнига ФИТНА туғдирар…

15.

Етишаман, деб турганда озодликка, ҳурликка,
Кўз тегдими бу тупроққа, кўз тегдими бирликка?
Хотин-қизлар ҳаёсини этишгандай қатлиом,
Эрларини бичишгандай… Яролмаслар шерликка…

06. 10. 2005.
16.

Исмим кулар, лекин ичим йиғлайди,
Эҳтимол сўрарсиз: «Нечун йиғлайди?»

Қулдор авваллари етти ёт эди,
Энди ўзимиздан учун йиғлайди…

17.

Ғамлар фақат ғамнокни танлар,
Янчилади руҳим гурзида.
Андижоннинг қонин тўкканлар
Ўлтиришар ҳамон курсида…

18.

Рауф… Шукур… Озод акамиз…
Қонмабди-да нафси заминнинг.
Букун йўқлаб, кўзёш тўкяпмиз
Буюк инсон – Неъмат Аминни…

22. 10. 2005.

19.

Тулки эркин…
Лочинларнинг зўри ҳибсда…
Қарға эркин…
Булбул билан қумри ҳибсда…
Гулчеҳра, сен дафтарингга ёзиб қўй шундоқ:
“Мўматалоқ бу кунларнинг умри ҳибсда…”

20.

Селлар тезобига келиб урилдим,
Шумнинг каззобига келиб урилдим…
Энди қувноқ сўзни қандоқ ҳам топай? -
Элим азобига келиб урилдим…

08. 12. 2005.

х х х
х

Осмон ғолиб… Булутлар ғолиб…
Шамол, ёмғир, сел, ўтлар ғолиб…
Боқишади мисли файласуф,
Мен уларга бир умр толиб…

Лол этади доно фикратлар,
Оғир-босиқ феъллар, ҳикматлар…
Ҳайратларга тушганим тушган,
Нечоғ дилкаш бунда суҳбатлар.

Тан бераман улар ройига,
Ҳасратларин тўкмас зоега.
Кези келса, шахтни шахт ушлаб,
Исъённи ҳам қўяр жойига…

10. 03. 2005.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

У паст экан…
Айтишгандай, у паст экан,
Кўтаролмай қолди баланд рутбалар ҳам…

12. 03. 2005.

х х х
х

Март дийдирар… Тоқат бўлар тоқ
Қолдиқ қишнинг аҳмоқлигидан.
Сургим келар атрофга шу чоғ
Олча гулин оппоқлигидан.

Бас яшамоқ диққинафаслик,
Зуғмларни доим кечириб…
Кетмайдими зиқлик, қафаслик
Йўқликларнинг бағрида чириб…

Орзу сари боссак-чи оёқ,
Фараҳларда отсак-чи қулоч…
Эркин-эркин ўйларга шу чоғ
Тополмасак наҳотки илож?!

Қачонгача адолат етим?
Қачонгача қалтирайди ҳақ?

Зулмларнинг нимталаб этин,
Наҳот, наҳот бўлолмасак халқ?!

Биз – нотавон, ожизми шунча?..

12. 03. 2005.

х х х
х

Шомлар кутдим бахтимни интиқ,
Уни кутдим яна саҳарлаб…
Юзи чўтир, ияги тиртиқ
Ул бахтимни қўйди заҳарлаб.

Ғам йўллари равон ҳар доим,
Равон келмас сира бахт лекин.
Энди хаёл – машғулот жойим,
Ёшлар сийлар текиндан-текин.

Оҳи ошкор, умиди йиртиқ
Маҳзун онлар эгар бошимни.
… Юзи чўтир, ияги тиртиқ
Уволига қолсин ёшимнинг…

12. 03. 2005.

х х х
х

Бу кун чарақлаган чақмоқ сўзлар йўқ,
Бағри ўт, кўзлари чақноқ сўзлар йўқ.

Уларни бозорга солди шоирлар,
Сотиб, мансаб, унвон олди шоирлар.

Кунлар шеърсиз қолди, ўлди ҳайратлар,
Ҳаяжон, эҳтирос, шавқ-у ғайратлар.

Иффат шоҳсупага чорланмас энди,
Одамлар риёдан орланмас энди.

Уларнинг муттасил нидолари – ПУЛ,
Танҳо топингувчи худолари – ПУЛ!

Тасаввур ногирон, тафаккур майиб,
Улкан-улкан қалблар қолмиш пучмайиб…

Оҳким, кўринмайди бирон-бир тирак,
Оҳким, таназзулдан ҳар ён чирпирак…

Боиси – кўзлари чақноқ сўзлар йўқ,
Ҳавони софловчи чақмоқ сўзлар йўқ…

22. 03. 2005.

КАЛТАБИНЛИК

Бечоранинг бор на милтиғи,
На қиличи, на бирон тиғи…
… Отмоқчи лек ётиб қолгунча…

11. 08. 2005.

х х х
х

Бўзлар менга ўргатишди
Сипо либос кийишни.
Кузлар менга ўргатишди
Дилхунларга куйишни.

Тўлқин мудом емиргувчи
Қирғоқларга кетдик, қалб.
Муттасил мунг симиргувчи
Қароқларга кетдик, қалб.

Шулар менга шавкат-у шаън,
Юрагимга ўтишсин.
Кунларига яролмаган
Кунларимга ўт тушсин!

6. 10. 2005.

х х х
х

Ифор-ифор оқ, қизил
Атргулга суқим бор.

Фиғони тизим-тизим
Шоҳ булбулга суқим бор.

Суқланаман чақмоқнинг
Қарс-қурс эҳтиросига,
Нигоҳлари чақноқнинг
Қилич – ихтиросига.

Энг улкан ёвим – фириб,
Ҳайхот, қон силқар қалбман.
Ўксийман туриб-туриб:
Қилич бўла олмабман…

06. 10. 2005.

х х х
х

Оҳ, нечоғ истадим, чиққувдайин жон,
Суякларим қирс-қирс кетгувдай синиб:
Кўз олдимда халқим турсин фаровон,
Юрайин бахтидан қувнаб, исиниб.

Сим-сим ёшлар тўкиб, қилдим муножот
Танҳо мусаввирим – яратганимга:
«Шу халқим кўнглини айлай қол обод,
Бахт бер икки кўзни қаратганимга.

Кетсин манглайининг лати, қашқаси,
Ғурур ила боқай озод-ҳуримга…»
… Олий илтижонинг бундан бошқаси
Сиғмас, сиғмас шу он тасаввуримга…

06. 10. 2005.

МУСТАҚИЛЛИК
МАРСИЯСИ

1.

Баҳорги лойқа сувлар
Кузда тиниқ тортгайди,

Рўёб топиб орзулар,
Янгисига йўртгайди,
Ёзги узун ёғдулар
Узун сурур тутгайди,
Оҳким, умринг қайғулар
Таъқибидан ортмайди,
Баҳордай мунис халқим,
Абгор-у унсиз халқим!
2.
Боқмайин қай фаслингга,
Сен учун талон чиқди,
Энг аввало азмингга
Ўч чиқди, қирон чиқди,
Дўнавердинг мазлумга,
Еганинг ёвғон чиқди,
«Мустақиллик келди», – деб
Суюндинг, ёлғон чиқди,
Илони тўп-тўп халқим,
Иблислари кўп халқим!

3.

Қўпди фитна сипоҳи,
Беркилди тонг дарчаси,
Сел бўлди кунлар оҳи,
Синди орзу арчаси,
Йўқолди само моҳи,
Шамс-у юлдуз – барчаси,
Бўлди қирғин гувоҳи
Толиблар шаҳарчаси,
Орзуси обод халқим,
Муроди барбод халқим!

4.

Бунгача Ўш, Паркентлар,
Фарғона қон қақшовди,
Бўка, Ўзган… Зар кентлар
Зор-у гирён қақшовди,
Оҳдан солиб жар кентлар,
Ёши уммон, қақшовди,
Титраб-титраб ҳар кентлар,
Ҳар хонумон қақшовди,
Тун-у куни дуд халқим,
Бағри хунолуд халқим!

5.

Булар камдай, шўрлик, сўнг
«Ур-сурчи»га чиқдингми?
Маломатнинг, ҳўрликнинг
Тик буржига чиқдингми?
«Эмакла… чоп… кўзни юм…
Ёт… тур-чи»га чиқдингми?
Кийдиришиб бўлак тўн,
Террорчига чиқдингми? -
Ватани нурли халқим,
Манглайи шўрли халқим!

6.

Матбуотинг ёзарким:
«Бефаросат, омисан…»
Сийратингни чизарким:
«Расволикка сомесан…»
Ёзар: «Доно юртбошинг,
Сен – хомларнинг хомисан…»
Боқсам, сабр-бардошнинг
Тўлиб кетган жомисан,
Тақдири ўйин халқим,
Оғриқли ўйим – халқим!

7.

Оғзингдаги нонгача
Бир-бир юлиб олдилар,
Миянгдаги онггача
Жоҳил бўлиб олдилар,
Эътиқод-иймонгача
Ўчга тўлиб олдилар,
Танангдаги жонгача
Итдай улиб олдилар,
Туркистон, Турон халқим,
Мушфиқ, ногирон халқим!

8.

Ҳийла қизиди бот-бот,
Дашт-у уммон қатли ом…
Кимда-ким асл шерзод,
Асл иймон – қатли ом…
Мард Шавриқ Рўзимурод,
Эмин Усмон – қатли ом…

Бедодликдан девди дод,
Сор Андижон – қатли ом…
Ким ўзи, оҳ, биз, халқим?
Ялписи махбус халқим!

9.

Бефаросат, бебошинг
Дўнди бегинг, бойингга,
Эга чиқди қуёшинг,
Эга чиқди ойингга,
Ариқ-ариқ кўз ёшинг
Айланди-ку сойингга,
Сенга фидо ҳар бошинг
Чиқаверди хоинга,
Тишлаб қолдинг мум, халқим,
Йиғладим юм-юм, халқим!

10.

Ёшларимни артмоққа
Меҳрибон қўл соғиндим,
Андуҳларни отмоққа
Қарқара йўл соғиндим,
Шарҳи дилни очмоққа
Шарҳи булбул соғиндим,
Етишолмай Широққа,
Соғиндим, мўл соғиндим,
Сен учун, она халқим,
Менга дурдона халқим!

11.

Бас, бас-э, бундай тузоқ
Йўлларнинг пулсироти,
Эртакдан чиқсин тезроқ
Алпомишлар Ғироти,
Туёғи чақиб чақмоқ,
Бўла қолсин нур оти,
Нурли умрингни кўрмоқ
Борки умрим муроди,
Бесар, беривож халқим,
Рўшноликка оч халқим!

12.

Ечса қонли кулоҳни
Бўларкан-ку, десинлар,

Элни ғажир суллоҳни
Ўларкан-ку, десинлар,
«Истак» номли булоқни
Тўларкан-ку, десинлар,
Гулчеҳра ҳам кулмоқни
Биларкан-ку, десинлар,
Жонга яна жон халқим,
Онам, онажон халқим!

13.

Чеҳрангдаги кулгунгни
Кўрмасам, тинчирманми?!
«Эрк» аталмиш юртингни
Қурмасанг, тинчирманми?!
Қурсанг, кўзга илкингни
Сурмасам, тинчирманми?!
Ўпмай озод мулкингни,
Минг қасам, тинчирманми?! -
Узун фарёдим, халқим,
Бахти – муродим, халқим!

14.

Истарманки, изингнинг
Ҳар сўқмоғи гулласин,
Нурлантириб юзингни,
Аллоҳ ўзи қўлласин,
Чақмоқ этиб сўзингни,
Жўмардлигинг мўлласин,
Сенинг бахтинг қизингни
Сўнгги йўлга йўлласин,
Орқамдаги тоғ халқим,
Бошимда байроқ халқим!

15.

Майитман-у десанг «оҳ»,
Кафанларни отгайман,
Яна қайта тубсиз чоҳ
Азобига беткайман,
«Уф»ларимнинг баногоҳ
Давомини тортгайман,
Бўлсанггина эркка шоҳ,
Гўримда тинч ётгайман,

Қуёшим, ойим, халқим,
Танҳо хумойим, халқим,
Бир манглайга битилган
Икки дунёйим, халқим!

07.10.–29.11.2005.

х х х
х

Либосини ечиб, ёшини тўкиб,
Ўйчан эдим, баттар ўйлантирар куз.
Ҳеч ким уқа билмас кўнглимни уқиб,
Мени хайронага айлантирар куз.

Дейди: «Ошкор-ошкор китобдай ўқил.
Сенинг айтар сўзинг – биргина ҲАҚдир.
Тўкил, тўкил, тўкил, сарғайиб тўкил,
Бизга фақат шундоқ битилган тақдир!»

09. 10. 2005.

х х х
х

Туйғуларга эрди оро
Шўх «Андижон полкаси».
Бобуршоҳнинг юрти, зеро,
Эҳтирослар ўлкаси.

Қийқиришиб, шох ташловчи
Йигитларни отдилар,
Халолликка, бахтга овчи -
Бургутларни отдилар.

Ҳақ исташиб эрди, ўққа
Нишон бўлди нидоси.
«Чиқсин, – деди ИБЛИС, – йўққа
Эътиқоди, худоси».

Ёт эмасди, «Атай қилиб
Кетди, – десанг, – чап-қия…»
Ўзиники келиб-келиб
Ўзагини узди-я…

Ўзиники ёвдан баттар
Зидлигини кўрсатди,
Ўзиники қутирган хар,
Итлигини кўрсатди…

Бобуршоҳга Ватан эди
Эҳтирослар ўлкаси…
Қонига ғарқ, инграр энди
Оҳ, «Андижон полкаси» …

09.10. 2005.

х х х
х

- Бизлар ўзи киммиз, ҳай?
- Қовурға синдирганмиз.
Ўзимиз эшак минмай,
Эшакни миндирганмиз…

- Бизлар ўзи киммиз, ҳай?
- Очолмасдан оғизни,
Топар-у емай-ичмай,
Тўйдирамиз тўнғизни.

- Бизлар ўзи киммиз, ҳай?
- Риёлардан задамиз.
Байроқдорин тополмай,
Тўзиб юрган тўдамиз.

- Бизлар ўзи ким, ёҳу?
- Тўйганмиз оҳ-нидодан.
Кўзларимиз ёшли-ю
Умидимиз Худодан…

10. 10. 2005.

х х х
х

Оппоққинам, оқ қушим,
Аҳволимга боқ, қушим,
Безиб кетдим дунёдан,
Бўлгани сиртмоқ, қушим.

Жавдираган элим бор,
Дилимда минг тилим бор.
Шафқатсиз бу дунёда
Яхшиямки, ўлим бор…

18. 10. 2005.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Бу менми -
Норасо дунёдан тўйиб,
Расо оламини яратиб олган?
Бунда олов ва сув бир-бирин суйиб,
Айро тун-у кунлар уйқаш туролган…

Бу сенми -
Кибрни қучгувчи тўйиб,
Қувватлар олгувчи худбин, муз тундан?
… Расо телбаликлар телбага йўйиб,
Расо ман-манликлар кулар устимдан…

22. 10. 2005.

ЎН ОЛТИ ЙИЛНИНГ
СИЙРАТИ

Бу йилларнинг қандай экан сарҳисоб сўзи?
Кейингилар бирон хушрўй топарми улги?
Нима ўзи, нима ўзи, нимадир ўзи
Бу йилларнинг сийратида асосий белги?

Мен нечоғлик хуш белгилар изламай ҳаргиз,
Бунёд этиб ҳар юракда қиёмат қойим,
Қўллари қон, кўзи тўймас, энг маккор иблис
Бу йиллардан боқаверар кўзимга доим.

Ўйлагандим: «Эрки бўлса миллат дастида,
Тонглар оппоқ отгувсидир, ниятлар тоза…»
Бир манфурнинг майли ила оёқ остида
Нобуд бўлган йиллар учун очяпман аза…

08. 12. 2005.

х х х
х

Итқитишди пастларга…
Қалам олдик дастларга…
Аёвли бўлмоқ нечун
Аёви йўқ касларга?!

Қалам – нур кийиш учун,
Ийдириш, ийиш учун…
Мен-чи, олдим қўлимга
Итни ит дейиш учун…

Қалам – поклик масъули…
Мен – маҳзунлар маҳзуни.
Айб айлама, набирам,
Бизлар – зулм маҳсули…

08. 12. 2005.

х х х
х

Олдин кундузларга улаб тунларни,
Саҳаргача бедор бўлардим олдин.
Энди-чи… Таланган, бўм-бўш кунларни
Санашдан бўлакка яролмай қолдим.

Ҳайдагим келади сурбет мунгларни,
Шеър ёзгим келади хуш ният билан.
Таланган, топталган, бўм-бўш кунларни
Тўлдиргим келади ҲУРРИЯТ билан…

08. 12. 2005.

х х х
х

Ютоқман, хўп ютоқман,
Қуриёзган бутоқман.
Неча йилдир, неча йил
Бир хабарга муштоқман.

Ўтаверар баҳор, ёз,
Кузак, қаҳратон аёз…

Лекин менинг қаршимга
Хушхабар чиқмас пешвоз.

Эл яшар ёна-ёна,
Мудом талайди кана…
Қонхўр умри бунча ҳам
Узун бўлар экан-а…

08. 12. 2005.

х х х
х

Тож деб талашганни кўп кўрдик бизлар,
Тожга муносиби қайдайкин, дўстлар?

08. 12. 2005.

х х х
х

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Этмоқчисан номимни қаро,
Ташлаб қўйдинг ситамлар аро,
Тутарсан ҳам оғулар, аммо
Қарғишларим қолгайдир тирик.

Шеърларим бор – ёдимга ёзиқ,
Улар – менга тасалли, озиқ.
Гоҳи шаддот, гоҳида босиқ
Нолишларим қолгайдир тирик.

Озод нафас мендан бегона,
Ҳамнафасим – ғамлар ягона,
Оҳим ўқиб вазмин, халқона,
Дилхушларим қолгайдир тирик.

Миллатим бор – жафокаш, туйғун,
Йўлларида туранғи, юлғун,
Зарбларингдан юзлари сўлғин,
Сарғишларим қолгайдир тирик.

Бўлгаймикин мени йўқотиб?!

08. 12. 2005.

х х х
х

Ёмғирларга хаёл ила тутаман қулоқ,
Қўлларимдан келари, бу – қофия жуфтлаш.
Фикрламоқ, ғамдан «уф»лаб, қувончдан кулмоқ,
Номардларнинг юзларига хаёлан туфлаш…

Қўлларимдан келари, бу – жойнамоз узра
Йиғлаб-йиғлаб, шу тупроққа тилаш рўшнолик.
Хаёлларда тик ташлашиб ғаддор-ёвуз-ла,
Ғалабанинг сурурига руҳан ошнолик…

Қизим нимдош халатига солади ямоқ,
Оғир-оғир сукунатга тўлади хонам.
Қўлларимдан келари, бу – сени ўйламоқ,
Мунис халқим, меҳнаткашим, шикаста онам…

09. 12. 2005.

х х х
х

Осмон бежо. Ерга йўналган
Ёмғирларнинг тик шалоласи.
Гўё кўкдан топмиш қўналға
Мамадали Маҳмуд ноласи.

У Ватанни Куброга ўхшаб
Севар эди ёрдай, онадай…
Неча йилки, сиҳати қақшаб,
Шўрлик ётар хибсхонада.

Шоирларни атовди: «Кўрким!
Миллат учун сизлар диёнат!..»
Ўксинади: Абдулла, Эркин
Қилгани-чун халққа хиёнат.

«Олинажак, берилмайди ҳақ!» -
Беҳбудийдан бу калом эди.
Ўртанар у: оғиз очса халқ,
Андижондай қатли ом энди…

Бало-қазо қанотин ёзиб,
Бу ўлкани ямлаб юрибди.

Ўртанар у: ғамлар тутқазиб,
Бахт бу юртни ёнлаб юрибди…

09. 12. 2005.

х х х
х

Тақдир судралади, шошмайди тақдир,
Ситам сўқмоқлари узундан-узун.
Донишманд сўзлари, эҳтимол, ҳақдир:
«Қандайин халқ бўлса, ўшандай тузум…»

Кўравериб, бўлди хаёлларим талх,
Одамхўр, фирибгар, юҳо касларни.
Сўрамай ҳаддим йўқ, онажоним халқ,
Қачон туға қолдинг бундай пастларни?!

Қачон туға қолдинг отабезори,
Онабезорилар сулоласини?
Хароми кимсалар макри, озори
Юртнинг булғади-ку зилоласини.

Шу боис бизлардан юз бурмиш барор,
Шу боис ҳуррият очмагай талъат.
Шикаста Ватаннинг корига ярар
Алплар ўстирмаган аёлга лаънат!

10. 12. 2005.

х х х
х

Оҳанграбо нурларини сочар шон-шуҳрат,
Шон-шуҳратга ёпишгандан қочар шон-шуҳрат…

10. 12. 2005.

х х х
х

Ғаройиб миш-мишлар кезар юрт аро:
«Ҳар ойда қонини янгилармиш шоҳ…»

Нима қилсам экан мен мотамсаро?
Ўзимни майдонда ёқсамми, валлоҳ?!

Нима қилсамки мен, оғироёқли
Аёлларнинг жуфти топширмасин қон?
Тахтиравонидан телба сиёқли,
Нима қилсамки мен, йиқилсин ҳоқон?

Жуда оғир яшаш, истибдод туйиб,
Бесамар ўйларга бойланиб қолмоқ…
Жуда осон ҳозир телбадан куйиб,
Қип-қизил телбага айланиб қолмоқ…

10. 12. 2005.

х х х
х

Паҳлавон йўқ. Ерга тегиб бўлган кураклар.
Куйишмас ҳам ситамларнинг йириклигига.
Ловулламас, тутаб ётар гулхан юраклар,
Кўплар яшар, шукур қилиб тириклигига.

Тўрт фаслининг тундлигидан хўрсинади ер,
Қуёш ўзбек боши узра хуноб юрибди.
Қай гармсел, бу ўлканинг паноҳиман, дер,
Қай сел эса, бу ўлкани тунаб юрибди…

11. 12. 2005.

х х х
х

Энди эҳтиёж йўқ эҳтиросларга,
Энди юрак торин бўлмайди чертиб…
Истеҳзоли боқиб оқ қоғозларга,
Ёзган шеърларимни ташлайми йиртиб?!

Муҳаббат либосин отмиш бу дамлар,
Қаровсиз мамлакат, керак, деркан, нон.
Шеърни нима қилсин гадой одамлар?!
Шеърни нима қилсин руҳлар ногирон?!

Осмон – оддий гумбаз…
Шавқ эмас гулхан…
Шеър ёзмай қўйганнинг билгани билган…
… Шеърлар ўқишмайди, ёзишмайди ҳам,
Ундан таскин топиш ҳисси сўйилган…

11. 12. 2005.

This entry was posted in "Йиғларман" - 2005. Bookmark the permalink.

Comments are closed.